Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Марказий Осиё музликлар эриётгани туфайли сув танқислиги таҳдиди остида экани айтилди
Музликларнинг жадал эриши Марказий Осиё мамлакатларида жиддий сув танқислигига олиб келиши мумкин. Бу ҳақда Жаҳон метеорология ташкилотининг (WMO) «2025 йилда глобал иқлим ҳолати» йиллик ҳисоботида айтилади.
Фото: AdobeStock
WMO маълумотларига кўра, 2024/2025 гидрологик йили бутун кузатувлар тарихидаги музликлар учун энг вайронкор йиллардан бири бўлди. Уларнинг ҳажм йўқотиши 1950 йилдан бери энг ёмон бешталикка кирди, рекорд даражадаги салбий кўрсаткичларнинг аксарияти 2016 йилдан кейин қайд этилган.
Айниқса, бу жараёнлар Марказий Осиё учун катта хавф туғдирмоқда. Помир, Тян-Шан ва Ҳиндикуш музликлари минтақанинг энг йирик дарёлари - Амударё, Сирдарё, Зарафшон ва Панжни тўйинтиради, Қирғизистон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг сув таъминоти, қишлоқ хўжалиги ва экотизимлари шу дарёларга боғлиқ.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, қисқа муддатда эришнинг тезлашиши сув оқимини оширади, аммо кейинчалик бу, айниқса қурғоқчил даврларда, дарёлар сатҳининг барқарор пасайишига олиб келади. Бу босқични гидрологлар «сув чўққиси» деб атайди, шундан сўнг узоқ муддатли танқислик бошланади.
Таъкидланишча, дарёларнинг юқори қисмида йирик гидроэнергетика иншоотлари қурилиши вазиятни янада мураккаблаштирмоқда. Хусусан, Тожикистонда Роғун ГЭС қурилиши давом этмоқда, Қирғизистонда эса Қамбарота ГЭС-1 қурилиши режалаштирилган. Ушбу лойиҳалар табиий оқим режимини ўзгартириши ва дарё экотизимларига қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Мутахассислар иқлим ўзгариши ва дарёларни тартибга солишнинг уйғунлашуви дельталар ва қайир ҳудудлари, жумладан, Оролбўйи минтақаси ҳолатининг ёмонлашишига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.
WMO музликларнинг жадал қисқариши сув ресурсларини бошқариш ёндашувларини қайта кўриб чиқишни талаб қилишини таъкидлайди, чунки сув минтақада барқарор ривожланиш ва давлатлараро муносабатларнинг асосий омили бўлиб қолмоқда.
Мавзуга оид
17:30 / 25.03.2026
Қўштепа, Орол, Роғун ва сув танқислиги – вазир билан суҳбат
09:04 / 23.03.2026
Олмалиқдаги 3-мис бойитиш фабрикаси дунёдаги йирик корхоналар қаторидан жой олди
10:13 / 21.03.2026
Президент: Наврўзнинг тинчлик ва ҳамкорлик ғоялари бугун янада долзарб
11:55 / 19.03.2026