Жаҳон | 13:47 / 20.07.2025
28685
2 дақиқада ўқилади

Саудияда 20 йил комада ётган шаҳзода вафот этди

У 2005 йилда ЙТҲ оқибатида комага тушган ва «Уйқудаги шаҳзода» сифатида танилганди.

Саудия Арабистони подшоҳлиги хонадони аъзоси, шаҳзода Ал-Волид ибн Холид ибн Талал ибн Абдулазиз Ол Сауд 35 ёшда вафот этди. Бу ҳақда 19 июл куни The National нашри унинг оиласининг баёнотига асосланиб хабар берган, дафн маросими 20 июлга мўлжалланган.

Саудия Арабистонининг «уйқудаги шаҳзодаси» сифатида танилган Ал-Волид 2005 йилдан буён кома ҳолатида эди. 15 ёшли шаҳзода ўшанда Лондондаги ҳарбий лицейда ўқиётган пайтида йўл-транспорт ҳодисасига учраганди. У бош мия жароҳати ва мияга қон қуйилиши оқибатида кома ҳолатига тушган. АҚШ ва Испаниядан келган мутахассислар томонидан кўрсатилган шошилинч тиббий ёрдамга қарамай, у ҳушига келмаган.

Кома пайтидаги айрим рефлекс ҳаракатлари оила аъзоларида умид уйғотган. Хусусан, 2020 йилда оила шаҳзоданинг бармоқлари беихтиёр ҳаракатлангани акс этган видеони тарқатган эди.

Нашрнинг қайд этишича, шаҳзода «умид ва бардош рамзи» ҳисобланарди.

Шаҳзода Ал-Волид – шаҳзода Холид ибн Талалнинг тўнғич фарзанди ва миллиардер Ал Волид ибн Талалнинг жияни, Саудия Арабистонининг биринчи подшоҳи Абдулазизнинг эвараси ҳисобланади. Унинг отаси оғир аҳволдаги ўғлининг ҳаётини узайтириш воситаларини олиб ташлаш ҳақидаги таклифларни қатъий рад этган ва фарзандининг тикланишига умид қилган.

Аммо 19 июл куни унинг ўлими ҳақида эълон қилинди.

Суратлардан бирида унинг устига «Мамлакатимиз қалбимизда» ёзуви туширилган Саудия байроғи ташланган.

Ижтимоий тармоқлар фойдаланувчилари SleepingPrince ҳештеги остида оилага ҳамдардлик билдирмоқда.

Тайёрлаган:  Азиз Қаршиев

Мавзуга оид