Иқтисодиёт | 18:13 / 29.07.2021
16480
2 дақиқада ўқилади

Қувондиқ Санақулов: Ўзбекистонда йилига 100 тоннадан ортиқ олтин қазиб олинди, энди 150 тоннага ҳаракат қиламиз

«Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директори, Ўзбекистон қаҳрамони Қувондиқ Санақулов олтин қазиб олиш ҳажми 150 тоннага етказилишини маълум қилди.

29 июль куни Олмалиқда «Ёшлик-1» конини ўзлаштириш лойиҳаси доирасидаги янги қувват — 3-мис бойитиш фабрикаси қурилишига тамал тошини қўйиш олдидан бўлиб ўтган тадбирда «Навоий кон-металлургия комбинати» давлат корхонаси бош директори Қувондиқ Санақулов ҳам сўзга чиқди ва соҳага берилаётган янги имтиёзлар учун миннатдорчилик билдирди.

«Муҳтарам президент, сиз бизнинг олдимизга янги вазифалар қўйганингизда уларни бажара олишимизга ишонмаган эдик. Лекин иш тўғри йўлга қўйилса, ҳаммасини уддаласа бўларкан. 2020 йилда Ўзбекистонда 101,6 тонна олтин қазиб олинди. Яъни мамлакатимиз биринчи марта 100 тонналик маррани забт этди.

Лекин бу ҳаммаси эмас. Мана, Олмалиқ конларида, Қурама тоғларида ўтказилган экспедициялар натижасида янги захиралар тасдиқланмоқда. Бундай экспедициялар Навоийда ҳам ўтказиляпти ва биздаги захиралар бўйича ҳам янги маълумотлар эълон қилинади.

Олмалиқдаги конларимизда йилига 50 тонна олтин қазиб олишни йўлга қўйсак, Ўзбекистон йилига 150 тонна олтин қазиб олувчи мамлакатга айланади. Бу бугунги кунда жаҳон бозоридаги нархлар бўйича 9 млрд доллар дегани», дея Санақуловнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Маълумки, 2020 йилда биринчи марта 100 тоннадан зиёд (101,6 тонна) олтин қазиб олинган ва Ўзбекистон жаҳон рейтингида 8-ўринни эгаллаган. 2019 йилда бу кўрсаткич 94,6 тоннани ташкил қилган.

Мавзуга оид