Ўзбекистон | 18:10 / 17.02.2020
32066
2 дақиқада ўқилади

Барча хусусий бандлик агентликларини тугатиш бўйича президентга таклиф киритилади – Бош вазир

Ўзбекистондаги барча хусусий бандликларини тугатиш бўйича давлат раҳбарига таклиф киритилади. Бу ҳақда бош вазир Абдулла Арипов маълум қилди.

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов «Human» хусусий бандлик агентлигидан жабрланган фуқаролар билан учрашди.

Kun.uz мухбири хабар беришича, ҳукумат раҳбари бундан кейин ташқи меҳнат миграцияси билан фақат Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги шуғулланиши мақсадга мувофиқлигини қайд этиб ўтган.

Бош вазир шунингдек, президент топшириғи билан «Human» ХБАдан зарар кўрган 1080 нафар фуқаро маблағлари тўлаб берилишини маълум қилган.

Маблағлар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳузуридаги махсус жамғармадан қопланади, кейинчалик бу пулларни агентликдан ундириш чоралари кўрилади.

Маълумот учун, Ўзбекистонда хусусий бандлик агентликлари фаолиятига 2018 йил кузидан бошлаб рухсат берилган эди. Шундан кейин ўтган бир йил давомида 66та ХБАга фуқароларни хорижда ишга жойлаштириш билан шуғулланиш учун лицензия берилган.

Ҳозирда бир нечта ХБА устидан жиноят иши очилган.

Эслатиб ўтамиз, бугун куннинг биринчи ярмида «Human» хусусий бандлик агентлиги фаолиятидан жабр чеккан 50дан ортиқ киши Тошкент шаҳридаги Мустақиллик майдони ёнида тўпланиб, пулларини қайтаришни талаб қилишганди. Воқеа жойида аҳоли вакиллари билан музокара ўтказган расмийлар ҳукумат раҳбарлари билан учрашув  белгилашганди.

Мавзуга оид