Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Янги дунё тартиботи одатда урушлардан кейин шаклланади” — экспертлар БМТ ислоҳоти ҳақида
БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессияси ҳам ташкилотни ислоҳ қилиш чақириқларисиз ўтмаяпти. Kun.uz суҳбатлашган экспертлар Камолиддин Раббимов ва Ҳамид Содиқнинг сўзларига кўра, БМТни ислоҳ қилиш деганда, БМТ Хавфсизлик кенгашини ислоҳ қилиш тушунилади, буни амалга ошириш эса жуда мураккаб. Халқаро тартиботнинг тубдан ўзгариши келгусида АҚШ–Хитой уруши натижаларига кўра рўй бериши мумкин.
Айни кунларда Ню-Йоркда БМТ Бош ассамблеясининг 79-сессияси бўлиб ўтмоқда. Унда бир қатор давлатларнинг президентлари, бош вазирлари, ташқи ишлар вазирлари қатнашиб, нутқ сўзламоқда.
БМТ бундан 79 йил олдин, Иккинчи жаҳон уруши тугаганидан сўнг тузилганди. Унинг бош вазифаси – дунёда тинчликни таъминлаш, жаҳон урушларининг олдини олишдир. Бироқ айни пайтда жаҳонда 100 дан ортиқ қуролли урушлар давом этаётгани БМТ ўз стратегик вазифасини уддалолмаганидан далолат беради.
Ташкилотнинг энг муҳим икки институти – Хавфсизлик кенгаши ва Бош ассамблея. Хавфсизлик кенгашида муайян қарорни қабул қилиш жуда қийин, чунки кенгаш қарорлари қабул қилиниши учун 5 нафар аъзодан ҳеч бири вето қўлламаслиги керак. Бу ҳуқуқ эса доимий аъзоларга ўз манфаатини самарали илгари суриш имконини беради.
Ҳуқуқшунос Ҳамид Содиққа кўра, Хавфсизлик кенгашига аъзо давлатларнинг ташқи сиёсатида икки стандартлилик бор. Демократик мамлакатлар ўз ҳудудида либерализмни таъминлаган, адолатли сиёсат юргизади, лекин ўз ҳудудидан ташқарида адолатсиз қадамлар ташлайди. Давлат раҳбарларининг Бош ассамблея сессияларига борган сари камроқ бораётгани унинг ҳам роли тушганидан далолат, дейди у.
БМТ асосий вазифаси – урушларнинг олдини олиш вазифасини бажара олмаяпти. Шу билан бирга, соғлиқни сақлаш, очарчилик каби муҳим гуманитар масалаларда ўз вазифаларини бажаряпти. Шу сабабли бундай ташкилот керак, лекин бугунги кўринишида эмас, дея қайд этади Ҳамид Содиқ.
Сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрича, ташкилотни ислоҳ қилиш ташаббуслари ўн йиллардан бери янграйди. Хавфсизлик кенгашига аъзолик учун давлатлар ҳаракат қилади, бироқ ичкаридаги 5 давлат бунга йўл бермайди. Украина, Ғазодаги урушлар билан боғлиқ муҳим резолюциялар кўпчилик овози билан қабул қилинмоқда, лекин амалий эмас, кўпроқ сиёсий ва маънавий аҳамиятга эга бўлиб қоляпти.
Дунёда қайта қуролланиш авж олган, рақобат кайфияти ошиб бормоқда. Россия ва Украина ўртасида уруш давом этаётган бўлса-да, АҚШ учун энг катта рақобатчи бу Хитой. Демак, келажакда юз бериши мумкин бўлган энг катта уруш АҚШ ва Хитой ўртасида бўлиши мумкин. Миллатлар лигаси ва БМТ икки жаҳон урушидан сўнг тузилгани инобатга олинса, БМТнинг туб ислоҳоти ҳам кейинги йирик урушдан сўнг бўлиши мумкин, дейди экспертлар.
Шоҳрух Мажидзода суҳбатлашди.
Мавзуга оид
23:18 / 21.01.2026
Германия нега Вашингтонга қарши чиқмади?
22:39 / 21.01.2026
Агар Путин ва Зеленский тинчлик шартномасини тузмаса, улар аҳмоқ бўлади – Трамп
22:11 / 21.01.2026
Бу бизнинг ҳудуд – Трамп Гренландия ҳақида
21:15 / 21.01.2026