Light | 20:36 / 06.08.2018
22657
5 дақиқада ўқилади

Мутолаа завқи. ​​“Сўнгги тўфон” - ҳалоллик ҳақида асар

Ҳеч ҳалол ва ҳаром орасида иккиланиб кўрганмисиз? Ҳа, деб жавоб беришингиз тайин. Чунки ҳаётимиз бутунлай ҳалол ва ҳаром ўртасидаги курашдан иборат. Бу том маънодаги жанг давомида нафсимиз гоҳ у томонга ён босса, гоҳ бу томонга ён босади.

Баъзан шундай «олишув»да ақлимизни таниган инсонлар бўлсак-да, иккиланамиз. Кўриниши бизга фойда келтирадиган юмуш бўлса-да, шаъран номаъқул ишни қилишимизга тўғри келиб қолганда «тирикчилик кўйида-ку», дея ўзимизни оқлаймиз. Аммо шунда ҳам ичимизнинг аллақаери симиллаб оғриб қўяди. Бизки, оқ ва қорани ажратадиган ёшда бўла туриб, мана шундай йўл олдида иккиланиш сезяпмиз, тасаввур қилинг-чи, мактабга чиқиб-чиқмаган гўдак қандай йўл тутган бўларди? Мурғаккина ҳалол ва ҳаромни танлаши керак бўлганда ҳалол томон тўғрилик эканини фарқлай олармиди?

Қалами ўткир турк ёзувчиси Аҳмад Лутфи Қозончининг «Сўнгги тўфон» асарини ўқир экансиз, қаҳрамон Ҳасаннинг ёш болалигидан тортиб улғайгунга қадар чеккан изтиробларини — онаси билан бирга отаси томонидан хўрланишини, ўз падари ўғриликка ундашини, нафси билан олиб борилган муҳорабаларни, ўсмирлик ёшининг босимларини ҳамда Ҳасан бу синовлардан қандай ўтганини, етти ёт бегона инсонлардан кўрган яхшиликлари кўнглига қандай кечинмалар солганини, келажакда қандай қилиб чин маънода муслим, хушхулқ инсон бўлиб етишганини тушуниб етасиз ва умуман олганда, қодир Аллоҳнинг тошда ҳам гул униши борасидаги тушунчага берган мукаммал мисоли билан танишасиз.

Ҳақни таниган тақводор аёл Фарида ҳамда бебош, безори, оқибатда ўғрига айланган Турсуннинг фарзанди Ҳасан кичик ёшиданоқ совуқ, очлик ҳиссини тотиб кўради. Тенгдошлари иссиқ уйларда яшаб, қалин оёқ кийимлар билан ўзларини муҳозафа қилганда уларга ҳавас билан термуларкан, ўзи сал ёмғир ёғса ичига сув тўладиган оёқ кийим билан кун ўтказади. Кун келиб, раҳмдил инсон унга янги оёқ кийим ҳадя қилганда безори ота ўғлиники бўлган бу этикчаларни қиморда ютқазди. Тақдир фақат шу билан кифояланганда эди…

Йўқ, бахтга қарши олдинда бундан ҳам катта синовлар бор эди. Падари энди ўз ўғлини қинғир ишга қандай чорлаш устида бош қотира бошлади. Бир кун бунга қатъий ундади ҳам. Ўзганинг даргоҳига отасининг етаклови билан кирган Ҳасаннинг олдидан кутилмаганда «ов ўлжаси» — дуру марваридлар чиқиб қолди. Шу оний лаҳзада болакай хаёлининг минг бир кўчасида ўзи билан олишди. Қилишга тутинган иши гуноҳи кабира эканлигини билгани ҳолда, отасининг тазйиқидан қандай қутулишни билолмай қолди. Мурғаккинанинг кўнглига Аллоҳ солган тўғрилик шу лаҳзада ҳам ўзини оқлади — бола бировнинг мулкини ўзининг дастрўмолчаси орқали ўзидан муҳофаза қилди. Ҳасанга йиллар ўтиб ором олаётган шу уй эгаларининг солиҳа фарзандига ёр бўлишини ўша пайт айтишганда тасаввур ҳам қилолмасди эҳтимол. Бироқ, бу ҳақиқат эди.

Орадан ўтган йиллар унинг учун катта синов бўлди. Умр йўлида тасодифан учраган йўловчи, унинг ёрдами билан топган устози, суюкли ёри унга мудом ҳамроҳ бўлишди. Бу орада анчагина йўқотишлар ҳам қилишига тўғри келса-да, фақирлик жон-жонидан ўтиб кетганига қарамай, ўзини ҳаром иш қилишдан, «ўғрининг боласи ўғри бўлади» деган хулосадан асраб келди.

Қадрли ўқувчи, инсон китоб мутолаа қилганда нафақат воқеаларни ҳаёлида жонлантиради, балки уни таҳлил қилиб, хулоса чиқаради. Kun.uz сайтида «Мутолаа завқи» сарлавҳаси орқали тавсия қилинаётган асарлар, хусусан, ушбу китоб нафақат вақтингизни мазмунли ўтказади, балки қаҳрамонларнинг ҳаётий тажрибалари умрингиз давомида сизга тўғри йўл кўрсатади.

 

Эъзозхон ИСМАТОВА,

НавДПИ талабаси


Ўқишни тавсия этамиз: Мутолаа завқи. "Қумдаги хотин" хусусида

Қироллар ўқиган асар – «Ҳукмдор» ҳақида

Мавзуга оид