Жаҳон | 10:18 / 22.10.2025
3594
2 дақиқада ўқилади

Шимолий Корея шарқ томон бир нечта баллистик ракеталарни учирди

Жанубий Корея ва АҚШ президентларининг Сеулдаги учрашуви олдидан Пхенян мамлакат шарқий қирғоқлари яқинида денгиз томон бир қанча қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди, дея хабар беради Жанубий Корея ҳарбийлари.

Фото: EPA

Шимолий Корея шимоли-шарқ томон бир нечта баллистик ракета учирди, дея маълум қилди Жанубий Корея штаб бошлиқлари қўмитаси 22 октябр, чоршанба куни. Сеулнинг аниқлик киритишича, «қисқа масофага учувчи баллистик ракеталар эканлиги тахмин қилинган бир нечта ракеталарни аниқлаган». Бу ракеталар Жанубий Кореянинг янги президенти Ли Чже Мён июн ойида лавозимга киришганидан буён биринчи марта учирилган. Шимолий Кореянинг аввалги баллистик ракета учирилиши май ойида қайд этилган эди.

Ўз навбатида, Япониянинг янги бош вазири Санаэ Такаичи Пхеняннинг ракета учириши унинг мамлакати хавфсизлигига таъсир қилмагани ва Токио реал вақт режимида АҚШ билан маълумот алмашаётганини айтди, деб ёзади AFP.

Жанубий Корея ва АҚШ президентлари келаси ҳафта Сеулда Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги саммитида учрашиши режалаштирилган. Бундан ташқари, АҚШ президенти Доналд Трамп Хитой раҳбари Си Жинпинг билан ҳам учрашиши кутилмоқда.

11 октябр куни Ким Чен Ин бошчилигидаги Шимолий Корея раҳбарияти Пхенянда икки йил ичида биринчи йирик ҳарбий парадни ўтказди ва у ерда янги қитъалараро ракетани намойиш қилди. КМТА давлат ахборот агентлиги "Хвасон-20"ни «энг кучли ядровий стратегик қурол» деб атади. Унда айтилишича, ракета масофаси Шимолий Кореяга АҚШдаги нишонларга зарба бериш имконини бериши мумкин. Парадда «Хвасон-20»дан ташқари КХДР армияси бошқа қуролларни, жумладан гипертовушли ракеталарни ҳам тақдим этди.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид