Жаҳон | 10:39 / 24.04.2026
6340
11 дақиқада ўқилади

Дунёдаги опий ва героин энг кўп тайёрланадиган жой — гиёҳванд моддалар макони бўлган Олтин учбурчак

Жанубий-Шарқий Осиёда Олтин учбурчак деб номланган жой бор. Бу ҳудуд Таиланд, Мянма ва Лаос чегаралари ўртасида жойлашган. Афғонистонда ҳокимият тепасига “Толибон” келгач, Олтин учбурчак дунёдаги гиёҳванд моддалар етиштирилувчи асосий маконлардан бирига айланди.

Жорий йил 21-22 апрел кунлари Самарқанд шаҳрида БМТ Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси билан ҳамкорликда “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусида глобал форум бўлиб ўтди.

Унинг очилиш маросимида президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди ва форум иштирокчиларига давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини ўқиб эшиттирди.

Форум иштирокчиларига — 50 дан ортиқ давлат вакиллари, 500 дан зиёд халқаро эксперт ва мутахассислар, шунингдек, БМТ, Интерпол, Европа Иттифоқи, МДҲ ва ШҲТ каби етакчи халқаро ташкилотлар делегатларига Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёевнинг мурожаатини етказиш мен учун катта шараф бўлди”, – дея ёзди президент администрацияси раҳбари ўз саҳифасида.

Бундай кенг миқёсдаги форумнинг Самарқандда ўтказилаётгани бежизга эмас. Ўзбекистон сўнгги йилларда гиёҳванд моддалар тарқалишига қарши курашда бир қатор ютуқларга эришди.

Бироқ бугун гиёҳвандлик балоси барибир дунё бўйлаб жиддий муаммолигича қолмоқда. Масалан, БМТ маълумотларига кўра, 2025 йилда дунёда тахминан 4 минг тоннага яқин кокаин, 3 минг тоннага яқин опий тайёрланган.

Қорадори ва бошқа гиёҳванд моддалар қайта ишланиб олинадиган героин ҳамда турли синтетик гиёҳванд воситаларининг қанча тайёрланаётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ.

Ташкилот ҳозирда дунёда гиёҳванд моддаларни истеъмол қилувчи ва уларга боғланиб қолган инсонлар сони 300 миллиондан ошганини айтади.

Бироқ бу рақам расмий равишда рўйхатга олинган нашавандларга тегишли. Рўйхатга олинмаган нашавандлар сони эса аниқмас. Шу сабабли уларнинг аниқ сони БМТ маълумотларида келтирилганидан анча кўплиги айтилади.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ маълумотларига кўра, дунёда ҳар йили гиёҳванд моддалар туфайли 600 мингдан ошиқ одам вафот этади.

Уларнинг бир қисми шприцлар орқали ОИТС юқтириб, бошқалари дозани ошириб юбориш ортидан нобуд бўлади. Норасмий маълумотларга кўра, ҳар йили гиёҳванд моддалар туфайли 1 миллиондан ортиқ одам вафот этади.

Гиёҳванд моддалар етиштирилувчи асосий ҳудудлар

Гиёҳванд моддалар етиштириш ҳақида гап кетганда одамлар дарров Афғонистон ва Жанубий Америкадаги Колумбия давлатини эслайди.

Бу бежизга эмас, Афғонистон яқин йилларгача гиёҳванд моддалар тайёрланувчи асосий давлат эди. Бироқ ҳокимият тепасига “Толибон” келгач, вазият бироз ўзгарди. Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш сезиларли камайди.

БМТ маълумотларига кўра, “Толибон” ҳокимият тепасига келганидан сўнг Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш 95 фоизгача камайган.

Афғонистонда гиёҳванд моддалар етиштириш камайган бўлса, унда ҳозирда бу давлатдан тарқалаётган “оғу” қаерда етиштириляпти, деган савол туғилиши табиий.

Маълумотларга кўра, “Толибон” ҳокимият тепасига келишидан аввал Афғонистонда етиштирилган кўп миқдордаги гиёҳванд моддаларнинг бир қисми захира сифатида сақланиб қолган ва улар “бозор”га энди чиқарилмоқда.

Яъни “Толибон” гиёҳванд экинлар экилишига қарши қаттиқ кураш олиб борди ва натижага эришди. Бироқ одамларнинг қўлида бўлган гиёҳванд моддалар савдосини тўхтата олмаяпти.

Энди Жанубий Америкага келсак, уларда қорадори эмас, асосан бошқа турдаги гиёҳванд модда – кокаин тайёрланади. Бу гиёҳванд модда кока ўсимлиги баргларидан олинади.

Кокаин олинадиган кока ўсимлиги плантацияси

Кокаин асосан уч давлат – Колумбия, Перу ва Боливия ҳудудида тайёрланади. Эквадор эса дунёда тайёрланадиган кокаинни бошқа давлатларга ўтказувчи асосий ҳаб ҳисобланади.

Афғонистон ва Жанубий Америкадан ташқари, дунёда яна бир ҳудуд борки, у ерда сўнгги йилларда дунёда етиштирилаётган қорадорининг ярмидан кўпроғи тайёрланмоқда. Бу юқорида эслаб ўтганимиз Олтин учбурчак ҳудуди.

Олтин учбурчак тарихи

Олтин учбурчак Мянманинг шимолий-шарқий, Таиланд ва Лаоснинг шимолий қисми туташган ҳудудда жойлашган. Унинг умумий майдони 200 минг км.кв.дан иборат.

Бу ҳудудга Олтин учбурчак номини АҚШ давлат мулозими Маршалл Грин берган. 1971 йилда у давлат департаментида гиёҳванд моддалар савдоси юзасидан ўтказилган матбуот анжуманида илк бор шу атамани қўллайди.

Олтин учбурчакда гиёҳванд ўсимликлар етиштириш тарихи 1950-йилларга бориб тақалади. Ўшанда Хитойдаги фуқаролар урушида коммунистлар ғалаба қозонади.

Мағлуб бўлган Хитой республикаси тарафдорларининг бир қисми (уларни Гоминданчилар ҳам дейишган) Тайванга, қолгани Бирмага, ҳозирги Мянмага қочиб ўтади.

Ўша пайтда эндигина Британиядан мустақил бўлган Бирма анча кучсиз бўлиб, бу давлат ўз ҳудудларини тўлиқ назорат қилолмасди. Шу сабабли Гоминдан армияси у ерга осон бориб жойлашади.

Хитойда ҳокимият тепасига келган коммунистлар гиёҳванд моддаларга ружу қўйганларга қарши аёвсиз кураш бошлайди. Шунда хитойлик нашавандлар ҳам Бирма шимолига, Гоминдан армияси назоратидаги ҳудудга қочиб ўтади.

Шундан сўнг Гоминдан армияси ўз таъминоти учун назорати остида бўлган ҳудудларда кўкнори етиштира бошлайди. Кўкнори шираси – опиум-қорадори асосан Таиландга юборилади ва у ердан дунёнинг турли бурчакларига тарқалади. Кейинроқ кўкнори экиш Лаос ва Таиланд шимолидаги назоратсиз ҳудудларга ҳам ёйилади.

1970-йилларда ҳали Афғонистонда қорадори олди-сотдиси авж олмаган ва афғон чоллари кўкнори пўчоғини шифобахш дори сифатида қайнатиб ичиб юрган пайтларда дунёда тарқатилаётган опий ҳамда героиннинг асосий қисми Олтин учбурчакда тайёрланарди.

Ҳатто АҚШга ҳам героин ва опий асосан шу жойдан борарди. Масалан, америкалик таниқли наркобарон Фрэнк Лукас Ветнам уруши давом этаётган пайтда бир неча йил Олтин учбурчакда тайёрланган тонналаб героинни ҳалок бўлган аскарларнинг тобутларига яшириб, АҚШга ташийди.

Ўша пайтларда Олтин учбурчакда тайёрланган опий ҳамда героиннинг АҚШда тарқатилиши Қўшма Штатлар ҳукумати учун жиддий муаммо саналган.

Опий ва героин тайёрлашда етакчи

Совет армияси чиқиб кетганидан сўнг 1990-йиллардан бошлаб Афғонистонда кўкнори экиш авж олади ва опий ҳамда героин ишлаб чиқариш ҳажми ошади.

Афғонистон опий ва героин ишлаб чиқарилувчи асосий мамлакатга айланади. Ўз навбатида Олтин учбурчакда кўкнори экиш, ундан опий ва героин тайёрлаш бирмунча камаяди.

Бироқ 2021 йилда АҚШ армияси Афғонистондан бутунлай чиқиб кетиб, ҳокимият “Толибон”га ўтгач, вазият ўзгаради. Толиблар мамлакатда кўкнори етиштиришга қарши аёвсиз кураш бошлайди.

Натижада Афғонистонда гиёҳванд ўсимликлар етиштириш, опий ва героин тайёрлаш кескин камаяди. БМТ ҳисоботига кўра, “Толибон” юритган қаттиққўл сиёсат туфайли Афғонистонда қорадори етиштириш 90-95 фоизга камаяди.

Шундан сўнг Мянмада кўкнори экиш қайта авж олади. 2023 йилдан бошлаб бу давлат қорадори ва героин етиштириш бўйича Афғонистонни ортда қолдириб, дунёда биринчи ўринга чиқади.

Бу жараён кейинги йилларда ҳам давом этади. Ҳисоботларига кўра 2025 йилда ҳам дунёда етиштирилган қорадори ва героиннинг асосий қисми Мянмада тайёрланган.

Шу ўринда “Олтин учбурчак учта давлат ҳудудида бўлса, нега Лаос ёки Таиланд эмас, Мянмада опий ва героин тайёрлаш кескин ошди?” деган савол туғилиши табиий.

Бунинг жавоби шуки, Лаос ва Таиланд анча йиллардан буён ўз ҳудудларида кўкнори экилишига қарши қатттиқ кураш олиб борди. Натижада бу икки давлат ҳудудида гиёҳванд ўсимликлар экиш кескин қисқарди.

Мянмада вазият бирмунча бошқача. Бу давлатда бир неча марта давлат тўнтариши уюштирилди. Ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди ва улар мамлакатнинг барча ҳудудини назорат қила олмади.

Масалан, 1962 йилдан 2011 йилгача Мянмани ҳарбийлар бошқарди. 2010 йилгача бу ерда умумиллий сайловлар ўтказилади ва 2011 йилда ҳарбийлар ҳукумати тарқатиб юборилади. Ҳокимият фуқаро бошқарувига қайтади.

Бироқ 2021 йил февралда Мянмада ҳарбийлар яна давлат тўнтариши амалга оширди ва ҳокимиятни эгаллади. Мянмадаги сиёсий вазият издан чиқади.

Мамлакатда иқтисодий қийинчиликлар бошланади ва Олтин учбурчак ҳудудида жойлашган провинциялар аҳолиси яна кўкнори экишга зўр беради.

Мянмада опий ва героин тайёрлаш қайта авж олади. Оқибатда Афғонистондаги вазият туфайли жаҳон бозоридаги опий ва героинга бўлган талабни мянмаликлар қондира бошлайди.

Опий музейи

Таиланд Олтин учбурчакда жойлашган ҳудудларини бирмунча назоратга олгач, ўша жойларда кўкнори экилмайдиган бўлди.

Сўнгги бир неча ўн йилларда сайёҳликни кескин ривожлантирган Таиланд Олтин учбурчакдан сайёҳлик йўналишида фойдаланишга қарор қилади.

Бу учун мамлакат шимолида, Чианг Рай вилоятида, Мянма билан чегарага яқин жойда йирик музей қурилади. “Опий музейи” (Hall of Opium) деб номланган бу музей бошдан оёқ опийга бағишланган.

Музей Таиланд қироллик оиласига тегишли жамғарма томонидан ташкил этилган бўлиб, ҳудудда кўкнор етиштиришни тўхтатиш ва деҳқонларни бошқа фойдали экинларга ўргатиш лойиҳасининг бир қисми ҳисобланади.

Музей шунчаки экспонатлар тўпламидан иборат эмас, балки опийнинг 5000 йиллик тарихи, унинг жамиятга салбий таъсири ва гиёҳвандликка қарши кураш ҳақида таълим беришга қаратилган илмий-маърифий марказдир.

Таиланд шимолида жойлашган Опий музейи
viator.com

Музейда қорадори етиштириш технологиялари, уни ташишда ишлатилган воситалар, "Опий урушлари" тарихи ва гиёҳвандликнинг аянчли оқибатлари акс этган видео ҳамда инсталляцияларни кўриш мумкин.

Музейга ташриф буюрувчилар учун опийнинг тиббий хусусиятларидан тортиб, унинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатга қандай акс таъсир қилгани ҳақида турли тилларда батафсил маълумот берувчи гидлар ҳамда аудиоқўлланмалар мавжуд.

Сўнгги сўз ўрнида шуни айтмоқчимизки, гиёҳванд моддалар инсон саломатлиги учун жуда хавфли. Уни олди-сотди қилиш эса жиноят. Биз инсонларнинг гиёҳванд моддаларни истеъмол қилишига мутлақо қаршимиз.

Ғайрат Йўлдошев
Тайёрлаган Ғайрат Йўлдошев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид