Жаҳон | 14:35 / 23.04.2026
2918
8 дақиқада ўқилади

Пентагонда яна истеъфо, Британияда чекишга қарши қатъий чеклов ва қозоқ нефти транзитини тўхтатган Россия – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Эрон—АҚШ музокаралари

Чоршанба куни Эрон Ҳўрмуз бўғозида иккита кемани қўлга олди ва стратегик сув йўли устидан назоратни янада кучайтирди. Бу воқеа АҚШ президенти Доналд Трамп ҳужумларни номаълум муддатга тўхтатишини эълон қилганидан бир кун ўтиб содир бўлди.

Эрон парламенти спикери Муҳаммад Боқир Ғолибофнинг таъкидлашича, тўлиқ сулҳ фақат АҚШ блокадасида олиб ташланган тақдирдагина маънога эга бўлади. У Ҳўрмуз бўғозини «сулҳнинг қўпол равишда бузилиши» шароитида қайта очиш имконсиз эканини айтди.

«Сиз ҳарбий тажовуз орқали мақсадларингизга эриша олмадингиз ва зўравонлик билан ҳам бунга эриша олмайсиз. Ягона йўл — Эрон халқининг ҳуқуқларини тан олишдир», деб ёзди Ғолибоф.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси «денгиз қоидаларини бузгани учун» иккита кемани қўлга олган ва уларни Эрон қирғоқларига кузатиб борган. Бу уруш бошланганидан бери Эрон томонидан кемаларнинг илк бор қўлга олинишидир. Инқилобий гвардия шунингдек, бўғоздаги тартиб ва хавфсизликка қилинган ҳар қандай аралашув «қизил чизиқ» деб ҳисобланишидан огоҳлантирди.

Оқ уй матбуот котиби Эрон қўлга олган кемалар АҚШ ёки Исроилга тегишли бўлмагани сабабли уларнинг ушланиши сулҳнинг бузилиши эмаслигини айтди.

Эрон ҳам, АҚШ—Исроил иттифоқи ҳам урушда ғалаба қозонаётганини даъво қилишда давом этмоқда. Сешанба куни Теҳронда ўтказилган парадда Эрон ўзининг баъзи баллистик қуролларини намойиш этди. Давлат телевидениеси Эрон байроқларини ҳилпиратаётган оломонни ва фонда бўғозни ушлаб турган мушт тасвирланган баннерларни кўрсатди. Умуман олганда вазият ҳар икки томонни ҳам ноаниқ ҳолатда қолдирмоқда.

Британия никотиндан зарарланмаган авлодни яратмоқчи

Буюк Британияда қонунчилар чекишга қарши янги қатъий чекловларни маъқуллади. Энди 17 ёш ва ундан кичик бўлган болалар, шунингдек, келажакда туғиладиган ҳар қандай шахс ҳеч қачон қонуний равишда сигарет сотиб ололмайдиган бўлади.

«Тамаки ва вейплар тўғрисида»ги қонун тамаки маҳсулотларини сотиб олишнинг қонуний ёшини 2009 йил 1 январда ёки ундан кейин туғилган шахслардан бошлаб ҳар йили бир йилга ошириб боради. Бу эса мазкур ёш гуруҳлари учун чекишга нисбатан бутун умрлик тақиқни англатади.

Келаси ҳафта қирол томонидан тасдиқланиши кутилаётган ушбу қонун вейпинг устидан назоратни ҳам кучайтиради. Жумладан, 18 ёшга тўлмаганларга вейп ва никотин маҳсулотларини сотиш тақиқланади. Шунингдек, уларнинг рекламаси, намойиш этилиши, бепул тарқатилиши ва чегирмалар билан сотилиши ҳам чекланади.

Ҳукуматнинг таъкидлашича, ушбу чоралар чекишни камайтиришга ва ёшларнинг никотинга боғланиб қолишининг олдини олишга ёрдам беради. Бу эса ўз навбатида соғлиқни сақлаш хизмати зиммасидаги босимни енгиллаштиради.

«Буюк Британиядаги болалар чекишдан холи бўлган биринчи авлод вакиллари бўлишади ҳамда бутун умрлик қарамлик ва зарардан ҳимояланади», деди соғлиқни сақлаш вазири Уэс Стритинг.

Расмий ҳисоб-китобларга кўра, Англияда чекиш ҳар йили тахминан 64 минг кишининг ўлимига ва 400 минг кишининг касалхонага ётқизилишига сабаб бўлади. Бунинг умумий иқтисодий зарари 26 миллиард доллардан ошади.

Россия Қозоғистон нефти транзитини тўхтатди

Чоршанба куни Қозоғистон энергетика вазири техник чекловлар туфайли май ойи давомида Россия орқали Германияга нефт транзити амалга оширилмаслигини маълум қилди. Вазир Ерлан Аккенженов «техник имконият масаласи ҳал бўлиши биланоқ қозоқ нефти транзити қайта тикланишини» қўшимча қилди.

«Россия томонидан ҳозирча расмий баёнот берилгани йўқ. Аммо норасмий манбалардан биламизки, май ойи учун «Дружба» қувури бўйлаб Германиянинг Швед нефтни қайта ишлаш заводига транзит кўрсаткичи ҳақиқатан ҳам нолга тенг», деди вазир.

Унинг сўзларига кўра, «техник имконият етишмаслиги — катта эҳтимол билан Россия инфратузилмасига берилган сўнгги зарбалар билан боғлиқ». Вазир бу шунчаки унинг тахмини эканини таъкидлади. Прогнозларга кўра, узилиш — апрел, май, июн ойлари учун ҳам бўлиши мумкин.

Қозоғистон мазкур қувур орқали Германия заводларига кунига 200 минг баррелгача нефт экспорт қилади. Қозоқ нефти Германия Швед заводи истеъмолининг тахминан 20-30 фоизини ташкил қилади.

Аммо «Дружба» қувури орқали транзит Қозоғистон умумий нефт экспортининг катта қисми эмас. Энди расмий Остона жўнатилмаган нефт ҳажмлари бошқа йўналишларга қайта йўналтирилади.

Салвадорда оммавий суд

21 апрел куни Салвадорда жиноий гуруҳ аъзоси экани айтилаётган 486 нафар шахсга нисбатан жамоавий суд жараёни бошланди. Бу президент Найиб Букеле фавқулодда ваколатлар орқали тўдаларга қарши кураши доирасида энг йирик оммавий судлардан биридир.

Прокурорларнинг таъкидлашича, «Мара Салватруча» тўдаси аъзоларига қўйилаётган айбловлар 2012 йилдан 2022 йилгача содир этилган 47 мингдан ортиқ жиноятни ўз ичига олади. Айбловлар қаторида қотиллик, товламачилик ва ноқонуний қурол савдоси бор.

Ҳозирги иш бўйича айбланувчилар бешта қамоқхонада, жумладан, Салвадорнинг жиноий тўдаларга нисбатан муросасиз кураши тимсолига айланган машҳур CECOT қаттиқ тартибли қамоқхонасида сақланмоқда.

Салвадор прокуратураси судядан ҳар бир жиноят учун максимал қамоқ жазосини беришни сўради. Агар айбланувчи бир нечта моддалар бўйича айбдор деб топилса, у 245 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин.

Салвадорда 2022 йилда кучга кирган ва мунтазам равишда узайтириб келинаётган фавқулодда ҳолат режими остида хавфсизлик кучлари 91 500 дан ортиқ кишини ҳибсга олди. Конгресс эса оммавий суд жараёнларига рухсат берувчи фармонни қабул қилди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бундай жамоавий таъқиблар ҳуқуқий тартиб-қоидаларни бузиши ва айбланувчиларнинг адвокатдан фойдаланишга тўсқинлик қилишини айтмоқда.

АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари раҳбари ишдан олинди

22 апрел куни АҚШ ҳарбий-денгиз кучлари котиби Жон Фелан лавозимидан озод этилди. Пентагон унинг кетишини қисқа баёнотда эълон қилиб, у «дарҳол кучга кирувчи» тартибда кетишини билдирди. Бироқ вазирлик кетиш сабабини очиқламади ёки бу Феланнинг шахсий қарори экани ҳақида ҳам маълумот бермади.

Манбаларга кўра, Фелан кемасозликни тезлаштириш бўйича ислоҳотларни амалга оширишда жуда секин ҳаракат қилгани ҳамда Пентагоннинг асосий раҳбарияти билан келиша олмай қолгани учун ишдан бўшатилган.

Шунингдек, манба Фелан идорасига нисбатан олиб борилаётган этика текширувини ҳам сабаб сифатида кўрсатди.

2 апрел куни Ҳегсет армия штаби бошлиғи Ренди Жоржни ҳам ҳеч қандай сабаб кўрсатмасдан ишдан бўшатганди.

Сўнгги кадрлар алмашинуви Эрон билан беқарор сулҳ даврига тўғри келмоқда. Бундан ташқари, АҚШ ҳарбийлари Эрон блокадасини амалга оширишда денгиз флотига таянмоқда.

Денгиз флоти ўз кемалари сонини кўпайтириш бўйича кучли босим остида қолган. Чунки Хитойнинг кемасозлик саноати — бир пайтлар глобал етакчи бўлган АҚШни ортда қолдирмоқда.

Трампнинг 2027 молия йили учун 1,5 триллион долларлик мудофаа бюджети сўровига — янги қуриладиган 18 та ҳарбий кема ва 16 та ёрдамчи кемани сотиб олиш учун 65 миллиард доллардан ортиқ маблағ киритилган.

Бу Пентагон томонидан «Олтин флот» ташаббуси деб аталаётган режанинг бир қисми бўлиб, 1962 йилдан бери кемасозлик учун сўралган энг йирик маблағдир.

Фаррух Абсаттаров
Муаллиф Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид