Спорт | 18:34 / 14.01.2026
9602
5 дақиқада ўқилади

Агар яхши ўйнасак, Ўзбекистон бутун дунёдан мухлислар орттиради – Шомуродов

Ўзбекистон миллий жамоаси ва Туркиянинг «Истанбул Бошоқшеҳир» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ФИФА сайтига катта интервю берди ва ЖЧ-2026 мусобақаси ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.

Фото: FIFA

Ўзбекистон миллий жамоаси ва Туркиянинг «Истанбул Бошоқшеҳир» клуби ҳужумчиси Элдор Шомуродов ФИФА сайтига катта интервю берди.

30 ёшли футболчи тушунтирганидек, жаҳон чемпионати саҳнасига чиқиш имконияти унга нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун катта ғурур бағишлайди.

«Биз ҳис қилаётган туйғуни сўз билан ифодалаш жуда қийин. Нафақат биз, футболчилар, балки бутун Ўзбекистон ушбу жаҳон чемпионати йўлланмасини хоҳлади ва шундан сўнг ҳамма натижадан жуда мамнун бўлди, чунки ҳаммамиз бу халқимиз ва мухлисларимиз учун нимани англатишини тушундик. Шунинг учун бу биз учун жуда муҳим», деди Шомуродов.

«Нафақат Ўзбекистондан, балки Марказий Осиёдан ҳам кўплаб футбол мухлислари саралашдан ўтганимиздан сўнг бизни табриклади. Адашмасам, Қозоғистон президенти ҳам қайсидир тадбирда Ўзбекистон президентини табриклади. Агар ҳозир яхши ўйнаб, ижобий ўйин кўрсатсак, Ўзбекистон миллий жамоаси бутун дунёдан мухлислар орттиради», деб қўшимча қилди у.

Колумбия, Португалия ва Конго ДР, Ямайка ёки Янги Каледония билан бирга К гуруҳига кирувчи «оқ бўрилар» Мехико, Ҳюстон ва Атлантадаги ўйинларда шов-шув кўтаришга ҳаракат қилади. Жаҳон чемпиони Фабио Каннаваро бош мураббий экани ҳисобга олинса, Шомуродов ўз мамлакати Шимолий Америкада шов-шувга сабаб бўлишига ишонади.

«Мен (қуръадан олдин) ким билан ўйнашимиз унчалик муҳим эмаслигини билардим. Ҳозирги вазифамиз - гуруҳ босқичидан ўтиш, қолгани тақдир қўлида. Албатта қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Мамлакатимиз шарафини ҳимоя қиламиз ва шунинг учун астойдил меҳнат қилиб, Ўзбекистон дунёнинг энг кучли жамоаларидан бири эканини дунёга кўрсатамиз. Бироқ, катта ваъда бера олмаймиз. Баъзилар бизни аутсайдер деб ўйлаши мумкин, аммо бизнинг вазифамиз бу тасаввурни рад этиш ва бундай фикрларни яхши томонга ўзгартиришдир», деди у.

Шомуродов 22 ёшида ватанини тарк этиб, Россиянинг Ростов шаҳрига кўчиб ўтди. Кейинчалик, қисқа муддат Италиянинг Генуя шаҳрида бўлиб, 2021 йилда «Рома»га қўшилди. Кейинги мавсумда у Европа клублар турнирида ғолиб чиққан биринчи ўзбекистонлик бўлди. «Рома» УЕФА Конференциялар лигаси чемпионлигини қўлга киритди. Шомуродов айни дамда Туркия Суперлигасида «Бошоқшеҳир» сафида ижарада ўйнамоқда ва янги йилни 17 ўйинда 12 гол ва 3 голли узатма билан энг яхши тўпурар сифатида бошлади.

Шомуродов «Манчестер Сити» ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ва жамоадоши Аббосбек Файзуллаев билан биргаликда ўзбек истеъдодларининг ёш авлодини илҳомлантиришда давом этиш имконияти борлигини англамоқда.

«Ўйлаб қарасам, мендан олдин [Европада ўйнаган] бир неча футболчи бор эди холос. Ҳозир биз буни қила олишимизни кўрсатдик ва футболчилар Ўзбекистонни тарк этиб, Европанинг кучли жамоаларининг бир қисмига айланаётганини кўрдик. Бу нафақат миллий жамоамиз, балки ўзбек футболи учун ҳам фойдали бўлади, деб ўйлайман», деди у.

«Ўзбекистонда одамлар ҳар доим футболни яхши кўрган ва миллий жамоанинг катта мухлиси бўлган. Болалигимда жамоамиз жаҳон чемпионатига чиқа олмаганини ва мухлислар қайғуга ботганини эслайман. Сўнгги йилларда эришган ютуқларимиз, президентнинг спорт ва футболни биринчи ўринга қўйгани туфайли бугун мухлисларнинг футболимизга бўлган муносабати ўзгарди», деб қўшимча қилди Шомуродов.

«Футболчиларимиз бутун Европа бўйлаб ўйнай бошлади, инфратузилма кенгайди ва ёшлар учун имкониятлар яратилди. Буларнинг ҳаммаси ҳозир чиндан ҳам ўз самарасини бера бошлади. Энди жаҳон чемпионатида қатнашишимизни билганимиздан сўнг, албатта, кўплаб ўзбекистонликлар у ерга боришни режалаштирмоқда. Умид қиламанки, уларнинг иштироки бизга худди ўз халқимиз олдида ўйнаётгандек туйғу беради. Биз биламизки, кўплаб ўзбеклар Америкада яшайди - уларнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиш ва бизни қўллаб-қувватлашини билиш жуда руҳлантиради ва кейинги босқичга чиқишга ёрдам беради», деди у.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид