Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Рецидивист” ҳайдовчининг бир йил ичидаги 45-қоидабузарлиги 5 кишининг ўлими билан тугади
Жорий йил 21 ноябр куни “Тошкент-Термиз” автомобил йўлининг Шароф Рашидов тумани ҳудудидан ўтган қисмида даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Lacetti йўлни кесиб ўтаётган Isuzu юк машинасига келиб урилган. Lacetti ҳайдовчиси ва тўрт йўловчиси воқеа жойида ҳалок бўлган. Isuzu ҳайдовчиси йил давомида 44 марта қоидабузарлик содир этгани маълум қилинган.
Kun.uz мухбири Жиззах вилоятида бўлиб, ҳодиса жойидан махсус репортаж тайёрлади.
Воқеа гувоҳларидан бири – Раҳматулла Эралиевнинг айтишича, Lacetti юк машинасига келиб урилгач, қисқа вақт ичида ёнғин чиққан. Шу сабабли ҳудудда бўлган одамлар ёрдам кўрсатишнинг имконини топа олмаган. Натижада машина ичидаги барча инсонлар нобуд бўлган.



Гувоҳнинг таъкидлашича, бу нуқтада аввал ҳам одам ўлими билан боғлиқ авариялар содир бўлган. Чунки автоёқилғи қуйиш шохобчасидан чиққан кўплаб автомобиллар вақтдан ютиш мақсадида қалтис ҳаракат қилиб, белгиланмаган нуқтадан қайрилиб олишга уринган. 21 ноябрдаги фалокат ҳам мана шундай ҳолатлардан бири бўлиши мумкин.
ИИБга кўра, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Isuzu ҳайдовчиси эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.
Биз ҳодиса жойини кўздан кечирганимизда, ўша қайрилиб олиш нуқтаси ҳақиқатан ҳам анча ноқулай ҳудудда жойлашгани эътиборимизни тортди. Автоёқилғи қуйиш шохобчасидан чиққан кўплаб транспорт воситалари белгиланган нуқтадан айланиб келиш ўрнига қоидани бузиб, йўлнинг қарама-қарши томонига ўтиб олишга ҳаракат қилмоқда.


“Ўзйўлкўприк” кластери давлат муассасаси Жиззах филиали директори Темур Эрбўтаевга кўра, ушбу ҳудудда сўнгги йилларда кўплаб аҳолига хизмат кўрсатувчи объектлар ишга тушган.
“Қайрилиб олиш нуқтаси очилган вақтда йўлнинг икки томони ҳам бўш ерлар эди. Буни вилоят Автомобил йўллари бош бошқармасининг 2018 йилда тасдиқланган махсус паспортида ҳам акс этган. Ҳозирги кунга келиб ҳудудда ҳаракат анча ортганини кўришимиз мумкин. Хусусан, автоёқилғи қуйиш шохобчасидан чиққан транспорт воситаларини тартибга солиш мақсадида бу нуқтада қайрилиб олиш мумкин эмаслигини кўрсатувчи белгилар ўрнатилган. Шундай бўлишига қарамай, Isuzu юк машинаси нотўғри ҳаракат қилган. Ваҳоланки, бир километр масофада “заправка”дан чиққан машиналар учун махсус қайрилиб олиш жойи бор”, - дейди Эрбўтаев.


Темур Эрбўтаев ҳудудда ҳаракат сўнгги йилларда кескин ортгани ва юқоридаги каби ҳолатларга сабаб бўлаётганини ҳисобга олиб, қайрилиб олиш нуқтасини кўчириш ёки умуман ёпиш таклиф қилинишини билдирди.
Исомиддин Пўлатов, Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.
Мавзуга оид
19:02 / 01.04.2026
“Техпаспорт”нинг амал қилиш муддати 2026 йил 1 апрелдан кейин олинган гувоҳномаларга тааллуқли бўлади
12:16 / 01.04.2026
“Техпаспорт”ни ҳар 5 йилда янгилаш талаби киритилди
10:55 / 01.04.2026
Қоидабузарлик учун ким жавобгар бўлишини белгилаб қўйиш нархи – 41 минг сўм
16:30 / 30.03.2026