Ўзбекистон | 14:19 / 07.09.2023
3540
2 дақиқада ўқилади

«Аҳоли саломатлиги–2030» миллий стратегияси ишлаб чиқилади

Стратегияга фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланишини ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоғозбозликка, асоссиз бюрократияга ва навбатларга чек қўйиш каби вазифалар киритилган.

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йил якунига қадар илғор хорижий тажриба асосида қуйидагиларга асосий эътиборни қаратган ҳолда «Аҳоли саломатлиги – 2030» миллий стратегияси ишлаб чиқади. Бу ҳақда президентнинг «Соғлиқни сақлаш вазирлиги фаолиятини янада

такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонида кўзда тутилган.

Дастурни амалга оширишда халқаро ташкилотлар ва хорижий консалтинг компаниялари жалб қилинади. Бунда вазирликка қуйидаги вазифалар юклатилади:

– аҳолини максимал қамраб олган ҳолда бирламчи тиббий-санитария хизматини унга янада яқинлаштириш;

– фуқароларнинг соғлом турмуш тарзини, соғлом овқатланишини ва жисмоний фаоллигини қўллаб-қувватлаш, уларни аҳоли орасида ҳар томонлама тарғиб қилиш;

– оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг бу борадаги эҳтиёжларини қондириш;

– ихтисослашган тиббий ёрдам кўламини кенгайтириш;

– соғлиқни сақлаш тизимини тўлиқ рақамлаштириш, қоғозбозликка, асоссиз бюрократияга ва навбатларга чек қўйиш, аҳолига тиббиёт муассасаларига мурожаат қилганида қулайликлар яратиш;

– замонавий ва самарали бошқарув усулларини жорий қилиш ва тиббий хизматлар сифатини ошириш;

– кадрлар салоҳиятини ошириш, тиббий таълим ва илм-фанни ривожлантириш;

хусусий секторни ривожлантириш ва инвестицияларни жалб қилиш ҳамда йирик давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини амалга ошириш;

 – тиббиёт муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш;

– фармацевтика тармоғини самарали тартибга солиш.

Мавзуга оид