Фото: Қозоғистонда сайлов митингларга уланиб кетди
Бугун, 9 июнь куни Қозоғистоннинг турли шаҳарларида муддатдан аввалги президентлик сайловига параллел ҳолда рухсатсиз митинглар уюштирилди. Полиция митинглар иштирокчиларини қўлга олишди.
РИА Новости маълумотига кўра, мамлакат пойтахти Нур-Султон шаҳридаги митингларда 700 нафардан ортиқ киши иштирок этган.
«Интерфакс» агентлиги мухбири хабар беришича, Олмаота вилояти марказидаги митингга 300 нафарга яқин киши тўпланган. Митинг иштирокчилари мамлакатда навбатдан ташқари президентлик сайловлари бекор қилинишини талаб қилишган.
Намойишчиларнинг ҳисоблашича, сайловлар адолатсиз ва демократияга зид равишда ўтказилмоқда, унинг натижаси олдиндан маълумлиги айтилмоқда.
Қозоғистон Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Марат Кожаев Нурсултон ва Олмаотада рухсат берилмаган митингларда юздан ортиқ киши қўлга олингани ҳақида маълумот берди.
«Озодлик» радиоси маълумотига кўра, Чимкент шаҳрида ҳам митинг бўлиб ўтган ва бу ерда полиция 20дан ортиқ кишини қўлга олган.
Vesti.kg портали маълумотига кўра, қўлга олинганлар орасида маҳаллий журналистлар ҳам бор.
Vlast.kz хабарига кўра, ушбу нашр оператори Екатерина Суворова, «Озодлик» журналисти Петр Троценко ҳамда политолог Димаш Алижанов қўлга олинган.
Франс пресс агентлиги ходими, британиялик журналист Крис Риклтон ҳам твиттерида ўзини қўлга олишгани ҳақида маълум қилган.
In a police van after being detained for carrying out my professional activities. Black eye sustained during a rough arrest. I fell on a policeman's knee and was not struck deliberately. My accreditation was taken from me. #Kazelection2019 pic.twitter.com/GV8F9nmEKm
— Chris Rickleton (@ChrisRickleton) 9 июня 2019 г.
«Мен автозакдаман, мени касбий фаолиятим учун қўлга олишди. Кўзим остида кўкарган жой - қўполлик билан ҳибсга олиш натижаси. Мени уришмади, мен полициячининг тиззасига юзимни уриб олдим. Мендан аккредитациямни тортиб олишди», дея ёзган Риклтон.
Хабар қилинишича, Қозоғистон нашрлари сайлов кунида ижтимоий тармоқларга тўсиқ қўйилгани ва интернет блокланганидан шикоят қилишган.
Мамлакат бош прокурори ўринбосари Булат Дембаевнинг айтишича, «айрим фойдаланувчилар» сайловлар кунида ижтимоий тармоқда ноқонуний ташвиқот ўтказишган. Шу билан биргаликда, у интернет ишламай қолиши билан боғлиқ муаммодан хабардор эмаслигини билдирган.
Бундан аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги сайловлар муносабати билан Қозоғистон полицияси қатъий режимга ўтиши ҳақида маълум қилганди.
Вазирлик рухсат этилмаган акциялар суд томонидан мамлакатдаги фаолияти тақиқланган «ДВК» ташкилоти томонидан уюштирилганини иддао қилмоқда.
«Бу ташкилотнинг қочқин раҳбари (Мутар Аблязов) сайловлар арафасида ҳокимиятни обрўсизлантирувчи ташвиқот кампанияси олиб борди ва навбатдан ташқари сайловларни бойкот қилишга ва сайловлар вақтида жамоатчиликка қарши ҳаракатларни амалга оширишга чақирди», деган Кожаев.
Қозоғистонда фаолияти тақиқланган «Демократический выбор Казахстана» партиясининг айни вақтда хорижда истиқомат қилувчи етакчиси Мухтар Аблязов ўз тарафдорларини 9-10 июнь кунларида кўчаларда намойишлар ўтказишга чақирган.
Қозоғистондаги навбатдан ташқари президентлик сайловлари шу йилнинг 20 март куни Нурсултон Назарбоев муддатидан аввал истеъфога чиқиши муносабати билан эълон қилинганди. У мамлакатни 30 йил давомида бошқариб келди.
Президентликка номзод сифатида 7 киши рўйхатга олинди, улар қаторида Назарбоевнинг «Нур Отан» партиясидан номзоди илгари сурилган, Қозоғистоннинг вақтинча президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ҳам бор.
Якшанба куни тонгда Тўқаев сайлов участкасида журналистларга президент бўлса ташқи сиёсатда Назарбоев томонидан йўлга қўйилган сиёсатни давом эттиришини маълум қилди.
Сайловда ғалаба қозониш учун 50 фоиздан ортиқ овоз олиш талаб этилади, номзодларнинг ҳеч бири бунга муваффақ бўлолмаса, иккинчи тур ўтказилади.
Мавзуга оид
20:47 / 27.11.2024
Бедарвоза божхона ва ғойиб бўлаётган машиналар – Kun.uz’да катта суриштирув
17:29 / 27.11.2024
Қозоғистон Орол денгизига яна 1,6 миллиард куб метр сув қуяди
17:26 / 27.11.2024
Қозоғистон Россия донининг Ўзбекистонга реэкспортини чеклади
17:27 / 26.11.2024