Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазода қамални кучайтиришни кўзлаётган Исроил, ҳамасчиларни қатл этган Асад ва Зеленскийнинг баёнотлари — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништирамиз.
Ғазодаги вазият
Исроил Ғазо секторига халқаро ҳуманитар ёрдам киритишни қисқартириш эҳтимолини кўриб чиқмоқда. Маҳаллий медиа хабарига кўра, янги чекловлар Доналд Трампнинг АҚШ президенти лавозимига киришиши билан мувофиқлаштирилиши мумкин.
Исроил манбаларига кўра, ҳуманитар ёрдам ҳажми Трамп маъмурияти даврида сезиларли камайиши эҳтимоли бор. Қарор АҚШнинг янги маъмурияти билан келишув асосида қабул қилиниши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Исроил Ғазода геноцидли уруш бошлаганидан буён ҳудудга кириш-чиқишни қаттиқ чеклаб, инсон ҳаёти учун зарур маҳсулотлар етказиб беришни тўхтатган. Бу эса ҳуманитар инқирозни янада чуқурлаштирди.
2023 йил октябридан бошланган Исроилнинг Ғазодаги ҳарбий ҳаракатлари 45 мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлди. БМТ Хавфсизлик Кенгаши эса зудлик билан отишмаларни тўхтатишни талаб қилувчи резолюция қабул қилган бўлса-да, амалда бу талаб бажарилмаяпти.
Асад ҲАМАС аъзоларини қатл қилган
Сурия режими 94 нафар ҲАМАС етакчиси ва аъзосини ҳеч қандай суд жараёнисиз қатл этган. Бу ҳақда «Ал-Қудс ул-Арабий» газетаси ҲАМАСга яқин манбаларга таяниб хабар берди.
Манбаларга кўра, Сурия разведка хизматлари томонидан ҲАМАС аъзоларини ҳибсга олиш бўйича кўрсатмалар Асад режими ағдарилгунига қадар кучда бўлган. Ҳатто 2022 йилда ҲАМАС билан Асад ўртасидаги муносабатлар тикланганидан кейин ҳам, ҳаракатнинг кўплаб аъзолари тақдири номаълум бўлиб қолган.
ҲАМАС раҳбарияти ўшанда «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Ҳасан Насруллоҳ орқали аъзоларни озод қилишни сўраган, аммо Насруллоҳ ҳам уларнинг қатл қилинганини аниқлаган бўлиши мумкин.
2024 йил декабрда Асад режими ағдарилиши ортидан Дамашқдаги Седная қамоқхонасидан ҲАМАСнинг бир қатор етакчилари озод қилинди.
Энтони Блинкен Украинадаги сулҳ ҳақида
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг сўзларига кўра, Россия ҳозирча музокараларга тайёр эмас ва ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш Владимир Путинга қайта қуролланиш ва янги ҳужумни бошлаш имконини беради.
У The New York Times’га берган интервьюсида Украинадаги уруш, унинг истиқболлари ва Байден маъмуриятининг ёрдами ҳақида фикр билдирди.
Блинкеннинг таъкидлашича, Путиннинг ҳаракатлари Украина хавфсизлигига жиддий хавф туғдиришда давом этмоқда. Шу билан бирга, Байден маъмуриятининг ҳаракатлари Украинага ҳужумларга бардош бериш ва келажакда равнақ топиши учун шароит яратганини таъкидлади.
Давлат котиби Россиянинг Курск областидаги вазиятга ҳам эътибор қаратди ва бу ҳудуддаги мавқе келгуси музокаралар учун муҳим аҳамиятга эга эканлигини таъкидлади.
Шунингдек, Украина хавфсизлигини таъминлаш бўйича етарли кафолатлар кераклигини таъкидлаб, Россияга нисбатан эҳтиёткор бўлиш зарурлигини қайд этди. Унинг фикрича, Путин муваққат сулҳдан сўнг қайта қуролланиб, яна ҳужум бошлашга уриниши мумкин.
Зеленский НАТОга аъзолик ҳақида
Украина президенти Володимир Зеленский америкалик блогер Лекс Фридманга берган интервюсида НАТОга қўшилиш имконияти ва Россия босиб олган ҳудудлардан воз кечиш эҳтимолини муҳокама қилди.
Зеленскийнинг таъкидига кўра, агар Украинага НАТОга қўшилиш бўйича расмий таклиф билдирилса ва алянсга Россия назоратидан ташқаридаги ҳудудлар қўшиладиган бўлса, бу масала муҳокама қилиниши мумкин. Шунга қарамай, у урушни дипломатик йўл орқали тугатиш муҳимлигини қайд этди.
Зеленский шунингдек, Украинага ҳарбий ёрдам пакетини назарда тутиш зарурлигини таъкидлади. Бу борада асосий қарор АҚШ иродасига боғлиқ эканини ва Европа Иттифоқи ҳам ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини айтди.
Зеленский Доналд Трампни Россияга қарши янги санкциялар жорий этишга чақирди. Мақсад Россия энергетикасини халқаро бозордан чиқариш. Шу билан бирга, у Будапешт меморандумини имзолаган АҚШ ва Буюк Британияни танқид қилди ва бу меморандумни «хавфсизлик кафолати» эмас, деб атади.
Лукашенко Зеленскийдан кечирим сўраганми?
Украина президенти Володимир Зеленский шу интервюсида 2022 йил февралида Россия-Украина уруши бошланган пайтда Беларус президенти Александр Лукашенко унга қўнғироқ қилиб, кечирим сўраганини даъво қилди.
Зеленскийнинг сўзларига кўра, Лукашенко ҳужумлар учун бор масъулиятни Владимир Путинга юклаган ва унинг ўзи агрессияни истамаганини билдирган.
Зеленский буни «Лукашенко Путин билан бирга қотил» деб рад этган. Унинг айтишича, Лукашенко Киевни таслим бўлишга кўндиришга ҳам уринган. Шунингдек, у Украинага қасос сифатида Беларуснинг Мозир шаҳридаги нефтни қайта ишлаш заводига зарба беришини таклиф қилган.
Беларус ҳукумати Зеленскийнинг бу даъволарни рад этди. Лукашенконинг матбуот котиби Наталия Эйсмонт Беларус президентининг Зеленскийдан кечирим сўраганини рад этиб, «Беларус кечирим сўрашига асос йўқ, чунки санкцияларни аввало Украина жорий қилган», — деди.
Минскнинг Москва билан яқин алоқаси давом этмоқда. Беларус ҳудудидан ҳамон Россия қўшинлари Украинага ҳужум уюштиришда фойдаланмоқда.
Алиев яна Россияни авиаҳалокатда айблади
Озарбойжон президенти Илҳом Алиев Оқтов яқинидаги авиаҳалокатда омон қолган экипаж аъзолари ва ҳалок бўлганларнинг яқинлари билан учрашув ўтказди. У Россия вакилларини фуқаролар ўлимида айблади ва очиқ-ошкора суриштирув ўтказишни талаб қилди.
«Фожиадаги айб Россия Федерацияси вакилларида. Биз адолат, айбдорларни жазолаш ва тўлиқ шаффофликни талаб қиламиз», — деди Алиев.
Унинг таъкидлашича, Россия ўз ҳаво кенгликларини ёпганда, қоидаларга амал қилганда ва тизимли мувофиқликни таъминлаш чораларини кўрганида, ҳалокатнинг олдини олиш мумкин эди.
Шунингдек, Алиев Россия вакилларининг фожиани бошқа омиллар билан изоҳлашга уринишларини кескин танқид қилди. «Қора қути» маълумотлари Озарбойжон талаби билан Бразилияда таҳлил қилинмоқда. Алиев натижалар яқин кунларда эълон қилинишини ва воқеа юзасидан тўлиқ тасаввур ҳосил бўлишини таъкидлади. Россия вакиллари ҳозирча бу баёнотга изоҳ бермаган.
Россия ва Эрон стратегик шерик
2025 йил 17 январ куни Москвада Россия ва Эрон ўртасида янги стратегик шериклик шартномаси имзоланади. Янгиланган ҳужжат савдо, иқтисод, энергетика, мудофаа ва хавфсизлик соҳаларида ҳамкорликни кучайтиришни назарда тутади.
Эрон ташқи ишлар вазирлиги вакили Исмоил Бақоий келишувнинг икки давлат ўртасидаги муносабатлар сезиларли даражада кенгайгани туфайли янгиланганини таъкидлади. Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров шартнома минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлашга қаратилганини қайд этди.
Эрон элчиси Козим Жалолийга кўра, ҳужжат Владимир Путин ва Масъуд Пизишкиён учрашувида имзоланади. Newsweek маълумотича, келишув Доналд Трампнинг инаугурациясидан аввал имзоланиши мумкин.
Канада бош вазири истеъфо берди
Канада бош вазири Жастин Трюдо Либерал партия раҳбарлигидан ва бош вазирликдан истеъфо беришини эълон қилди. Партия янги етакчини сайлагунча, парламент иши 24 мартгача тўхтатилади.
Трюдо ўз қарорини ички келишмовчиликлар туфайли келгуси сайловларда энг яхши номзод бўлолмаслиги билан изоҳлади. 2015 йилда либералларни ҳукуматга олиб келган Трюдо пандемия оқибатлари, муҳожирлар оқими, уй-жой бозоридаги муаммолар ва инфляция туфайли кўп бора танқидларга учраган.
Молия вазирининг кутилмаган истеъфоси ҳамда юқори нархлар сабабли босим кучайгани ҳам бош вазирнинг кетишига сабаб бўлди.
Тайванда денгиз кабели зарарланди
Тайван Хитойга тегишли деб тахмин қилинган ва Камерун байроғи остида сузган кема унинг шимолий соҳили яқинидаги «Транстинчокеан экспресс» интернет кабелини зарарлаганини билдирди.
Расмийларга кўра, кема аслида Хитойнинг Jie Yang Trading Limited компаниясига мансуб.
Chunghwa телеком компанияси маълумот алмашинувини бошқа халқаро кабелларга қайта йўналтириб, интернет алоқасини қайта тиклади. Тайван капитанни сўроқ қилиш имконияти йўқлиги сабабли Жанубий Кореядан суриштирувда ёрдам сўради.
Аввалроқ, Болтиқ денгизида шунга ўхшаш ҳолатда Россияга тегишли кема Эстония ва Финландия орасидаги алоқа ҳамда электр кабеллари ва газ қувурига зарар етказган эди.
Мавзуга оид
15:59 / 06.01.2026
Судда кўрсатма берган Мадуро, Зеленский атрофидаги истеъфолар ва Эрон етакчисининг захира режаси – кун дайжести
15:25 / 05.01.2026
Трампнинг давом этаётган таҳдидлари, Яманда авж олган можаро ва Швейцариядаги даҳшатли ёнғин қурбонлари – кун дайжести
17:00 / 30.12.2025
Путин қароргоҳига «дронлар ҳужуми», Трампнинг Эрон ва Ҳамасга таҳдиди ва Ямандаги портни бомбардимон қилган Саудия – кун дайжести
16:06 / 29.12.2025