Ўзбекистон | 11:13
1546
1 дақиқада ўқилади

Ҳаво ҳудуди қисман ёпилди: Тошкент–Дубай рейслари ортга қайтмоқда

Бирлашган Араб Амирликлари ҳаво ҳудудининг қисман ёпилиши муносабати билан Тошкентдан Дубайга йўл олган айрим авиарейслар жўнаш аэропортига қайтмоқда. Бу ҳақда авиакомпаниялар ва аэропорт хизматлари маълум қилди.

Фото: Uzbekistan Airports

Хусусан, Centrum Air авиакомпаниясининг Тошкент – Дубай йўналиши бўйича C6-351 рейси Тошкент халқаро аэропортига қайтишга қарор қилган. Шунингдек, Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY-333 рейси ҳам хавфсизлик ва парвозларни мувофиқлаштириш талаблари асосида жўнаб кетиш аэропортига қайтмоқда.

Маълум қилинишича, мазкур қарорлар парвоз хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган. БАА ҳаво ҳудудидаги чекловлар вақтинчалик бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.

Айни пайтда авиакомпаниялар вазиятни кузатиб бормоқда ва рейслар жадвали бўйича кейинги қарорлар ҳаво ҳаракатини бошқарувчи хизматлар ҳамда аэропортлар билан келишилган ҳолда қабул қилинади. 

Йўловчиларга эса авиакомпанияларнинг расмий ахборот манбалари орқали янгиланган маълумотларни кузатиб бориш тавсия этилмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид