Жаҳон | 18:19 / 28.04.2025
10127
3 дақиқада ўқилади

КХДР урушдаги иштирокини илк бор тасдиқлади

Путин Курск областидаги жангларда кўрсатган ёрдами учун Ким Чен Инга миннатдорчилик билдирди.

Фото: РФ мудофаа вазирлиги / РИА Новости / Спутник / Profimedia

Шимолий Корея ҳукумати биринчи марта ўз ҳарбийларини Украина билан урушда қатнашиш учун Россияга жўнатганини тасдиқлади. Корея марказий ахборот агентлиги (KCNA) КХДР етакчиси Ким Чен Ин буни «икки давлат – КХДР ва РФ ўртасидаги анъанавий дўстлик ва бирдамликни яхлит мустаҳкамлаш учун муқаддас миссия» деб билгани учун урушга  (хабарда уруш Россиядаги каби «махсус ҳарбий амалиёт» эмас, ўз номи билан аталган) қўшилган.

КХДР қўшинлари Курск области учун «ғалаба билан якунланган» жангда иштирок этди, Шимолий Корея ҳарбийлари эса «юқори жанговар руҳ ва ҳарбий маҳоратни тўлиқ намойиш этди, ялпи қаҳрамонлик, беқиёс жасорат ва фидойилик кўрсатди», дейилади марказий ахборот агентлиги хабарида.

Шимолий Корея томони баёнотидан кўп ўтмай, Владимир Путин КХДР бўлинмаларига Курск областидаги операцияда иштирок этгани учун миннатдорчилик билдирди. РФ президентининг сўзларига кўра, КХДР ҳарбийлари «Россия ва КХДР ўртасидаги кенг қамровли стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома ҳарфи ва руҳига мувофиқ» ҳаракат қилган ва бу халқаро ҳуқуққа тўлиқ мос келади.

«Кореялик дўстлар бирдамлик, адолат ва чинакам дўстлик туйғуларидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилди. Буни юксак қадрлаймиз ва КХДР халқига, олий раҳбариятига ва давлат ишлари қўмитаси раиси, ўртоқ Ким Чен Инга чин дилдан миннатдорчилик билдирамиз», – дейди Путин. У Шимолий Корея ҳарбийлари «ўз бурчини шараф ва жасорат билан бажариб, сўнмас шон-шуҳратга буркангани»ни таъкидлаган.

«Россия халқи кореялик махсус кучлар жангчиларининг қаҳрамонлигини ҳеч қачон унутмайди. Биз Россия учун, умумий эркинлигимиз учун жон фидо қилган кореялик қаҳрамонларни ўз қуролдош биродарларимиз қаторида доимо ёдда тутамиз», – дейилади баёнотда.

Ғарб мамлакатлари, Украина ва Жанубий Корея КХДР Россияга ёрдам бериш учун 10-12 минг ҳарбий юборганини хабар қилган. Шу билан бирга, КХДР ҳукумати ўз қўшинларини бошқа давлатлар урушига юборганини тан олмаганди. Буни РФ вакиллари ҳам рад этиб келарди. Россия ҳукумати буни илк бор 26 апрел куни тан олди, ўшанда бош штаб бошлиғи Валерий Герасимов Владимир Путин билан учрашувда россиялик ҳарбийлар Курск областида Украина қуролли кучлари тузилмаларини «тор-мор этишни якунлагани» ҳақида айтганди. Ўз ҳисоботида Герасимов КХДР ҳарбийларига ёрдам учун алоҳида миннатдорчилик билдириб, улар россияликлар билан «елкама-елка туриб» ҳаракат қилганини айтганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев

Мавзуга оид