Спорт | 10:15
5065
2 дақиқада ўқилади

Ироқ ЖЧнинг сўнгги иштирокчисига айланди

Ироқ миллий жамоаси қитъалараро плей-оффда Боливияни мағлуб этиб, ЖЧ-2026 йўлланмасини қўлга киритди. Мундиалга йўлланмани қўлга киритган 48 жамоа номи ва гуруҳлар таркиби тўлиқ аниқ бўлди.

Фото: Getty Imagеs

Тошкент вақти билан 1 апрел куни Мексикада Ироқ ва Боливия миллий жамоалари қитъалараро плей-офф финалида жаҳон чемпионатига охирги йўлланма учун майдонга тушишди. Ўйин Осиё жамоасининг 2:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

ЖЧ-2026 — Қитъалараро плей-офф. Финал
Ироқ — Боливия — 2:1
Голлар:
Али ал-Ҳамадий 10 (1:0), Мойзес Паниагуа 38 (1:1), Айман Ҳуссайн 53 (2:1)

Ўйиннинг 10-дақиқасида Али Ал-Ҳамади ҳисобни очди. Танаффусга етти дақиқа қолганида Мойсес Паниагуанинг саъй-ҳаракатлари билан боливияликлар ҳисобни тенглаштиришди. 53-дақиқада эса Айман Ҳуссайн яна Осиё жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.

Қолган вақт давомида жанубий америкаликлар тўлиқ устунликка эришган бўлишса-да, ҳисобни тенглаштира олишмади ва жаҳон чемпионатидан қолиб кетишди.

Ироқ эса Осиёнинг жаҳон чемпионатига йўлланма олган тўққизинчи вакили бўлди. Бунгача қитъадан Япония, Жанубий Корея, Эрон, Ўзбекистон, Иордания, Австралия, Саудия Арабистони ва БАА йўлланмани кафолатлаган эди.

Энди ироқликлар миллий жамоаси мундиалда Франция, Сенегал ва Норвегия билан бир гуруҳдан жой олади.

АҚШ, Канада ва Мексика мезбонлигида ўтадиган жаҳон чемпионати 11 июн куни бошланиб, 19 июлда якунланади. Турнирда илк бор 48 жамоа иштирок этади.

Жаҳон чемпионатида иштирок этувчи 48 жамоа номи ва гуруҳлар таркиби аниқ бўлди:

 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид