Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз
АҚШ—Эрон келишмовчилиги
Душанбага келиб АҚШ ва Эрон ўртасидаги сулҳ битими бузилиши борасидаги хавотирлар кучайди. АҚШ Эрон портларини блокадада ушлаб туришда давом этмоқда. Эрон эса Ҳўрмузда денгиз қатновига нисбатан ўз блокадасини гоҳ бекор қилиб, гоҳ қайта жорий этмоқда.
АҚШ ҳарбийлари якшанба куни Бандар-Аббос порти томон сузаётган Эрон байроғи остидаги юк кемасига қарата ўт очганини маълум қилди. «Кема тўлиқ бизнинг назоратимизда ва биз бортида нима борлигини текширяпмиз!» деб ёзди президент Трамп ижтимоий тармоқларда.
Эрон ҳарбийларига кўра, кема Хитойдан келаётган бўлган. «Биз огоҳлантирамизки, Эрон қуролли кучлари тез орада АҚШ ҳарбийларининг ушбу қуролли қароқчилигига жавоб қайтаради ва қасос олади», деди Теҳрон ҳарбий расмийси.
Форс кўрфазига кириш ва чиқиш қатнови минимал даражага тушиб қолиши эҳтимоли сабабли нефт нархи кескин кўтарилди, фонд биржалари эса тебрана бошлади.
Эрон давлат ОАВларининг хабар беришича, Теҳрон янги тинчлик музокараларини рад этган. Бунга давом этаётган блокада, Трампнинг таҳдидли риторикаси, Вашингтоннинг ўзгарувчан позицияси ва «ҳаддан ташқари талаблари» сабаб бўлган.
«Бошқалар учун бепул хавфсизлик кутган ҳолда Эроннинг нефт экспортини чеклаб бўлмайди. Танлов аниқ: ёки барча учун эркин нефт бозори, ёки ҳамма учун жиддий харажатлар хавфи», деб ёзди Эроннинг юқори мартабали амалдори Муҳаммадризо Ориф.
Бундан аввал Трамп агар Теҳрон унинг шартларини рад этса, АҚШ Эрондаги барча кўприк ва электр станцияларини йўқ қилишидан огоҳлантирганди. Унинг сўнгги пайтлардаги доимий таҳдидлари ўз услубида давом этмоқда.
Эрон эса агар Америка унинг фуқаролик инфратузилмасига ҳужум қилса, АҚШ базалари жойлашган қўшни Араб давлатларининг электр станциялари ва сувни чучуклаштириш иншоотларига зарба беришини айтган.
Асосий воситачи вазифасини бажараётган Покистон шу ҳафта бошидаги эҳтимолий музокараларга тайёргарлик кўрмоқда. Исломободда жамоат транспорти ва оғир юк машиналари ҳаракати тўхтатилди. Ўтган ҳафта музокаралар бўлиб ўтган Серена меҳмонхонаси қаттиқ қўриқловга олинди.
















