Ўзбекистонда лоукостер форматидаги янги авиакомпания иш бошлади
Лоукостер, арзон нархлардаги хизмат кўрсатишни йўлга қўйган янги Centrum Air компанияси ҳозирча 180 кишига мўлжалланган бешта Boeing 737 ва A320 самолётларида хорижий ва маҳаллий авиапарвозларни бошлайди.
18 январ куни Тошкент халқаро аэропортида лоукостер форматида фаолият юритадиган янги Centrum Air авиакомпаниясининг тақдимоти бўлиб ўтди. Компаниянинг йўловчилар учун парвозлари Ўзбекистон ичида ҳам, чет эл мамлакатларида ҳам амалга оширилади.
Centrum Air компанияси ўз фаолиятига замонавий бошқарув усуллари ва хизмат кўрсатишнинг юқори даражасини жорий қилмоқда. Бунинг учун компанияда 250 нафар маҳаллий ва 400 нафардан ортиқ хорижий мутахассислар ишлайди. Хорижлик мутахассислар тажрибасини оммалаштириш мақсадида авиа-тренинглар йўлга қўйилади.
Айни пайтда авиакомпания ҳар бири 180 кишига мўлжалланган бешта Boeing 737 ва A320 самолётлари ёрдамида йўловчиларга хизмат кўрсатади. 2023 йилда компания ўз паркини 20 та самолётга, кейинги уч йилда эса 100 тагача кенгайтиришни режалаштирмоқда.
Бош директор Абдулазиз Абдураҳмонов компания Венгриянинг WizzAir компанияси тажрибасидан келиб чиққан ҳолда арзон авиахизматларни йўлга қўйиш билан бошқа авиакомпаниялардан ажралиб туришини айтди:
“Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган фармонлар натижасида юртимизда ички ва зиёрат туризми жадал суръатлар билан ривожланмоқда. Умид қиламизки, бизнинг авиакомпания тармоқ, ички туризм ва умуман фуқаролик авиацияси ривожига ўз муносиб ҳиссасини қўшади.
Аҳолимиз ўртасида авиақатновлардан фойдаланиш маданияти суст. Марказий Осиё давлатлари ичида энг паст кўрсаткичларда десак ҳам бўлади. Вилоятлар орасидаги масофани босиб ўтиш учун 7-8 соатлаб вақт кетказишга мажбур бўлишади. Чунки рейсларимиз кам. Биз рейсларни кўпайтириш орқали шу маданиятни ривожлантиришимиз, бутун Ўзбекистонни ва Марказий Осиё давлатларини бир-бирига боғлашимиз керак” -, дейди компания раҳбари.
Унинг маълум қилишича, мазкур компания учун дунёнинг бир қатор мамлакатлари билан имзоланган халқаро шартномалар асосида 1 млрд АҚШ долларидан ортиқ инвестиция ажратилган. Шунингдек, авиачипталарни онлайн харид қилиш тизимида ҳам янгича йўналишда иш юритилади.
Centrum Air авиакомпаниясининг ажойиб жамоасига қўшилганимдан хурсандман. Ўзбекистон Европа ва Осиё чорраҳасида жойлашган бўлиб, бу авиация ва туризмни ривожлантириш учун катта ютуқдир. Бу ерга одамлар дунёнинг турли бурчакларидан бетакрор тарихий шаҳарлар, обидалар ва табиатини томоша қилиш учун келишади. Бизнинг мақсадимиз эса барчага ҳамёнбоп нархларда саёҳат қилиш имкониятларини очишдир.
“Centrum Air авиакомпаниясининг ташкил этилиши Ўзбекистон туризм инфратузилмасида янги босқичнинг бошланиши ҳисобланади. Иш давомида ҳар биримиз ўз касбий тажрибамиз билан ўртоқлашамиз, шунингдек, ўзбекистонлик ҳамкасбларимизни юқори натижаларга эришишга ўргатамиз” , - деди янги ҳаво кемаси капитани Николас Триантафило.
Авиакомпания маҳаллий, минтақавий ва халқаро йўналишларда парвозлар географиясини ривожлантиради. Хусусан, авиаташувлар 15 мамлакатга, шу жумладан, Туркия, Саудия Арабистони, Миср, БАА, Ҳиндистон, Жанубий Корея ва бошқаларга амалга оширилади.
Ички туризмни ривожлантириш ва Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатиш бўйича белгиланган мақсадларга эришиш учун Centrum Air компанияси Тошкентдан мамлакатимизнинг бешта шаҳри: Нукус, Урганч, Термиз, Наманган ва Фарғонага қўшимча рейсларни амалга оширади. Centrum Air раҳбарияти 2023 йилда компаниянинг умумий йўловчи ташиш ҳажми 1,5 миллиондан ошишини тахмин қилмоқда.
Бундан ташқари, яқин уч йил ичида компания фуқаролик авиацияси соҳасида бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий инвестицияларни жалб қилади.
Мавзуга оид
13:10 / 01.11.2024
Ўзбекистон авиакомпанияси Гоага тўғридан тўғри парвозларни йўлга қўйди
14:10 / 23.10.2024
Авиакомпаниялардан йўловчиларнинг 200 млн сўмга яқин пули ундириб берилди
18:29 / 02.10.2024
Яқин Шарқдаги вазият туфайли икки авиакомпания Ўзбекистонга парвозларни вақтинча тўхтатди
01:19 / 07.09.2024