Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Яқин Шарқдаги урушнинг «соядаги ғолиби». Россия нефтдан кунига юз миллионлаб доллар қўшимча даромад оляпти
Санкциялар фонида Россиянинг нефт экспорти охирги 4 йилликдаги энг паст даражага тушиб кетганди. Яқин Шарқда бошланган уруш фонида расмий Москва даромадлари сезиларли даражада кўпая бошлади. Ҳарбий ҳаракатларнинг дастлабки 12 кунида мамлакат бюджетига кунига 110–160 миллион доллар, жами 1,3–1,9 миллиард доллар қўшимча даромад келиб тушган. Ҳозирда Россия нефти сўнгги уч ойдаги ўртача нархига нисбатан баррелига 20–30 доллар қимматроқ сотиляпти, санкциялари ҳам қисман юмшатилган.
Фото: Social Media
Россия нефт савдосидан кунига 150 млн долларгача қўшимча бюджет даромади оляпти. Бу эса Яқин Шарқдаги урушдан энг катта фойда кўраётган айнан Москва эканини кўрсатади, дея ёзади Financial Times.
Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиб қолиши натижасида Ҳиндистон ва Хитойда Россия нефтига талаб ошди. Натижада Москва нефт экспортидан солиқлар орқали 1,3–1,9 миллиард доллар атрофида қўшимча даромад олган деб ҳисобланяпти. Шу билан бирга АҚШ айрим санкцияларни юмшатди ва Ҳиндистонга Россия нефтини сотиб олмаслик бўйича босимни камайтирди. Бу эса кўплаб танкерларнинг Ҳинд океани томон йўл олишига сабаб бўляпти.
Financial Times’нинг саноат ва таҳлилчилар баҳоларига асосланган маълумотларига кўра, март ойининг охиригача Россия ҳукумати 3,3–4,9 миллиард доллар қўшимча даромад олиши мумкин. Бу ҳисоб-китоблар расмий Москванинг Urals маркали нефт нархи ой давомида ўртача 70–80 доллар атрофида бўлади деган прогнозларга асосланган. Аввалги икки ойда эса бу кўрсаткич ўртача 52 доллар атрофида эди.
Бу Кремл учун вазият кескин ўзгаришини англатади. Чунки Эрон билан уруш бошланишидан олдин Россия нефт нархларининг пасайиши ва Вашингтон босими туфайли Ҳиндистон билан савдосининг катта қисмини йўқотиб, қийинчиликларга дуч келаётганди.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) пайшанба куни эълон қилган ҳисоботга кўра, феврал ойида Россиянинг нефт ва нефт маҳсулотлари экспорти 11,4 фоизга камайиб, кунига 6,6 миллион баррелга тушиб кетган. Бу кўрсаткич 2022 йилда Украина уруши бошланганидан бери қайд этилган энг паст даража ҳисобланади.
«Нефт нархининг қимматлашиши Яқин Шарқдаги можаро қанча давом этишига боғлиқ. Ҳозирги юқори нархлар Россияга биринчи чоракда бюджет кўрсаткичларини бажариш ва ҳатто бироз маблағ жамғаришни бошлашга ёрдам беради», дейди Киев Иқтисодиёт мактабининг энергетика ва иқлим тадқиқотлари бўлими раҳбари Борис Додонов.
Санкцияларни юмшатиш ҳақидаги сигналлар
Яқин Шарқдаги ҳарбий ҳаракатлар Россияга энергетика бозорларида ўз таъсирини кучайтириш имконини ҳам беряпти. Чунки Форс кўрфази давлатлари ҳозирча ўз маҳсулотларини экспорт қила олмаяпти. Москва эса ушбу вазиятдан фойдаланишга ҳаракат қиляпти. Владимир Путин душанба куни энергетика бозорларида «янги нарх реаллиги» шаклланаётганини айтиб, Европага энергия экспортини қайта тиклаш ғоясини ҳам илгари сурди.
Бир неча соат ўтиб Кремл Путин билан Трамп ўртасида «жуда самарали суҳбат» бўлиб ўтганини маълум қилди. Кейинроқ Америка президенти нархларни пасайтириш мақсадида айрим номаълум давлатларга нисбатан «санкцияларни олиб ташлаш имконияти» ҳақида ҳам гапирди.
Мазкур вазият АҚШ иттифоқчиларини хавотирга солди. Йирик энергетика компанияси ўтказган тадқиқотга кўра, агар Яқин Шарқдан етказиб беришдаги узилишлар давом этса, Европа ҳукуматлари Россиянинг суюлтирилган табиий газига қўйиладиган тақиқни кечиктириш босими остида қолиши мумкин. Бу эса Москва изоляциясига қаратилган кўп йиллик саъй-ҳаракатларни бекор қилиши эҳтимоли бор.
Kpler компаниясининг сувдаги транспорт воситалари ҳаракатини кузатиш бўлими маълумотларига кўра, Россия нефтининг катта қисми денгизда ташиляпти ва танкерларнинг аксарияти Ҳинд океани орқали Ҳиндистон портлари томон ҳаракатланяпти. 11 феврал ҳолатига Ҳиндистоннинг Россиядан нефт импорти кунига 1,5 миллион баррелга етган. Бу ўтган ой бошига нисбатан 50 фоизга кўп.
«Агар ҳозирги юк ташиш жадвали ва бозор ҳаракатлари давом этса, бу ой Ҳиндистонга Россия нефтининг келиши кунига қарийб 2 миллион баррелга етиши мумкин», дейди Kpler таҳлилчиси Сумит Ритолиа.
Россиянинг даромади кескин ошди
Ҳўрмуз бўғозидаги узилишлар глобал нефт ва газ бозорларида жиддий беқарорлик келтириб чиқарди. Энергия ва тоза ҳаво тадқиқот маркази таҳлилчиси Ваибҳав Рагҳунанданнинг таъкидлашича, ой давомида бозордан 60 миллион тонна нефт ва 7 миллион тонна суюлтирилган газ чиқиб кетиши хавфи бор.
Яқин Шарқдан келадиган йўқотишларни қоплаш учун Ҳиндистон ва Хитой Россиядан импортни кескин оширди. Хусусан, уруш бошланганидан бир ҳафта ўтиб, бу икки давлатнинг Россиядан амалга оширган импорти февралдаги ўртача кунлик кўрсаткичига нисбатан 22 фоизга кўпайган.
«Агар инқироз узоқ давом этса, Ҳиндистон ва Хитой Россия нефти учун ўзаро рақобат қила бошлайди», дейди Берлин шаҳридаги Carnegie Russia Eurasia Center тадқиқотчиси Сергей Вакуленко.
Шу билан бирга, Kpler маълумотларига кўра, денгиздаги танкерлар ичида қолиб кетган Россия нефти ҳажми Яқин Шарқда уруш бошланганидан кейин 11 миллион баррелга камайиб, 125 миллион баррелгача қисқарган.
Ҳозирда Россия нефти сўнгги уч ойдаги ўртача нархига нисбатан баррелига 20–30 доллар қимматроқ сотилмоқда. Вакуленко ҳисоб-китобига кўра, нефтнинг ўртача ойлик нархи ҳар баррел учун 10 долларга ошса, Россия экспортчилари қўшимча 2,8 миллиард доллар даромад олади. Шундан 1,63 миллиард доллар давлатга солиқ сифатида тушади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, бу кунига 54 миллион доллар қўшимча бюджет даромади дегани. Умуман олганда, урушнинг дастлабки 12 кунида Россия бюджети кунига 110–160 миллион доллар, жами 1,3–1,9 миллиард доллар қўшимча даромад олган бўлиши мумкин. Агар шу суръатда давом этса, бир ой давомида Россия давлат бюджетига 3,3–5 миллиард доллар режадан ташқари маблағ тушади. Шундай бўлса-да йил бошидаги энергия даромадларидаги пасайишни қоплаш учун ҳозирги бозор шароити яна бир неча ой давом этиши керак бўлади.
Маълумот учун, 2026 йилнинг дастлабки икки ойида энергетика даромадлари (асосан нефт қазиб олиш солиғи ҳисобига) ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга камайди. Натижада Россия бюджет тақчиллиги бутун йил учун режалаштирилган кўрсаткичнинг 90 фоизидан ошиб кетди.
Reuters маълумотларига кўра, 2022 йилдан бери илк бор санкция босими Россия бюджетига жиддий зарба бера бошлаганди ва ҳукумат жорий йилги харажатларни камида 10 фоизга қисқартириш имкониятини кўриб чиққан. Аммо, айни пайтда Россия ҳукуматидаги амалдорлар вазиятдан чиқиб кетиш мумкинлигига ишоняпти.
Таҳлилчиларга кўра, агар инқироз узоқ давом этса, Россия нефт ишлаб чиқаришни ошириш имкониятига ҳам эга. Ҳозир мамлакат ишлаб чиқаришни OPEC+ квотасидан кунига 300 минг баррел кам даражада ушлаб турибди.
«Бизнинг фикримизча, Россия қисқа муддат ичида ишлаб чиқаришни кунига камида 400 минг баррелга ошириш имкониятига эга, аммо бу ҳажмни бозорга чиқариш учун бир неча ой вақт керак бўлиши мумкин», дейди Emerging Markets Oil and Gas Consulting Partners асосчиси Роналд Смит.
Мавзуга оид
17:56
Россияда нақдсиз тўловларда оммавий узилиш кузатилди. Бу VPN'ларни блоклашга уриниш билан боғланмоқда
09:50
Украинага кучли зарбалар: қурбонлар сони камида ўн кишига етди
10:35 / 03.04.2026
Россияда жазо ўтаётган 3 мингдан ортиқ ўзбекистонлик қайтарилиши мумкин
09:31 / 03.04.2026