Жаҳон | 12:41
2447
3 дақиқада ўқилади

Полша собиқ амалдорига Венгрияда бошпана берилганидан норози

Венгрия Полша адлия вазирининг собиқ ўринбосари Маркин Романовскийга бошпана берди, унга қарши ватанида коррупция бўйича жиноий иш очилган. Варшава бунга жавобан Будапештдаги элчисини чақириб олди.

Маркин Романовский Фото : Marcin Romanowski / X

Венгриянинг ўз ватанида коррупцияда айбланиб жиноий иш очилган Полша адлия вазирининг собиқ ўринбосари Маркин Романовскийга бошпана бериш қарори Варшаванинг норозилигига сабаб бўлди. Бу ҳақда 20 декабр, жума куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский маълум қилди.

«Биз Виктор Орбан ҳукуматининг жиноятда гумон қилинаётган ва Европа ҳибсга олиш ордери билан қидирувда бўлган Романовскийга сиёсий бошпана бериш тўғрисидаги қарорини Полша Республикасига ва Европа Иттифоқи тамойилларига нисбатан душман ҳаракати деб биламиз», — дейилади Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбарининг X ижтимоий тармоғида.

Венгрия бош вазири Орбан маъмурияти раҳбари Романовскийга бошпана берилишини унинг иши сиёсий мотивлар борлиги билан оқлади. «Бош вазир Доналд Туск ҳукуматининг хатти-ҳаракатлари Полша ҳукумати Конституциявий суд қарорларини эътиборсиз қолдирадиган ва жиноий қонунчиликдан сиёсий рақибларга қарши восита сифатида фойдаланадиган вазиятни яратди», — дея Венгрия расмийсининг сўзларидан иқтибос келтирмоқда dpa.

Варшава бу айбловларни рад этди ва Будапештдаги элчисини номаълум муддатга чақириб олди. Бундан ташқари, Венгриянинг Варшавадаги элчиси Полша Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга норозилик нотаси топширилди.

Туск Орбанни Лукашенко билан таққослади

Полша бош вазири Доналд Туск ҳам Венгрия расмийларини Романовскийга бошпана бергани учун кескин танқид қилди. Айбловдан яширинган порахўр амалдорлар энди Беларус ҳукмдори Александр Лукашенко ва Венгрия бош вазири Виктор Орбандан бирини танлаши мумкин, деди Туск. «Ўғрилик қилганлар, коррупционерлар ўзларига ўхшаш сиёсатчилар ҳукмронлик қиладиган мамлакатлардан бошпана излайдилар», деб таъкидлади Полша бош вазири. Май ойида Полша Судялар миллий кенгашининг юридик бўлими бошлиғи Томаш Шмидт Беларусдан бошпана сўраган эди.

Орбаннинг ўзи Романовскийга сиёсий бошпана бериш тафсилотларидан бехабарлигини айтди. «Мен билганим шуки, Полша ва Венгрия ўртасидаги муносабатлар унчалик яхши эмас, айниқса Полша адлия вазири (Адам Боднар) Politico'да Венгрия ҳукуматига қилган ҳужумларидан кейин», деди у. 18 декабр куни ушбу нашр Боднар билан суҳбатни «Полша вазири Орбан остидаги Венгрия қайтиб келмайдиган йўлда экани ҳақида огоҳлантирмоқда» деган сарлавҳа билан чоп этди.

Мавзуга оид