Мудофаа вазирлиги Россия қўшинлари Ўзбекистон ҳудудида жойлаштирилиши эҳтимолини рад этди. Бу ҳақда вазирлик Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти баёнотида айтилган.

Қайд этилишича, “интернет тармоғидаги айрим сайтлар” жорий йил 27-28 апрель кунлари Россия мудофаа вазири, армия генерали С.Шойгунинг Ўзбекистонга ташрифи якунлари бўйича қуйидаги саволларни бера бошлади: стратегик шериклик доирасида Россия қўшинларининг Ўзбекистонга киритилиш эҳтимоли борлигидан хавфсираш, Россиядаги ҳарбий тўқнашувларга Ўзбекистоннинг аралашиш эҳтимоли борлиги, ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатига салбий баҳо бериш эҳтимоли, Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётганидан норозилик ва Европа иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурати. 

“Қайд этиш жоизки, ушбу барча хавотирлар мутлақо асоссиз ва ҳеч қандай мантиққа тўғри келмайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Эслатилишича, Ўзбекистон Конституцияси (1992 йил), Ташқи сиёсий фаолият концепцияси (2012 йил), Мудофаа доктринаси (2018 йил) каби мудофаа соҳасидаги асосий ҳужжатларда бу саволларга  аниқ жавоблар келтирилган.

Ўзбекистон Мудофаа доктринасида қуйидагича ёзилган:

  • “Ўзбекистон Республикасининг мудофаа соҳасидаги сиёсати қуйидаги принципларга асосланган:
  • ўз ҳудудида чет эл ҳарбий базалари ва объектларининг жойлаштирилишига йўл қўймаслик; 
  • Қуролли Кучларнинг хориждаги тинчлик ўрнатиш билан боғлиқ операцияларда ва ҳарбий можароларда иштирок этмаслиги”.

Россия қўшинларининг Ўзбекистонга киритилиши ҳамда Россиянинг ҳарбий тўқнашувларига Ўзбекистон аралашиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишларни бўрттириш асоссиз экани айтилади.

Шунингдек, Ўзбекистон ўзининг ички ва ташқи сиёсатини ўзи белгилайдиган суверен давлат экани эслатилди. Ўзбекистон Конституцияси 17-моддасида шундай дейилади: “Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларнинг тўла ҳуқуқли субъектидир...”.

“Шу боис, ғарб давлатлари томонидан Ўзбекистон ташқи сиёсатига салбий баҳо берилиши мумкинлигидан қўрқиш, Россиянинг Ўзбекистонга таъсири кучайиб бораётганидан норозилик ва Европа иттифоқи билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги тўғрисидаги талаблар ҳам ўзини оқламайди. 

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистоннинг Россия билан ҳам, Европа, Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари, АҚШ билан ҳам ҳамкорлиги ишонч, тенг ҳуқуқлилик, ўзаро ҳурмат ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойиллари асосида қурилган.