Ўзбекистон | 23:39 / 11.12.2020
17169
5 дақиқада ўқилади

Хивада Тош ҳовли саройининг девори ўзбошимчалик билан бузиб ташланди

Бир йил олдин деразасига «Акфа» ўрнатилган тарихий сарой энди деворининг бир қисмидан айрилди. Сурхондарёда эса Кампиртепа қалъасининг девори қулагани бўйича прокуратура текширув бошлайди.

Фото: Telegram / “Восток и вокруг”

Ўзбекистонда сўнгги икки кунда 2та маданий мерос объекти билан боғлиқ нохуш хабарлар жамоатчиликда эътирозларни келтириб чиқарди.

Маълум бўлишича, Хива шаҳридаги Тош ҳовли саройининг девори хусусий корхона томонидан бузилган. ЮНЕСКО рўйхатидаги саройда ўтказилаётган таъмирлаш ишлари учун Маданий мерос департаментидан рухсат олинмаган.

Бошқа бир ҳолатда эса Марказий Осиёда антик даврнинг энг қадимий ёдгорликларидан бири – Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа қалъаси девори қулаб тушди. Маданий мерос департаменти девор қулашига кучли ёмғир сабаб бўлган бўлиши мумкинлигини билдирди. Академик Эдвард Ртвеладзе эса бу қасддан қилинганига ишонмоқда.

Ҳар иккала ҳолат бўйича прокуратура текширув ўтказиши кутиляпти.

Тош ҳовли: Бир йил олдин деразасига «Акфа» ўрнатилган тарихий сарой энди деворининг бир қисмидан айрилди

Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти маълумотига кўра, Тош ҳовли саройи 1832–38 йилларда қурилган бўлиб, 1997 йилда – Хива шаҳрининг 2500 йиллиги муносабати билан қисман таъмирланган. Таъмирни «Хоразм махсус илмий таъмирлаш ишлаб чиқариш» устахонаси олиб борган.

Аниқланишича, саройнинг шарқий томонидаги девор қисми бузилишига сабаб – буюртмачи ташкилот «Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонаси бўлиб, «Сургут нефть строй» пудратчи хусусий корхонаси томонидан жорий йилнинг 8 декабрь куни девор тепа қисми бузилган.

«Ичан-Қалъа» давлат музей-қўриқхонасида ҳар қандай таъмирлаш-тиклаш ишлари Департамент қошидаги Илмий-эксперт кенгаши хулосаси асосида бажарилиши ва ЮНEСКО билан келишиш зарурлиги аниқ белгиланган бўлса-да, лойиҳа кенгашга киритилмаган ва саройда таъмирлаш-тиклаш ишлари лойиҳасиз олиб борилган.

Ҳозирда департамент ходимлари томонидан Тош ҳовли саройида таъмирлаш-тиклаш ишлари тўхтатилган. Ноқонуний олиб борилаётган таъмирлаш-тиклаш ишлари тўғрисида ҳуқуқ-тарғибот идораларига ҳужжат тайёрланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бир йил олдин – 2019 йил декабрида Тош ҳовли саройи деразаларидан бирига «Акфа» алюмин роми ўрнатилган, жамоатчилик эътирозидан сўнг у олиб ташланган эди. Маданият вазирлиги иш прокуратурага оширилишини хабар қилганди. Текширув ўтказилганми-йўқми, номаълум: на прокуратура ва на Маданий мерос департаменти кейинчалик бу ҳақда маълумот бермади.

Тарихий саройга алюмин профилли ром ўрнатганлар кимлиги ва кўрил(ма)ган чоралар ҳақида бир йилдан буён маълумот берилмади.

Окс Александрияси: Олим қалъа девори қасддан бузилганини, департамент эса кучли ёмғир ҳам сабаб бўлиши мумкинлигини билдирди

Сурхондарё вилоятидаги Кампиртепа (Окс Александрияси) археологик ёдгорлиги милоддан аввалги IV аср охири – милодий II асрларга оид. Ушбу қалъа Марказий Осиёда антик даврнинг энг қадимий ёдгорликларидан биридир.

Бу ерда ЎзФА академиги Эдварт Ртвеладзе 40 йилдан буён илмий тадқиқот ва қазилма ишларини олиб бормоқда. Академик 1990–2000 йилларда ёдгорликнинг шарқий қисмида реставрация ишларини олиб борган. Реставрация ва реконструкция ишлари, жумладан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) ва АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси молиявий кўмаги билан амалга оширилган.

2018 йилда эса республика бюджетидан ёдгорликнинг ғарбий деворида таъмир-тиклаш ишлари олиб борилган.

Маданий мерос департаментига кўра, ўтган ноябрь ойида кучли ёмғирлар ёғиши натижасида ёдгорликнинг жанубий-ғарбий деворининг ўрта қисми консервация қилинмагани сабабли қулаб тушган.

Фото: Nuz.uz

Аммо Эдварт Ртвеладзе ноябрь ойида тарихий объектга борганида «барчаси жойида бўлгани»ни айтмоқда.

«Барчаси жойида эди. Унинг қулаб тушишидан далолат берадиган белгилар йўқ эди. Бундай вайронагарчиликни юзага келтирадиган кучли зилзилалар қайд этилмаган. Шунингдек, уни ювиб юборишга қодир кучли ёғингарчилик ҳам кузатилмаган. Ҳеч нарса бўлмади», – дея академикнинг сўзларини келтирмоқда Nuz.uz.

Мавжуд суратларни ўрганган Эдвард Ртвеладзе вайронагарчилик «қасддан қилингани»га ишонмоқда.

Фото: Nuz.uz

«Буни кимдир ёки кимлардир атайлаб қилган. Ўзбекистонимизда бундай даҳшатли воқеа рўй берганидан хорижлик ҳамкасбларим қаршисида уятдаман. Ахир Кампиртепа дунё археологик фанига Окс Александрияси сифатида кирган. Биз шунча йил иш олиб борган топилмамиз билан фахрланамиз – энди эса уни асраб қола олмадик. Бу шармандалик, шахсан мен учун шармандалик!» – дейди олим.

Маданият вазирлигининг Маданий мерос департаменти ходимлари академик Ртвеладзе билан суҳбатдан сўнг, Бош прокуратурага мурожаат қилишга қарор қилган.

Фото: Nuz.uz

Бундан ташқари, археологнинг тавсияси асосида реставрация ишларини баҳорда бошлаш учун деворнинг бузилган қисми мустаҳкамловчи воситалар ёрдамида қалин плёнка билан ёпилиши мумкин. Қулаган деворни Эдварт Ртвеладзе бошчилигида тиклаш республика бюджетидан 2021 йилда таъмирланадиган моддий мерос объектлари дастурига киритилади.

Мавзуга оид