Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ФИФА Нигерия эътирозини рад этди – Конго ДР Ўзбекистон билан бир гуруҳдан жой олиш учун курашади
Африка футболида катта можаро: ЖЧ-2026 йўлланмаларидан бири учун кураш майдондан ташқарида кечмоқда. ФИФА Нигериянинг Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси таркибидаги эҳтимолий қоидабузарликлар бўйича шикоятини рад қилди. Энди нигерияликлар халқаро Спорт арбитраж судида (CAS) «адолат излашга» уриниб кўради. Ҳолат Ўзбекистон миллий жамоасининг ЖЧ-2026 гуруҳ босқичидаги эҳтимолий рақибини ўзгартириши мумкин.
ФИФА тартиб-интизом қўмитаси Нигерия футбол федерациясининг Конго Демократик Республикаси миллий жамоаси устидан берган шикоятини рад қилди. Бу ҳақда ESPN Нигерия футбол федерациясига (НФФ) таяниб хабар берди. НФФ зудлик билан апелляция жараёнини бошлаганини маълум қилди.
Аввалроқ, НФФ конголиклар таркибидаги бир неча футболчи фуқаролик ҳақидаги ФИФА талабларини бузгани бўйича эътироз билдириб, ушбу миллий жамоага техник мағлубият ёзган ҳолда ЖЧ-2026 саралаш ўйинларидан четлатишни талаб қилган эди.
«Биз ФИФА Тартиб-интизом қўмитасининг аризамиз бўйича қарорини олдик, бироқ аризамиз рад этилган қарор бизни қониқтирмайди», деди НФФ бош котиби Муҳаммад Сануси. «Нигерияликларни ишонтириб айтаманки, НФФ зудлик билан қарор устидан шикоят қилиш жараёнини бошлади».
Энди шикоят Спорт арбитраж судига (CAS) юборилиши кутилмоқда, аммо апелляция жараёни 26 март куни – қитъалараро плей-офф бошлангунга қадар якунланиши даргумон.
Конго ДР футбол федерацияси бу хабарга муносабат билдирмади.
Можаро мазмуни
2025 йил ноябр ойида Конго ДР миллий жамоаси Африка плей-оффида Нигерияни мағлуб этди (асосий вақтда 1:1 ва пеналтилар сериясида 4:3). Бу конголикларга ЖЧ-2026 йўлланмаси учун қитъалараро плей-офф ўйинларига йўлланмани тақдим этди. Нигерия эса ЖЧ-2026 йўлланмасидан маҳрум бўлди.
Декабрда АҚШ пойтахти Вашингтонда ЖЧ-2026 гуруҳ босқичига қуръа ташланди. Ўзбекистон миллий жамоаси K гуруҳида Португалия, Колумбия ва саралашдан ўтадиган яна бир жамоага (Конго ДР/Ямайка/Янги Каледония) қарши ўйнаши маълум бўлди.
Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР фуқаролик ва миллий мансубликни ўзгартириш талабларига жавоб бермайдиган ўйинчилардан фойдалангани ҳақида ФИФАга расмий шикоят билан чиқди.
Шикоят нимага асосланган
Нигерия футбол федерацияси (НФФ) Конго ДР таркибидаги 9 нафаргача футболчи фуқароликни ўзгартириш тартибини бузган деб ҳисобламоқда - уларда Европа паспорти бор, аммо Конго ДР қонунларига кўра икки фуқароликка рухсат берилмайди.
Нигерияликларнинг таъкидлашича, бу футболчилар Европа паспортидан воз кечмаган ва Конго ДР футбол федерацияси ФИФАни миллий фуқаролик ҳужжатлари билан «чалғитган».
ФИФА футбол қоидаларига кўра, футболчидан фақат мамлакатнинг амалдаги паспорти талаб қилинади. Аммо Конго ДР фуқаролик қонунчилиги бўйича икки фуқаролик тақиқланган. Ушбу ҳолат шикоятга сабаб бўлган.
Конго ДР футбол федерацияси барча ўйинчилар ФИФА томонидан маъқулланганини ва майдонга тушиш ҳуқуқига эга эканини таъкидламоқда ва Нигерияни майдондаги мағлубиятдан сўнг «орқа эшикдан бостириб киришга» уринишда айбламоқда.
Дастлаб ФИФА 2025 йил декабр ойида футбол қоидалари учун футболчи вакил бўлган мамлакатнинг амалдаги паспорти бўлиши етарли эканини айтиб, шикоятни рад қилган эди. Аммо феврал ойи ўрталарида бир қатор оммавий ахборот воситаларида (жумладан, The African Mirror ва Eye Witness News) ФИФА Тартиб-интизом қўмитаси ўйин пайтида футбол фуқаролигини ўзгартириш жараёни тугалланмаган «Х футболчи» учун ишни қайта кўриб чиқаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.
ФИФА қароридан кейин, энди НФФ халқаро Спорт арбитраж судида (CAS) «адолат излашга» уриниб кўради.
Мавзуга оид
09:41
Каннаваро, ички муҳит, аламли 11 гол ва Роналдуга қарши жанг: Рустам Ашурматов билан эксклюзив суҳбат
20:06 / 03.07.2026
Жаҳон чемпионатида бир нечта футболчи допинг билан қўлга тушди
12:17 / 03.07.2026
ЖЧ кундалиги. Роналдуда тарихий гол, Модричда аламли якун
12:01 / 03.07.2026