Жаҳон | 16:48 / 24.02.2022
42523
4 дақиқада ўқилади

Песков: Россиянинг мақсади Украинани босиб олиш эмас

Кремлда ҳарбий операциядан мақсад «Украинани озод қилиш» экани айтилди.

Фото: Игорь Иванко / Коммерсантъ

Россиянинг «махсус ҳарбий операция» ўтказишдан мақсади гўёки Украинани миллатчилардан тозалаш ҳисобланади. Бу ҳақда Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков айтди.

«Ҳеч ким Украинани босиб олиш ҳақида ўйламаяпти. Операциядан мақсад – Украинани демилитаризация қилиш. Энг идеал ҳолатда эса Украинани озод қилиб, миллатчилардан тозалаш. Ижтимоий сўровларга кўра, россияликлар операцияни ЛХР ва ДХРни тан олишни қўллагани каби қўллаб-қувватлайди.

Операция муддати воқеалар ривожига боғлиқ. Қарорни президент қабул қилади. Украина тақдирини эса украин халқи ҳал қилади», деди Песков матбуот анжуманида.

Путин россияликларга мурожаатида ҳарбий операциядан мақсад «Украинани «денацификация қилиш» эканини айтганди. Песковнинг тушунтиришича, Путин бу гапи билан айнан «Украинани миллатчилардан озод қилиш»ни назарда тутган.

Песков ва журналистлар ўртасидаги мулоқот қуйидагича ўтди:

«Коммерсант FM»: «Махсус операция»нинг мақсади ва муддати ҳақида маълумот бера оласизми?

Песков: Мақсад ҳақида президент гапирганди – Украинани демилитаризация ва денацификация қилиш. Иккаласи ҳам мамлакатимиз ва халқимизга хавф туғдирмоқда. Муддат натижаларга қараб белгиланади. Аниқ муддатни табиийки бош қўмондон президент белгилайди.

«Коммерсант FM»: Рус қўшинлари ДХР ва ЛХРни қўллаб, қаергача бормоқчи?

Песков: Операцияга оид ҳарбий ёки техник маълумотлар бера олмайман. Бу борада бирламчи манба қуролли кучларимиз ҳисобланади.

Bloomberg: Кремлда денацификация иборасини қандай тушунишади? Бу Киевда ҳукуматни ўзгартириш учун керакми?

Песков: Бу энг яхши ҳолатда Украинани озод қилиб, миллатчилардан, миллатчи кайфиятидаги одамлар ва бундай ғоялардан тозалаш бўлади.

Bloomberg: Украина президенти ва ҳукумати миллатчи кайфиятдаги одамлар ҳисобланадими?

Песков: Бу борада аниқлик киритишдан тийиламан.

Bloomberg: Россия Украинадаги ҳарбий операцияни тўхтатмоқчими? Қандай шартлар билан?

Песков: Операциянинг ўз мақсадлари бор. Президент қарор қабул қилингани ва кўзланган мақсадга эришилишини айтди.

Bloomberg: Яъни операцияни тез орада тугатиш режалаштирилмаяптими?

Песков: Бу ҳақда ҳеч нима билмайман, ҳаммаси бош қўмондонга боғлиқ.

Bloomberg: Президентнинг наздида демилитаризация деганда бутун Укарина армиясини яксон қилиш тушуниладими?

Песков: Бу хорижий давлатлар хизмати билан кенгайтирилган ҳарбий имкониятни зарарсизлантириш дегани.

Bloomberg: Украина армиясини йўқ қилиш мақсадлардан бирими?

Песков: Бу ҳақда жавоб бериб бўлдим.

CNN: Миллатчилардан тозалаш деганда нима назарда тутилмоқда? Қандайдир ташкилотми ёки ҳукуматдаги миллатчиларми?

Песков: Аниқлик кирита олмайман.

CNN: Россия ҳукуматининг фикрича, Украинада ҳукумат алмашиши керакми?

Песков: Бу саволга ҳозир жавоб бера олмайман.

РИА Новости: Операция фақат ДХР ва ЛХР ҳудудида ўтказиладими ёки Украинанинг бошқа ҳудудларида ҳамми?

Песков: Бу савол ҳарбийларга.

РИА Новости: Амалиётда Беларусь ҳам қатнашяптими?

Песков: Бу ҳам ҳарбийларга бериладиган савол.

Reuters: «Миллатчилардан тозалаш» дегани Россия армияси бутун Украинага киришини англатадими?

Песков: Кейинги савол, мен бунга жавоб бериб бўлдим.

Мавзуга оид