Жаҳон | 22:11 / 21.01.2026
1303
3 дақиқада ўқилади

Бу бизнинг ҳудуд – Трамп Гренландия ҳақида

АҚШ президенти Доналд Трамп Гренландияни Қўшма Штатлар томонидан сотиб олиниши масаласида зудлик билан музокараларни бошлашни талаб қилди. Бу ҳақда у Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида сўзлаган нутқида айтиб ўтди.

Фото: Reuters

Трамп ўз нутқида Данияни танқид қилиб, мамлакатни Гренландияни ҳимоя қилиш учун жуда заиф деб атади. У Гренландия Қўшма Штатларга «миллий ва халқаро хавфсизлик» учун кераклиги ҳақидаги асосий тезисини такрорлади.

«Бу улкан ҳимояланмаган орол аслида Шимолий Американинг бир қисмидир. Бу бизнинг ҳудуд», деб қўшимча қилган Трамп. У нутқи давомида, шунингдек, АҚШ Иккинчи жаҳон урушидан кейин оролни Данияга қайтариб бериб, «аҳмоқлик қилганини» айтди.

«Мен Гренландияни Қўшма Штатлар томонидан сотиб олинишини яна бир бор муҳокама қилиш учун зудлик билан музокаралар олиб боришга интиламан», деди Трамп.

АҚШ президенти «бу катта чиройли муз бўлагини» олиш учун куч ишлатмаслигини таъкидлади. «Биз ҳеч қачон ҳеч нарса сўрамаганмиз ва ҳеч нарса олмаганмиз. Агар мен ҳаддан ташқари куч ва зўравонлик ишлатишга қарор қилмасам, эҳтимол, ҳеч нарса ололмасмиз. Лекин мен бундай қилмайман», деб қўшимча қилган Трамп.

Қўшма Штатлар етакчиси сўзларига кўра, унинг Гренландияни АҚШга қўшиш таклифи НАТО учун таҳдид бўлмайди. «Бу бутун алянс, НАТО алянси хавфсизлигини сезиларли даражада мустаҳкамлайди», деди у.

«Биз сўраётган нарса - Гренландия, шу жумладан, унга нисбатан мулк ҳуқуқи. Чунки уни ҳимоя қилиш учун мулк ҳуқуқи зарур. Уни ижара шартларида ҳимоя қилишнинг иложи йўқ», деди Трамп.

«Уларда танлаш имконияти бор. Улар «ҳа» дейиши мумкин ва биз жуда, жуда миннатдор бўламиз. Ёки улар «йўқ» дейиши мумкин ва биз буни эслаб қоламиз», деб қўшимча қилди Трамп.

Гренландия - Даниянинг автоном ҳудуди. Доналд Трамп сўнгги ҳафталарда АҚШ оролга даъвогарлиги ҳақида бир неча бор гапирган. Гренландия ҳукумати АҚШ бир қисми бўлишни истамаслигини айтди. Аввалроқ Оқ уй Гренландияни сотиб олишни таклиф қилган, бироқ куч ишлатиши мумкинлигини ҳам истисно қилмаган эди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид