Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Германия нега Вашингтонга қарши чиқмади?
Германиялик ҳарбийларнинг Гренландияни тарк этиши НАТО ичидаги муносабатлар қанчалик мустаҳкам экани ҳақидаги саволларни кучайтирди. Трамп омили сабаб алянс ичида сиёсий позициялар тобора фарқланиб, АҚШнинг кескин ташқи сиёсати Европа давлатларини мураккаб танловлар олдида қолдирмоқда. Kun.uz’нинг “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар АҚШ ва иттифоқчиларининг алянс доирасидаги муносабатлари хусусида сўз юритди.
Германиялик ҳарбийларнинг Гренландияни тарк этиши НАТО ичидаги бирдамлик йўқлигини англатадими?
Камолиддин Раббимов: НАТО таркибида доим турли позициядаги давлатлар бўлган ва бу ҳолат ҳозир ҳам сақланиб қолмоқда. Масалан, Туркияда Эрдўған ҳокимиятга келганидан сўнг мамлакатнинг ташқи сиёсий ёндашуви сезиларли даражада ўзгарди. Мусулмон давлати сифатида у кўплаб масалаларда Ғарбий блокдан фарқли позиция тутмоқда. Худди шунингдек, бугун Венгрия бош вазири Виктор Орбан ҳам Россиядан арзон газ ва нефт олиш масаласида НАТО ичида кўпинча муросасиз позиция эгаллайди. У аксарият ҳолларда ҳаммага қарши чиқиб, охир-оқибат вето ҳуқуқидан савдолашув воситаси сифатида фойдаланади ва маълум имтиёзларга эришгач, қарорини ўзгартиради.
Бироқ ҳозирги вазият аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. НАТО тарихида илк бор алянс ичидаги энг асосий давлат АҚШнинг ўзи тизимни ичкаридан ларзага солмоқда. Таъсир даражаси жиҳатидан АҚШ НАТОда камида 70 фоизлик улушга эга. Қолган давлатлар Буюк Британия, Франция, Германия, Канада ва бошқалар жамланганда ҳам қолган 30 фоизни ташкил этади. Бунинг сабаби оддий: АҚШ глобал мудофаа харажатларининг қарийб 40 фоизини ўз зиммасига олади. Масалан, Афғонистон ва Ироқдаги урушлар даврида дунё бўйича ҳарбий харажатлар 1,5 триллион долларни ташкил этган бўлса, шундан 250 миллиард доллари фақат АҚШ ҳиссасига тўғри келган. Бу оддий мудофаа бюджети эмас, балки реал уруш харажатлари эди.
Бугун ҳам Доналд Трамп ижтимоий дастурлар ва халқаро ёрдамларни қисқартирган бўлса-да, Пентагон бюджетини оширди. Чунки у глобал қудратни айнан ҳарбий куч орқали ўлчайди. Натижада НАТО ичидаги давлатлар ҳозир нима қилишни ва қандай йўл тутишни билмай қолган. Энг аввало, улар Трампнинг сиёсатидан жиддий хавотирда ва унга очиқча “йўқ” дейишдан чўчимоқда.
Франция президенти Эммануэл Макрон айрим масалаларда Трампга қарши чиқаётган бўлса-да, НАТО бош котиби Марк Рутте Трамп билан ёзишмаларда эҳтиёткор ва ҳатто ҳаддан ташқари мулойим оҳангни танламоқда. Германия ҳам АҚШ билан тўқнаш келишни истамайди. Шу сабабли Трампнинг норозилигини юмшатиш учун айрим муаммоли масалаларда тезда орқага чекинмоқда. Европанинг бошқа давлатлари ҳам худди шундай иккиланиш ҳолатида.
Буюк Британияда эса вазият янада мураккаб. Доналд Трамп ўтган йил иккинчи бор давлат ташрифи билан қироллик томонидан тантанали тарзда таклиф қилинди. Бу тарихий жиҳатдан ноёб ҳолат бўлса-да, айни пайтда Британия парламентида кескин баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ҳукумат Трампни қандай мувозанатлаштиришни ва унинг босимини қандай жиловлашни билмаяпти. Агар Доналд Трамп яна уч йил ҳокимиятда қолса, у жаҳон сиёсий тизимини шунчалик кескин ўзгартириб юборадики, уч йилдан сўнг дунёни ҳозирги ҳолатида таниб бўлмай қолиши эҳтимолдан холи эмас.
Исломхон Гаффаров: Гренландия масаласида Қўшма Штатлар тобора кучайиб бораётган босим ўтказмоқда. Тўғри, Доналд Трамп турли масалалар бўйича кескин баёнотлар қилган: Канадани 51-штат деб аташи, Панама канали ёки Афғонистондаги Баграм базаси ҳақида гаплари бунга мисол. Бироқ бу мавзулар вақт ўтиб сусайган. Гренландия масаласи эса, аксинча, бутун йил давомида изчил ва муқим тарзда кун тартибида сақланиб келмоқда.
Бу босим аввало, Гренландиянинг геосиёсий жойлашуви билан боғлиқ. АҚШ бу ҳудудни стратегик жиҳатдан муҳим деб баҳоламоқда ва масалани миллий хавфсизлик даражасига кўтармоқда. Шу билан бирга, Трамп ички аудиторияга масалани соддалаштириб тушунтирмоқда: “Агар биз Гренландияни ҳозир назоратга олмасак, уни Россия ёки Хитой эгаллаши мумкин”, деган риторика мунтазам такрорланмоқда. Бу ёндашув сиёсий жиҳатдан чуқур таҳлилдан кўра, кенг оммани қўрқитиш ва сафарбар этишга қаратилган. Амалда эса Россия ва Хитойнинг ҳозирча Гренландияни бевосита эгаллаш салоҳияти йўқ. Бу узоқ истиқболдаги тахмин, холос. Шунга қарамай, Трамп ушбу эҳтимолдан фойдаланиб, электоратини ишонтиришга ва агрессив ташқи сиёсатни оқлашга уринмоқда.
Германиянинг кичик ҳарбий контингенти Данияни қўллаб-қувватлаш мақсадида Гренландияга юборилган эди. Бироқ қисқа вақт ичида бу кучлар ортга қайтарилди. Расмий Берлин буни “миссия муддатидан аввал бажарилди” ёки “об-ҳаво шароити оғирлашди” деган изоҳлар билан тушунтирди. Аммо асосий сабаб бошқача: Германия АҚШ билан очиқ қарама-қаршиликка боришни истамаяпти. Бунга сабаб Германияда АҚШ ҳарбий контингентининг мавжудлиги ва Берлиннинг мудофаа соҳасида Вашингтонга боғлиқлигидир.
Франция президенти Эммануэл Макрон муайян даражада мувозанат яратишга ҳаракат қилаётган бўлса, Германия Трампнинг жаҳлини чиқармасликни афзал билмоқда. Бу ҳолат Германиянинг сўнгги қадамлари муросадан кўра, АҚШ сиёсатига мослашиш сифатида баҳоланиши мумкин.
Иккинчи ва ундан ҳам муҳим хулоса шуки, НАТО ичида ички емирилиш жараёни кучаймоқда. АҚШ бир томонда ўз йўлини танлаётган бўлса, Франция бошқа йўналишда фикр билдирмоқда, Германия эса сукутни афзал кўрмоқда. Натижада халқаро майдонда халқаро ташкилотларнинг роли аста-секин сусайиб бормоқда. Буни НАТО мисолида яққол кўриш мумкин. Доналд Трамп ҳатто НАТОнинг машҳур 5-моддаси ўзаро мудофаа мажбурияти масаласини ҳам шубҳа остига олди. Унинг баёнотларига кўра, бу механизм реал вазиятда ишлайдими ёки йўқми очиқ савол бўлиб қолмоқда.
Аввалги ўн йилликларда халқаро ташкилотларнинг нуфузи ошган эди. Бугунги кунга келиб эса давлатлар тобора кўпроқ ўз миллий манфаатларини биринчи ўринга қўймоқда. Халқаро тизим эса институтлардан кўра, куч ва манфаатлар мувозанатига таянган янги босқичга кириб бормоқда.
Суҳбатни тўлиқ YouTube'да томоша қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
22:26 / 07.06.2026
Бошловчи билан айтишиб кетган Трамп интервюни тўхтатди
22:20 / 06.06.2026
НАТО Украинага 70 млрд евролик ҳарбий ёрдам ажратиш масаласини муҳокама қилмоқда – ОАВ
18:46 / 06.06.2026
АҚШдаги ўзбекистонликлар огоҳлантирилди
08:40 / 06.06.2026