Ўзбекистон | 19:00 / 15.12.2019
16184
2 дақиқада ўқилади

Жанубий Кореядаги ўзбек маҳалласида сайлов: улар янги депутатлардан нима кутмоқда?

Фото: KUN.UZ

12 декабрдан бошлаб вакиллик органлари депутатлигига сайловларда муддатидан олдин овоз бериш жараёнлари нафақат Ўзбекистон, балки хорижда ҳам давом этмоқда.

Бугун, 15 декабр куни Жанубий Кореянинг Тегу, Ансан ва Киме шаҳарларида сайёр сайловлар ташкил этилди.

Kun.uz'нинг Жанубий Кореядаги мухбири Элдор Воҳидов Киме шаҳридаги 55-сайлов участкасида бўлиб, жараённи кузатиш билан бирга шу шаҳардаги «ўзбек маҳалла» ҳаёти билан ҳам танишди.

Шунингдек, мухбиримиз сайловчиларнинг янги сайланадиган депутатлардан қандай ташаббуслар кутаётгани билан қизиқди.

«Matiz машинасини Кореяда 400 долларга сотиб олса бўлади, Ўзбекистонда эса бунинг учун 3000 доллар керак. Лекин ойлик маош ўртасида тафовут катта. Маҳсулотлар нархи ошишига мутаносиб равишда ойлик маошни ҳам кўтариш керак, деб ўйлайман», – дейди сайловчилардан бири.

«Таълим соҳасида Корея анча илдамлаб кетганлиги сир эмас. Академик жамият бу юртларда яхши ривожланган. Бўлажак депутатларга таклиф сифатида шуни айтмоқчиманки, Ўзбекистонда илм аҳлини қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратиш ва таълим муассасаларининг ўзаро рақобатини кучайтиришга оид қонун лойиҳаларни ишлаб чиқиш фойдали бўлган бўлар эди», – дейди овоз бериш учун келган бошқа бир фуқаро.

Кўчма сайлов участкаларининг ташкил этилиши Корея Республикасининг жанубий ҳудудларида истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари томонидан ижобий баҳоланди. 250га яқин сайловчи ўз ҳуқуқидан фойдаланиб овоз берган бўлса, сайлов жараёнига бепарво муносабатда бўлиб, унда қатнашмаган ватандошлар ҳам учраб турди.

Ушбу мамлакатда тадбиркорлик билан шуғулланаётган ўзбеклар томонидан сайловчиларга эҳсон ошлари тарқатилди.

Маълумот учун, Жанубий Кореяда яшаётган сайловчилар 22 декабрь, якшанба куни овоз бериш учун Ўзбекистоннинг Сеулдаги элчихонаси ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг Квангжудаги ваколатхонасига боришлари мумкин.

Мавзуга оид