Иқтисодиёт | 20:16 / 16.03.2026
11487
2 дақиқада ўқилади

«Ёмғир ва қорда ҳам фойдаланишга тайёр бўлади» – Тошкент-Андижон пулли йўли ҳақида нималар маълум?

Пулли йўл қурилиши натижасида Тошкентдан Андижонга бориш вақти ҳозирги 5−5,5 соатдан 2−2,5 соатгача қисқаради. Дастлабки босқичда қиймати 3,66 млрд доллар бўлган 171 км узунликдаги Тошкент-Ангрен-Қамчиқ довони муқобил йўлини қуриш режалаштириляпти. Бунда 33 км узунликдаги 4 қаторли янги туннел ҳам фойдаланишга топширилади. Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида амалга оширилади.

Фото: Қамчиқавтойўл

Жорий йилда Қамчиқ довони орқали ўтувчи Тошкент-Андижон пулли йўлини қуриш бўйича амалий ишлар бошланади. Бу ҳақда «Avtoyo’linvest» агентлиги директори ўринбосари Аслиддин Исаев Ўзбекистон 24 телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Қайд этилишича, водий вилоятларини пойтахт билан боғловчи пулли йўлнинг умумий узунлиги 314 км бўлади. Дастлабки босқичда қиймати 3,66 млрд доллар бўлган 171 км узунликдаги Тошкент-Ангрен-Қамчиқ довони муқобил йўлини қуриш режалаштириляпти. Бунда 33 км узунликдаги 4 қаторли янги туннель ҳам фойдаланишга топширилади. Йўлнинг йиллик тўлов миқдори 465 млн долларга баҳоланяпти.

«Лойиҳа Жаҳон банки кўмагида амалга оширилади. Тендер жараёнларини тўлиқ лойиҳалаштириш ва ўтказиш учун Arup халқаро консалтинг компанияси жалб қилинди. Жорий йилда амалий ишлар бошланиши режалаштирилган. Лойиҳага Франция, Туркия ва Хитойнинг йирик компаниялари қизиқиш билдиряпти. Энг асосий мақсадимиздан бири, ҳаракат хавфсизлигини яхшилашга қаратилган. Ноқулай об-ҳаво шароитларида, ёмғир ва қор шароитларида ҳам автомобил йўли тўлиқ фойдаланишга тайёр ҳолатда бўлади», - дейди Аслиддин Исаев.

Пулли йўл қурилиши натижасида Тошкентдан Андижонга бориш вақти ҳозирги 5−5,5 соатдан 2−2,5 соатгача қисқариши кутиляпти. Ушбу йўналишда 1 кунда ўртача қатнов 40 мингтани ташкил этади.

Достон Аҳроров
Тайёрлаган Достон Аҳроров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид