Ўзбекистон | 17:01 / 25.07.2024
10825
4 дақиқада ўқилади

Темирйўлларда нархлар ошди, сифат қачон ошади? Масъуллар билан суҳбат

Монопол соҳадаги хизмат сифати талаб даражасида эмаслиги, чипта топилмаслиги муаммоси, вагонлардаги кондиционерлар билан боғлиқ ҳолат, эронлик сайёҳнинг шикояти, соҳада рақобатнинг йўқлиги ва бошқалар. Kun.uz мухбири энг кўп танқид қилинадиган ташкилотлардан бири – “Ўзбекистон темирйўллари” тизимидаги масъуллар билан соҳага оид мунозарали масалалар атрофида суҳбатлашди.

Ёз жазирамасида поездлар вагонларидаги кондиционерлар ишламаслиги ёки яхши ишламаслиги ҳақидаги шикоятлар бот-бот қулоққа чалинмоқда. Тезюрар поездларда тарифларни давлат томонидан тартибга солиш бекор қилиниб, бозор иқтисодиётига ўтилгани эълон қилингани ва қисқа вақт ичида бир неча марта нархлар оширилганидан кейин, йўловчилар ҳақли равишда шунга муносиб сифатни ҳам талаб қилишяпти.

Kun.uz мухбири соҳадаги қатор баҳсли масалаларга компаниянинг ўзидан жавоб олиш учун бир қатор масъулларни студияга таклиф этди.

Ўзбекистон темирйўллари тизимида нега ҳалиям рақобатчилар йўқ?

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖнинг Маҳаллий йўналишларда йўловчиларга хизмат кўрсатиш бўлими бошлиғи Суҳроб Давлетовнинг айтишича, соҳа расмийлари темирйўл бозорига киришга қизиқиш билдирган тадбиркорлар учун очиқ, лекин бу борада бирорта ҳам таклиф келиб тушмаган.

“Ўзтемирйўлйўловчи” АЖ департамент бошлиғи Фозилов Шарипов “Ўзбекистон темирйўллари” АЖ тизимида ўтган йили қилинган ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни соҳада рақобат сари ташланган биринчи қадам деб ҳисоблаш мумкинлигини айтди.

Нега нарх-наволар қимматлашди?

Маҳаллий йўналишлардаги чипта нархлари 2023 йилнинг октябрида, 2024 йилнинг эса январ ва май ойларида оширилди. Суҳбатдошларнинг фикрича, бу бозор иқтисодиёти тамойилидан келиб чиқилган қарор бўлган. Ўтган йилдан бошлаб юқори тезликда ҳаракатланувчи ва тезюрар поездлардаги чипта нархларини субсидиялаш тўхтатилган, улар ўз харажатларини ўзи қоплаши керак. Харажатлар эса оз эмас...

Эронлик машҳур блогернинг видеоси

Яқинда Ўзбекистонда бўлган эронлик саёҳатчи-блогер Муизин Миратварий маҳаллий поездлар ҳақида ўз саҳифасида видео жойлаганди. Қатор Telegram-каналларга кўра, блогер ҳолатни 19-асрлардаги Эронга қиёслаган, вагонларда ҳаво етишмаслиги, жуда иссиқлиги ва сассиқ ҳидга чидаб бўлмаслиги ҳақида гапирган. Темирйўлчилар эса блогернинг гаплари нотўғри таржима қилингани, бир қатор жумлаларни эронлик йўловчи ўз видеосида аслида ишлатмаганини айтишди.

Суҳроб Давлетов блогер видеосини поезд тўхтаб турган вақтда олгани, ҳаракат вақтида вагондаги ҳарорат қандай бўлгани муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, тўлиқ электрлаштирилган темирйўлларда ҳаракатланувчи “Афросиёб” поездларидан ташқари барча поездларда кондиционерлар тезлик 40 км/соатдан ошган ҳолатдагина ишлайди. Масъуллар юқоридаги ҳолат бўйича эронлик блогернинг сўзларини нотўғри таржима қилиб тарқатганларга нисбатан чора кўриш ниятида эканини қўшимча қилишди.

Нега кўплаб поездларнинг вагонлари эски ва сифатсиз?

Аксарият ҳолларда йўловчилар поезд вагонларининг эски ва сифатсиз, ноқулай, ёқимсиз ҳидли эканидан норози бўлади. Айниқса, плацкарт вагонларидаги қулайликлар доимий танқидлар остида. Темирйўлчиларнинг изоҳлашича, бундай вагонларнинг ҳаммасини бир кунда алмаштириш имконсиз. Ҳозир 1985-1986 йилларда ишлаб чиқарилган вагонлар ҳам йўловчиларга хизмат қилмоқда. Лекин шу йил янги вагонлар қабул қилиб олингач, улардан воз кечилади.

Эски типдаги вагонларда эса совитиш тизими бўлмаган, ҳозир ҳам йўқ, янги плацкарт вагонларининг ҳаммасида кондиционер ишламоқда. “Кондиционерли” деб ёзилган бўлса-да, совитиш тизими ишламаган поездлар масаласи эса техник носозлик билан боғлиқ. Йўловчилар компанияга мурожаат қилишса, улар тўлаган чипта ҳақининг кондиционерга оид қисми қайтариб берилади, дейди темирйўлчилар.

Шохрух Мажидов суҳбатлашди.

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид