Ўзбекистон | 18:46 / 30.01.2023
46521
3 дақиқада ўқилади

Боғча ходимларининг маоши оширилади

2023 йилда мактабгача таълимдаги педагогларнинг маошлари умумтаълим мактаб ўқитувчиларининг лавозим маошларига тенглаштирилади. Боғчалар директорлари, тарбиячиларнинг ёрдамчилари, боғчалар ошхонаси ва бухгалтерияси ходимларининг ойлиги ҳам сезиларли ошади.

Фото: ЎзА

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги масъул ходими Мавлуда Асқархўжаева АОКАдаги брифингда боғчалар фаолиятига доир 2023 йилда бажариладиган устувор вазифаларни санаб ўтди.

Унинг айтишича, бу йил мактабгача таълим ходимларининг маошлари қуйидагича оширилади:

  • педагог ходимлар лавозим маошлари умумтаълим мактаби ўқитувчиси лавозим маошига тенглаштирилади;
  • директор лавозим маоши умумтаълим мактаби директори (3- ва 4-гуруҳ) лавозим маошига тенглаштирилади;
  • тарбиячи ёрдамчиси лавозим маоши 70 фоиз оширилади;
  • ошхона ва бухгалтерия ходимлари лавозим маошига 100 фоиз устама белгиланади.

Бундан ташқари, 2023 йилда қуйидаги устувор вазифалар ижроси ҳам кутилмоқда:

  • 3-7 ёшли болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини 74,4 фоизга, жумладан 6 ёшли болаларни мактабгача тайёрлов тизими билан қамраб олиш даражасини 92 фоизга етказиш;
  • давлат-хусусий шерикчилиги асосидаги 1 600 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини ҳамда оилавий мактабгача таълим ташкилотларини ташкил этиш;
  • Жаҳон банки маблағлари ҳисобидан 35 та жиҳозланган автобуслар негизида 70 та маҳаллаларда 140 та «Ақлвой» мобил гуруҳлари фаолиятини йўлга қўйиш;
  • 8000 та нодавлат мактабгача таълим ташкилотини давлат бюджети маблағлари ҳисобидан 23 номдаги ўқув-услубий ва дидактик материаллар билан таъминлаш;
  • 6 ёшли болалар таълимига эҳтиёж бор ҳудудларни ота-оналар талабларига биноан аниқлаш мақсадида махсус электрон платформа ишлаб чиқиш;
  • Мактабгача таълим тизимида молиявий жараёнларнинг шаффоф тарзда амалга оширилиши учун зарур шароитларни яратиш; яъни биометрик идентификация қилиш технологияси орқали давлат мактабгача таълим ташкилотлари ходимлари ва тарбияланувчиларининг давоматини юритиш учун “Болалар боғчаси” ва “Нодавлат мактабгача таълим ташкилотларини бошқариш” (НМТТБ) ахборот тизимлари тўлиқ юритилишини таъминлаш;
  • президентнинг 2022 йил 9 июндаги “Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси фаолиятини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 150-сон фармонига тегишли ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш бўйича асосланган таклиф ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасига киритиш;
  • мактабгача таълим тизимида тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, соғлиқни сақлашнинг бирламчи тизими ва мактабгача таълим ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик механизмларини такомиллаштириш;
  • давлат мактабгача таълим ташкилотларида замонавий (комбинат) марказийлаштирилган усулларидан фойдаланган ҳолда соғлом овқатлантиришни ташкил этишни тажриба-синовдан ўтказиш.

Мавзуга оид