Ўзбекистон | 23:45 / 10.08.2020
15233
6 дақиқада ўқилади

Сенатор: Хусусий клиника лицензиясини бекор қилиш муаммога ечимми?

Олий Мажлис Сенатининг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси раиси Одилжон Иминов соғлиқни сақлаш соҳаси мутасаддиларига бир нечта саволлар билан мурожаат қилди.

«Куни кеча эълон қилинган Соғлиқни сақлаш вазирининг «Коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларни даволаш мезонларини тартибга солиш ва ретро-проспектив таҳлил ўтказиш тўғрисида»ги буйруғи билан хусусий тиббиёт ташкилотларининг коронавирусга чалинган беморларни даволаш билан боғлиқ фаолияти бўйича қатъий чоралар кўриш, шу жумладан уларнинг лицензияларини бекор қилиш бўйича судларга даъво аризаларини киритилишининг белгиланиши ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.

Таъкидланаётганидек, хусусий клиникалар «Тез ёрдам» келмасдан, тақдим этилган телефон рақамлари жавоб бермаган бир пайтда, ўлим тўшагида ётган беморларни кўтариб келганларга ҳеч ким ёрдам қилмагани учун уларга ёрдам беришга мажбур бўлган. Шу боис энди тажриба ошиб, янги даволаш стандартлари қабул қилиниб, аҳвол анча енгиллашганда, айб хусусий клиникаларга ағдарилаётганидан норози бўлмоқда.

Шунингдек, хусусий тиббиётга нисбатан бўлаётган «ўгай»ларча муносабатдан, уларни ҳеч ким ҳимоя қилмаётганидан, «хусусий клиникаларда керакли асбоб-ускуналар йўқ, дори-дармон йўқ, улар нотўғри даволайди», деб камситилаётганидан таассуф билдириш билан бирга, «давлат клиникаларида мутлақо тўғри даволанилдими, у ерларда керакли ҳамма нарса бормиди, нега хусусий клиникаларга ҳам тавсиялар, қўлланмалар берилмади?» каби ҳақли эътирозларни келтирмоқда.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги «Ўзбекистон Республикасида коронавирус инфекцияси кенг тарқалишининг олдини олишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига биноан, нодавлат тиббиёт ташкилотларига коронавирус инфекцияси билан касалланган беморларга истисно тариқасида 2020 йил 1 сентябрга қадар тиббий хизмат кўрсатишга рухсат берилган. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими маълумотига кўра, пойтахтдаги фақат 7та хусусий клиника тегишли тартибда шартнома имзолаган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади, бу жами хусусий клиникаларга нисбатан неча фоизни ташкил этади, мутасаддилар томонидан мамлакат учун шундай критик ҳолатда хусусий тиббиёт ташкилотлари қай даражада мазкур хизматларни кўрсатишлари учун шартнома тузишга жалб этилди, рағбатлантирилди, имкониятлар яратиб берилди ёки жараёнга таклиф этилди?!

Шунингдек, қайд этилган қарорга кўра, мутасаддиларга нодавлат тиббиёт ташкилотлари тиббиёт ходимларига коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш ҳамда уни даволашнинг замонавий ва самарали усулларини қўллаш юзасидан амалий кўникмаларни ўргатиш, уларнинг бино-иншоотлари дезинфекция воситалари билан тизимли равишда ишлов берилишини таъминлаш, дезинфекция тадбирларини тўлиқ амалга ошириш учун етарли миқдорда дезинфекция воситалари захирасини яратиш чораларини кўриш топширилган. Хўш, бу йўналишларда қандай ишлар амалга оширилди?!

Мазкур саволларга мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз...

Ўзбекистон Республикасининг «Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида»ги Қонуни 6-моддасида, мутасаддиларга соғлиқни сақлашнинг хусусий ва бошқа хил тизимларини ривожлантиришни бир хилда рағбатлантирувчи шароитлар яратиш вазифаси юкланган. 7-моддасида эса мамлакатда соғлиқни сақлашнинг давлат ва хусусий тизимлари йиғиндисидан иборат ягона соғлиқни сақлаш тизими амал қилиши, шунингдек, хусусий тиббиёт муассасалари Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган рўйхатга мувофиқ беморларга 20 фоизга қадар бепул тиббий хизмат кўрсатиши ва бу хизматлар бюджет ҳисобидан молиялаштирилиши белгиланган.

Хўш, юқорида қайд этилган қонун ва қарорларга мутасаддилар томонидан тўла амал қилиняпти, дея оламизми?..

Мамлакатимизда пандемия оқибатида юзага келган мураккаб эпидемиологик вазиятда мутасаддилар соғлиқни сақлаш тизимининг барча бўғинларини бирдек кўриб, бутун эътиборни вазиятни яхшилашга қаратмоқдами? Хусусий клиникалар ҳам бошқалар қатори давлат лойиҳаларига таклиф этилмоқдами, улар мамлакат соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш жараёнларига жалб этилмоқдами? Пандемия шароитида давлат тиббиёт тизими оғир аҳволга тушиб қолганда,тизимнинг маълум «юки»ни ўз зиммасига олган нодавлат тиббиёт муассасалари вакиллари ҳукумат томонидан қандай рағбатлантирилмоқда?

Албатта, ушбу йўналишларда ҳам мутасаддилардан жавоб кутиб қоламиз...

Ижтимоий тармоқларда тўғри таъкидланаётганидек, инвесторлар томонидан юртимизда тиббиёт муассасалари қурилиб, замонавий тиббиёт технологиялари олиб келиниши, умуман, тизимга инвестициялар жалб қилиниши соғлиқни сақлашнинг давлат ва хусусий тизимлари йиғиндисидан иборат ягона тизимнинг қай даражада тараққий этганига боғлиқ.

Шунинг учун тегишли давлат органларидан қўйилган саволларга жавоблар билан бирга, мамлакат тиббиёт тизимини соғломлаштириш бўйича таклиф ва тавсиялар ҳам кутамиз», – деб ёзади Сенат қўмитаси раиси Одилжон Иминов.

  • Эслатиб ўтамиз, 7 август куни Соғлиқни сақлаш вазирлигида Covid-19 инфекциясини аниқлаш ва даволашда қатнашаётган хусусий тиббиёт муассасаларининг вакиллари иштирокида йиғилиш ўтказилган. Унда Ўзбекистонда коронавирус беморларини даволовчи хусусий клиникалар устидан назорат кучайтирилиши маълум қилиниб, вазирлик даволаш стандартлари бузилса, клиниканинг лицензияси суд орқали бекор қилиниши ҳақида огоҳлантирганди.

Мавзуга оид