Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Туғуруқ ва ўлим ҳақидаги тиббий ҳужжатларни бериш тартибига ўзгартиш киритилмоқда
Соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни расмийлаштириш тартибига қатор ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш таклиф этилмоқда. Лойиҳада электрон маълумотномаларни автоматик равишда ФҲДЁ органларига юбориш, қоғоз шаклда тўлдириш қоидаларини аниқлаштириш ҳамда “тирик туғилиш” ва “перинатал ўлим” мезонларини қайта баён этиш назарда тутилган.
Ўзбекистон соғлиқни сақлаш муассасаларида туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномаларни бериш тартиби тўғрисидаги йўриқномага ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш лойиҳаси тайёрланди.
Лойиҳага кўра, туғилганлик ҳақидаги электрон тиббий маълумотнома, перинатал ўлим ва ўлим ҳақидаги электрон тиббий маълумотномалар махсус электрон бланк орқали шакллантирилиб, “Туғилиш ва ўлимни, шу жумладан перинатал ўлимни электрон рўйхатга олиш” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали автоматик равишда ФҲДЁ органларига юборилиши белгиланмоқда.
Шу билан бирга, электрон шаклда тўлдириш имконияти бўлмаган ҳолларда тиббий маълумотнома ва гувоҳномалар шарикли ручкада аниқ ва тушунарли тарзда, янглишсиз тўлдирилиши, ундаги сўз ва рақамларни бўяш, ўчириш ёки тузатишга йўл қўйилмаслиги қайд этилмоқда.
Лойиҳада йўриқноманинг айрим нормаларини қайта таҳрирда баён этиш ҳам назарда тутилган. Хусусан, туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома туғруқ содир бўлган тиббий муассаса томонидан тирик туғилган гўдакларга берилиши, бунда ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, бўй 25 см ва ундан ортиқ, вазн 500 грамм ва ундан ортиқ бўлиши ҳамда тирик туғилиш мезонларидан (нафас, юрак уриши, киндик пулсацияси ёки мускулларнинг беихтиёрий қисқариши) камида бири мавжуд бўлиши шартлиги аниқлаштирилмоқда.
Қўшимча равишда, тирик туғилиш мезонлари билан туғилиб, бироқ ҳомиладорлик муддати 22 ҳафтадан кам ёки бўйи 25 смдан паст ёки вазни 500 граммдан кам бўлган ҳолларда ҳам, агар чақалоқ туғруқдан кейин 168 соат (7 кун) яшаса, у тирик туғилган деб ҳисобланиши ва унга туғилганлик ҳақидаги тиббий маълумотнома берилиши таклиф қилинмоқда.
Перинатал ўлим ҳақидаги тиббий гувоҳномани бериш тартиби ҳам қайта баён этилиб, у гўдак ўлик туғилганда ёки тирик туғилган гўдак ҳаётининг биринчи ҳафтасида вафот этганда тиббий муассаса ёки суд-тиббий экспертиза бюроси томонидан тўлдирилиши белгиланмоқда. Шунингдек, ҳомиладорлик муддати 22 ҳафта ва ундан ортиқ, бўйи 25 см ва ундан ортиқ, вазни 500 грамм ва ундан ортиқ бўлган, бироқ тирик туғилиш мезонлари мавжуд бўлмаган ҳолатда гўдак ўлик туғилган ҳисобланиши кўрсатилмоқда.
Лойиҳада, шунингдек, йўриқноманинг 6-бандини чиқариб ташлаш таклиф этилган.
Мавзуга оид
10:21 / 31.01.2026
Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш бозори қарийб 20 трлн сўмни ташкил этди
11:28 / 15.01.2026
Ҳар куни ўртача 39 минг чақириқ: “103” хизмати статистикаси
12:03 / 31.12.2025
Тиббиётда 20 та сунъий интеллект лойиҳаси ишга туширилади
22:29 / 16.12.2025