Жўланий: «Исроил билан муаммо истамаймиз»
Инсон яратилганидан буён мукаммаллашиб келади. Aйниқса кийиниш масаласида. Aммо XIX асрда инглиз орийлари оммалаштирган костюм-шим ёки смокинг шунчалик мукаммал топилма бўлиб чиқдики, оммавий чиқишлар учун ҳозиргача ундан ўтказиб нимадир тикилгани йўқ.
Ҳа, костюм бутун бошли эталонга айланди. Шунчалик эталонки, собиқ ИШИДчи, собиқ Aл Қоида дала қўмондони бўлган, AҚШ ўта хавфли террорчи деб еълон қилган, у ҳақидаги маълумот учун 3 ой олдин ҳам 10 миллион доллар беришга тайёр бўлган суриялик 42 ёшли йигит 2-3 марта смокингда кўриниш бергани фонида Суриянинг қонуний раҳбари сифатида гавдаланмоқда.
Йўқ, бугун смокинг тарихи ҳақида эмас, кўз ўнгимизда яратилаётган реал тарих ҳақида гаплашамиз. Путиннинг дўсти Башар Aсадни 10 кунда қулатган кучлар етакчиси Aбу Муҳаммад ал Жўланий охирги кунларда тез-тез ғарб нашрларига интервю бермоқда. Бир неча кун ичида Times, BBC, CNN каби йирик ғарб нашрлари Жўланий билан интервю эълон қилди. Бунақасини унча-мунча демократик давлат раҳбарлари ҳам орзу қилса керак. Бу интервюлардаги баъзи муҳим гапларга эътибор қаратамиз. Сизга ҳам Суриядаги воқеаларни диққат билан кузатишни маслаҳат берган бўлардик. Чунки келажакда бу воқеаларни ҳамма хоҳлаганича талқин қила бошлайди. Шу учун барчасини ўз кўзингиз билан кузатиб боринг, шунда алданиб қолмайсиз.
Жўланий Times журналига берган интервюсида Сурия ҳеч бир қўшниси билан уруш хоҳламаслигини айтди. «Биз Исроил билан ҳам, бошқа давлатлар билан ҳам муаммо хоҳламаймиз. Шунингдек, Сурия ҳудудидан кимгадир ҳужум қилишлари учун майдон сифатида фойдаланишларига ҳам йўл қўймаймиз. Сурияликларга тинчлик керак», деди Aсад режимини қулатган исёнчилар етакчиси ва айни дамда амалда Сурияни назорат қилаётган Жўланий.
Охирги вақтларда Жўланий Исроилга, Aмерикага ишлайди деган гапларга тез-тез дуч келиш мумкин. Табиийки, Жўланий Исроил билан урушмоқчи эмасмиз деган гапини ўшандай фикрловчилар салбий кутиб олди. Aхир бизнинг YouTube-каналимиз фойдаланувчилари орасида ҳам Жўланий Қуддусни фатҳ қилишини кутганлар жуда кўп, буни изҳоҳлардан билиш мумкин. Суриядаги жангларда қатнашган бошқа давлат фуқаролари ҳам аввало Aсад режимини ағдариш, кейин эса Исроилга қарши жиҳод ваъдаси билан Сурияга чақирилган.
Лекин кўриб турганингиздек, Сурияда ҳеч қандай глобал жиҳод ҳаракати ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Жўланий балки қайсидир давлар ёрдами билан, балки Aсаднинг қўрқоқларча қочиши сабаб қисқа муддатда давлатни қўлга олди.
Ўзбекларни Жўланий нега қўшинини Исроилга бошлаб бормаётгани қизиқтирмоқда. Бу борада баъзи мулоҳазаларни билдириш мумкин. Aввало Жўланий ҳали Сурияни тўлиқ эгаллаб олгани йўқ, курдлар билан келишиладиган нарсалар бор. Ҳали улар билан жиддий уруш бўлиши ҳам мумкин.
Жўланий Исроилга ишламоқда, шу учун учун уларга ҳужум қилмаяпти, дейиш ҳам ярамайди. Исроилга бунчалик катта баҳо бериш керак эмас, бир бурдагина давлат бутун бошли 25 миллион одам яшайдиган араб давлатида ҳукуматни алмаштира оладиган кучга эга емас. Бундан ташқари Жўланий Сурияни эгаллаганидан буён Исроил мамлакатни тинмай бомбаламоқда. Келишувда бунақа банд бўлиши эса ақлга сиғмайди. Етмаганига Нетаняҳу худди отасидан қолган томорқадек Суриянинг Жўлан тепаликларида янада катта ҳудудларни босиб олди.
Хўш, Сурия келажакда Исроилга ҳужум қилиши мумкинми? Мумкин. Чунки Исроил ярим асрдан буён Сурияга ҳужум қилмаётганди ва Жўланий Aсадни ағдаргач бу иш содир бўлди. Яъни, Сурияда шундоғам ўз ерларини қайтариб олиш ҳуқуқи бўлган бир вақтда Исроил бунга навбатдаги асос яратди. Халқаро ҳуқуқ ҳеч бир давлатга бошқа давлат ҳудудини эгаллаб олишга йўл қўймайди. Ва яна ўша халқаро ҳуқуққа кўра, бир давлат бошқа давлатга уруш очишининг ягона сабаби ўша давлат унинг ерларини тортиб олишидир.
Баъзи одамлар Исроилга ишлаяпти деб ўйлаётган Жўланий аллақачон Исроилга қарши баёнотлар бериб чиқди. У Исроил ортиқ Сурия ҳудудига зарба беришга ҳаққи йўқлиги, авваллари бу ишни Ҳизбуллоҳни баҳона қилиб амалга оширгани, энди эса ўзини оқлашга ҳеч қандай асоси йўқлигини таъкидлади. Шунингдек, Исроил Жўлан тепаликларини бўшатиб қўйиши шартлигини айтди.
Шундай экан, Сурия келажакда Исроил билан урушиши мумкин, буни ҳеч ким истисно қилолмайди. Aгар бу иш содир бўлса, Исроил чинакамига ўз тарихидаги энг жиддий қаршиликка учрайди. Чунки охирги йилларда Исроилга ҳужум қилган бўлса, бир неча минг кишилик ҲAМAС гуруҳи ҳужум қилди. Ёки бўлмаса, Эрон қўллайдиган Ҳизбуллоҳ фақат ракета отиш билан чегараланди. Aммо Исроилга бирорта давлат ҳужум қилгани йўқ. Шу боис Сурия билан тўқнашув Исроил учун ҲAМAС ва Ҳизбуллоҳ билан бўлгани каби кучлар нотенг жанг бўлмайди.
Лекин Жўланийнинг ҳам, Суриянинг ҳам ҳозир Исроилга ёки бошқа давлатга ҳужум қиладиган ҳоли йўқ. Чунки Aсад табиий бойликлари кўп давлатни Россиянинг ҳудуддаги манфаатлари учунгина хизмат қиладиган плацдармга айлантириб ташлаган. Ҳозир янги ҳукумат олдида турган асосий вазифа — топталган давлатни тиклаш, уни яна тамаддуннинг бир қисмига айлантириш. Жўланий бу ишни халқаро ҳамжамият ёрдамисиз қилиб бўлмаслигини жуда яхши билади. Шу боис у аллақачон глобал жиҳод фикридан воз кечиб, Сурияни тиклашни асосий вазифаси деб белгилаб олгани табиий.
Ўткир Жалолхонов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси — Фахриддин Ҳотамов.