Жаҳон | 14:55
1468
7 дақиқада ўқилади

Ҳўрмузни очган Эрон, Россия чегарачиларида янги ваколат ва Трампнинг Исроилга талаби – кун дайжести

Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеа ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномада таништирамиз.

Ҳўрмуз вақтинчалик очилди

Эрон Ливанда эришилган ўт очишни тўхтатиш келишувидан сўнг Ҳўрмуз бўғозини вақтинча қайта очди.

Жума куни эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи стратегик бўғоз барча тижорат кемалари учун очиқлигини эълон қилди. Бу очиқлик Исроил ва Ливан ўртасида АҚШ воситачилигида эришилган 10 кунлик сулҳ давомида амал қилади.

Бироқ ҳар икки томоннинг кейинги баёнотлари ва тушунтиришлари кема қатнови қанчалик тез нормал ҳолатга қайтишини ноаниқликда қолдирди. Жума куни баъзи кемалар бўғоздан ўтишга уриниб кўргани, бироқ муваффақиятсизликка учраб, ортга қайтгани кузатилди.

АҚШ президенти Доналд Трамп Аризона штатидаги митингда сўзга чиқиб, Ароқчининг баёнотини «дунё учун ажойиб ва порлоқ кун» деб атади. Бироқ Трамп Эрон портларига йўналган кемалар блокадаси «эронликлар билан келишув 100% бажарилмагунча» ўз кучида қолишини айтди.

Эрон бунга кескин муносабат билдирди. Парламент спикери Муҳаммад Боқир Ғолибоф агар АҚШ блокадаси давом этса, Ҳўрмуз бўғози «очиқ қолмаслигини» айтди. Шунингдек, у Трампни жума кунги тинчлик музокаралари ҳақида кўплаб ёлғон маълумотлар тарқатишда айблади.

Эрон мудофаа вазирлиги ҳарбий кемалар ва «душман кучлари» — АҚШ ва Исроилга тегишли кемаларнинг ўтишига ҳамон рухсат берилмаслигини таъкидлади.

Шунингдек, Трамп НАТОнинг ёрдам бериш таклифини рад этди ва уларга аралашмасликни айтганини билдирди.

«Улар керак бўлганда фойдасиз эди, улар — қоғоз йўлбарс!» деб ёзди Трамп. Шундан сўнг у Форс кўрфази иттифоқчилари — Саудия Арабистони, БАА ва Қатарга миннатдорлик билдирди.

АҚШнинг НАТОдаги иттифоқчилари душанба куни Трампнинг Эрон портларини блокада қилиш режасига аралашмасликларини, фақат жанглар тугаганидан кейингина ёрдам беришларини маълум қилганди.

Томонлар ҳозиргача тинчлик музокараларининг асосий тўсиғи бўлиб келаётган Эрон ядро дастури масаласини қандай ҳал қилиши ҳам ноаниқлигича қолмоқда. Эрон ўзининг фуқаролик ядровий энергия дастурига бўлган ҳуқуқини ҳимоя қилиб келмоқда.

Денгиз қатнови қайта тикланиши ҳақидаги хабарлар ортидан нефт нархи қарийб 10 фоизга арзонлашди, глобал акциялар бозори эса кескин кўтарилди.

Россия чегарачиларига янги ваколатлар

2026 йил апрелдан Россия «Давлат чегараси тўғрисида»ги федерал қонунига киритилган ўзгартириш билан Федерал хавфсизлик хизмати ваколатлари кенгайтирилди.

Энди чегара хизмати ходимлари вокзал ва аэропортда Россияга кираётган ёки ундан чиқаётган ҳар бир кишининг электрон қурилмалари — смартфон, планшет, ноутбук ва бошқа гаджетларини кўздан кечириши мумкин.

Текшириш қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ўтказилади: чегара режимини бузганда, контрабанда, экстремизм ёки бошқа ҳуқуқбузарликларда гумон қилинганда. Қонун ҳаммани оммавий равишда тўлиқ текширишни назарда тутмайди — кўрик танлаб ўтказилади, аммо шубҳа туғилганда мажбурий бўлади.

Агар чегарачи текширув учун қурилмани беришни талаб қилганида фуқаро рад этса, бу қонуний буйруққа бўйсунмаслик сифатида баҳоланиши мумкин. Россия қонунчилигига кўра, бундай бўйсунмаслик учун – 7 минг рублгача жарима ёки 15 суткагача маъмурий қамоқ жазоси мавжуд.

Юқорида қайд этилганидек, бу тартибни чегарачилар ўзлари гумонланган шахсларга қўллайди. Бу эса сўнгги йилларда Россияга киришда қийинчилик ва навбатларга дуч келаётган марказий осиёлик мигрантлар учун яна бир синов бўлиши кутилмоқда.

«Исроил Ливанга ҳужум қилмайди»

АҚШ президенти Доналд Трамп Исроилга Ливанни бомбардимон қилишни давом эттиришни тақиқлади. Трамп АҚШнинг узоқ йиллик иттифоқчисига кутилмаган кескин оҳангда гапирди.

«Исроил энди Ливанни бомбардимон қилмайди. Уларга АҚШ томонидан бу ТАҚИҚЛАНДИ. Етар энди!!!» деб ёзди Трамп ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.

Шунингдек, Трамп қатор постларида Эрон билан эришадиган ҳар қандай келишув «ҳеч қандай тарзда Ливанга боғлиқ эмаслигини» ва АҚШ «Ҳизбуллоҳ»га нисбатан тегишли чоралар кўришини таъкидлади.

«Яна бир бор! Бу келишув ҳеч қайси жиҳатдан Ливанга боғлиқ эмас, лекин биз ЛИВАННИ ЯНА БУЮК ҚИЛАМИЗ!» – деб ёзди Трамп кейинги постида.

Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу идораси Трампнинг ушбу сўзларига муносабат билдирмади. Бироқ Нетаняҳу аввалроқ берган баёнотида Исроил кучлари «яқинлашиб келаётган хавф»дан ҳимояланиш учун Жанубий Ливанда қолишини айтган эди.

«Бизда ракеталар ва дронлар хавфига қарши режалаштирган ишларимиз бор, уларни бу ерда батафсил баён қилмайман», деди Нетаняҳу.

АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган Исроил–Ливан ўт очишни тўхтатиш келишуви пайшанба куни кечки пайт кучга кирди. Бу билан 2 март куни бошланган Исроил — «Ҳизбуллоҳ» ўртасидаги жанглар тин олди. Ливан расмийларига кўра, Исроил ҳужумлари оқибатида 2000 киши ҳалок бўлган.

Ҳаитида очарчилик

Пайшанба куни эълон қилинган янги баҳолаш ҳисоботига кўра, Ҳаити давлатида қарийб 5,8 миллион киши — аҳолининг ярмидан кўпи яқин ойларда ўткир озиқ-овқат хавфсизлиги муаммосига дуч келиши кутилмоқда.

IPC маълумотларига кўра, улардан 1,8 миллиондан ортиғи фавқулодда ҳолат босқичида бўлиб, шошилинч озиқ-овқат ёрдамига муҳтож.

Ҳисоботда айтилишича, инқироз — хавфсизлик ҳолатининг ёмонлашиши, иқтисодий зарбалар ҳамда бозорлар ва қишлоқ хўжалигидаги мунтазам узилишлар туфайли янада кучайган. Қуролли гуруҳлар мамлакатнинг турли қисмларида ўз назоратини кенгайтирган. 1,4 миллиондан ортиқ одам эса ўз яшаш жойини тарк этишга мажбур бўлган. Бу эса озиқ-овқат захираларига юкламани ошириб, заиф қатламларни очлик домига чуқурроқ итармоқда.

Бутунжаҳон озиқ-овқат дастурининг маълум қилишича, давомли ёрдамлар натижасида ўтган йилдан бери қарийб 200 000 аҳолининг ҳолати яхшиланган. Бироқ бу умумий рақамлар олдида жуда кичик ёрдам.

Фаррух Абсаттаров
Тайёрлаган Фаррух Абсаттаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид