Ўзбекистон | 09:22 / 14.04.2020
5034
2 дақиқада ўқилади

Universal Mobile Systems модернизациясига 127,5 млн доллар берилади

Хитой Экспорт-импорт банки иштирокида Universal Mobile Systems МЧЖ мобиль алоқа операторининг технологик ускуналарини модернизация қилиш ва алоқа тизимларини кенгайтириш» инвестиция лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари қабул қилинди 

Фото: Dreamstime

2019 йилда 2019 – 2021 йилларда Universal Mobile Systems МЧЖни (Mobiuz мобиль алоқа операторини) ривожлантириш Концепцияси тасдиқланган. Ўша йили оператор ҳамда Нuawei Technologies Co. Ltd. компанияси ўртасида республика ҳудудини Интернет жаҳон ахборот тармоғига уланиш имкониятлари билан имкон қадар тўлиқ қоплашни таъминлаш мақсадида операторнинг технологик асбоб-ускуналарини модернизация қилиш бўйича инвестиция лойиҳасини амалга ошириш тўғрисида ўзаро англашув Меморандуми имзоланган. Лойиҳа Хитой Халқ Республикасининг Экспорт-импорт банки иштирокида амалга оширилади.
 
Norma’нинг ёзишича, операторга Huawei Technologies Со. Ltd. компанияси билан ҳамкорликда технологик асбоб-ускуналарни сотиб олиш учун шартномаларни босқичма-босқич тузишга рухсат берилади. Бунда лойиҳа доирасида тузиладиган импорт шартномалари қийматининг 85 фоизи Эксимбанк кредити ҳисобига, 15 фоизи эса операторнинг ўз маблағлари ҳисобига қопланади.     
 
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкининг 0,5 фоиз миқдоридаги маржасини ўз ичига олган 127,5 млн доллар миқдоридаги кредити 15 йил муддатга, 5 йиллик имтиёзли давр билан, йиллик 3,5 фоиз ставка билан берилади. ТИФ МБ 2 ой муддатда Эксимбанк билан қарз келишувини имзолайди. Лойиҳанинг умумий қиймати экв. 238 572,28 долларни ташкил этади. 
 
Оператор – қарз олувчи лойиҳани амалга ошириш, шунингдек кредитлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш учун жавобгар ҳисобланади. У кредитни, фоизларни тўлаш билан боғлиқ харажатларни, воситачилик ҳақини ва улар билан боғлиқ бошқа харажатларни ўз маблағлари ҳисобига тўлайди. Молия вазирлигига ТИФ МБнинг Эксимбанк олдидаги жалб қилинган кредит бўйича мажбуриятлари, шунингдек операторнинг ТИФ МБ олдидаги мажбуриятлари бўйича кафолат бериш ваколати берилди.  
 
Йил якунига қадар мамлакатда ишлаб чиқарилмайдиган, амалга оширилаётган лойиҳа доирасида олиб кириладиган телекоммуникация қурилмаларини божхона тўловларидан озод этиш юзасидан таклиф киритилади.
 
Ҳужжат 4.04.2020 йилдан кучга кирган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид