Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Kun.uzʼга интервю берди. Суҳбат давомида Шавкат Ҳамроев сув танқислиги, уни тежаш ва қишлоқ хўжалигида рационал фойдаланиш, Орол бўйича лойиҳалар, Қўштепа каналининг қурилиши ва Ўзбекистоннинг Афғонистон билан музокаралари, Роғун ГЭС ва бошқа масалаларда фикрини баён қилди. Вазир Қўштепа каналига тўхталаркан, муаммо лойиҳада эмас, афғонларнинг кейин қанча сув олишида эканини айтиб ўтди.

Сув хўжалиги вазири – Шавкат Ҳамроев билан суҳбат бу йилги мавсумда қишлоқ хўжалиги ва томорқа ерлари учун кутилаётган сув таъминоти прогнозларидан бошланди. Унинг айтишича, баҳор анча ёғингарчиликларга бой келди, лекин инфратузилма, яъни ерларга етиб борувчи ариқлар, суғориш насослари, ерларнинг ҳолати бунга тайёр бўлмаса, бари бекор. Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни чуқур қази дейилган, демак сув кам-кўплиги эмас, уни қандай ерларга етказиш муҳим, дейди вазир. 

Ирригатор ва сув масалалари бўйича экспертлар Ўзбекистонда ариқ ва каналларнинг бетонлаштирилиши ҳақида турли фикрларга эга. Баъзилар бетонлаштириш катта харажат бўлгани сабаб жойларга пластик қувурлар билан сув етказиш самаралироқ деган фикрда. Бу ёндашувга вазир Ҳамроев ўз муносабатини билдирар экан, Ўзбекистонда ҳам у, ҳам бу, яъни ҳам бетонлаштириш, ҳам пластик қувурлар тажрибасидан фойдаланилаётганини айтди. 

Вазирнинг қўшимча қилишича, мавжуд сувларнинг камида 30-40 фоизи ерга сингиб, парланиб кетади. Бетонлаштирилган ҳолатда эса сувнинг йўқотилиши камаяди. 

Марказий Осиё ҳақида гап кетганда бугун тилга олинадиган асосий муаммолардан бири – сув. Минтақа аҳолиси мунтазам кўпайиб бормоқда, сувга бўлган талаб ҳам доим юқори. Бундан ташқари, Марказий Осиё кучли иқлим ўзгариши ва қурғоқчилик, сув тақчиллиги муаммоси билан юзлашмоқда. Шундай шароитда минтақа давлатлари биргаликда қарор қабул қилиши жуда муҳим. 

Вазирга кўра, сўнгги 9-10 йилдан бери минтақавий мулоқот тикланди, аввал мутлақо диалог бўлмаган. Биз бир-бировимизнинг қора кунимизда биргамиз, дейди у. 

“Биласизми, аввал шу мулоқотлар йўқ эди. Ҳозир бир стол атрофида йиғиляпмиз, давлатлар бир-биримизни тушунамиз. Масалан, биз қишда электр берамиз, ёзда сув оламиз. Шундай қилиб келишиб ишламасак бўлмайди”, - дейди Шавкат Ҳамроев. 

Вазир билан суҳбатда Орол фожиаси ҳақида ҳам гаплашдик. Эътиборлиси шундаки, ҳукумат аъзоси русларнинг нотўғри сув сиёсати сабаб Орол қуриган, деган эҳтимолга тўлиқ қўшилмайди. Бутун карераси сув хўжалигида ўтган Шавкат Ҳамроевнинг шахсий таҳлилига кўра, Орол қуришининг асосий сабаби – экологик омиллар.