Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкентда Авиация боғи очилади. Ўнга яқин боғ ва хиёбон ободонлаштирилади (фото)
2021 йилда Тошкент шаҳридаги 500дан зиёд маҳаллани ободонлаштириш, 10га яқин ҳудудда боғ ва хиёбон барпо этиш, 42 км велойўлак қуриш режалаштирилган. Бу ҳақда шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари Бахтиёр Раҳмонов маълум қилди, дея хабар бермоқда Kun.uz мухбири.
«Тошкент шаҳрида мавжуд 500дан ортиқ маҳалланинг барчасида ободонлаштириш ишлари бошланади. Яъни ҳар бир маҳаллада ўйингоҳ, ўсмирлар учун спорт тренажерлари, автотураргоҳ, футбол майдончаси, кичик кутубхоначалар қурилади.
Шаҳарнинг ҳар бир туманида биттадан шоҳкўча белгилаб олинган бўлиб, бу кўчанинг икки четида пиёдалар йўлаги, велойўлаклар қурилади. Баҳор келганда бу йўллар бўйича дарахтлар экилиб, обод қилинади», – деди Бахтиёр Раҳмонов 8 февраль кунги матбуот анжуманида.
Унинг айтишича, шаҳарда Авиация боғи очилади. Бундан ташқари, 2021 йилда ўнга яқин ҳудудда боғ ва хиёбонларни реконструкция қилиш ва ободонлаштириш режалаштирилган.
Гагарин монументи, Алишер Навоий номидаги кино саройи (собиқ «Панорама»), Себзор ва Абдулла Қодирий кўчалари кесишмасидаги ҳудудлар, Ботаника боғи, Оҳангарон шоҳ кўчаси, Шароф Рашидов ҳайкали ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳудуди, Лутфий ва Янги Сергели боғлари шулар жумласидан.
Бундан ташқари, шоҳ кўчалар бўйлаб 42 км узунликдаги велойўлаклар пайдо бўлади. Бунга қўшимча равишда шаҳар марказида ҳам велойўлаклар кўпайтирилади.
«Булар йирик миқёсдаги лойиҳалар бўлгани боис 2021 йилда бошлангани ҳолда, кейинги йилда яна давом эттирилиши мумкин», – дея қўшимча қилди шаҳар ҳокимининг 1-ўринбосари.
Ҳокимлик Kun.uz сўровига асосан лойиҳавий таклифлар суратларини тақдим этди.
Пойтахт ҳокими ўринбосари Фурқат Маҳмудхўжаевнинг қайд этишича, хиёбон ва боғларнинг ҳозирги лойиҳалари бирламчи кўриб чиқиш босқичида бўлиб, мазкур ҳудудлар аҳолисининг бу борадаги таклифлари асосида ўзгариш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
«Биз фуқароларнинг таклифини эшитишга тайёрмиз. Шунингдек, бу лойиҳаларнинг барчаси туман ва шаҳар депутатлар кенгашида муҳокама қилинади», деди Фурқат Маҳмудхўжаев.
Учтепа ва Шайхонтоҳур туманлари кесишмасида, Тошкент халқа автомобил йўли ва Кичик халқа йўлини боғловчи Истироҳат кўчасида қуриладиган боғ-хиёбон лойиҳаси



Учтепа туманидаги Лутфий боғи лойиҳаси




Шайхонтоҳур тумани Абдулла Қодирий кўчасининг Себзор кўчасидан, Шайхонтоҳур кўчасигача бўлган (1.9 км) қисмида пиёдалар учун сайилгоҳ ташкил этиш лойиҳаси




Алишер Навоий номидаги кино саройини қайта таъмирлаш таклифи



Гагарин монументи (Чилонзор 3-даҳа) ва хиёбон ҳудудини реконструкция қилиш




Шароф Рашидов ҳайкали ва Ўзбекистон тарихи давлат музейи ҳудудини ободонлаштириш таклифи


Ботаника боғи









Авиация боғи




Янги Сергели боғи (Янги Сергели кўчасида)



Оҳангарон шоҳ кўчасида хиёбон ташкил этиш (ер усти метроси остидаги ҳудуд)





«Новза» соҳилбўйи сайилгоҳи лойиҳаси




Қорақамиш канали сайилгоҳи лойиҳаси


Қорасув канали сайилгоҳи лойиҳаси


Сергели Жўн канали сайилгоҳи лойиҳаси


Тошкент шаҳрида пиёдалар ва велосипед йўлаклари ташкил этилиши

