Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Танқидий фикр учун жазоланишга йўл қўйилмайди” – Қурилиш вазирлигининг тадбиркор устидан шикоятига акс садо
Қурилиш соҳасида коррупциявий “харажат”лар ҳақида гапирган тадбиркорнинг устидан ИИВга чора кўрилиши учун мурожаат қилингани кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Ҳолат юзасидан айрим фаоллар ҳамда қуйи палата депутати, бизнес омбудсман муносабат билдирди. Жамият аъзолари демократик ва қонун устувор мамлакатларда муаммо ҳақида гапирганлар жазоланмаслиги кераклигини, бу сўз эркинлигининг бўғилишига сабаб бўлишини билдирмоқда.
Ўзи нима гап?
29 август куни Савдо-саноат палатасида ўтган очиқ мулоқотда тадбиркор Усмон Абдусаматов қурилиш учун рухсатномалар ва кадастр ҳужжатларини олиш билан боғлиқ коррупциявий “харажатлар” битта уй учун 100-200 минг долларгача етиши мумкинлигини айтиб чиқди.
Қурилиш вазирлиги тадбиркор бу даъвоси билан “жамоатчилик орасида асоссиз ахборот тарқалишига сабабчи бўлган ва тизимда фаолият юритаётган ходимларнинг шаъни, қадр-қимматига путур етказган” деб ҳисоблаб, Абдусаматовга жавобгарлик чоралари қўллашни сўраб ИИВга ариза киритди. Бу ҳақда вазирлик 20 сентябр куни расмий каналида ахборот берди.
Айни кейс жамоатчиликда сўз эркинлиги билан боғлиқ хавотирларни кучайтириб, кенг муҳокамаларни келтириб чиқарди. Фаоллар тадбиркор айтган танқиди учун жазоланишига қатъий қарши чиқишяпти. Kun.uz шу муносабатлардан айримларини келтиради.
“Камерага мақтаб-мақтаб, ҳаммаси зўр деб кетилиши керак бўлса, мулоқотнинг нима зарурияти бор?” – иқтисодчи
Иқтисодий таҳлилчи Отабек Бакиров вазирликнинг бу хатти-ҳаракатидан ҳайрон қолганини айтаркан, муаммоларни санаган тадбиркорлар жазоланса, кейинги мулоқотларда ҳеч ким дардини айтмай қўйишидан ташвишдалигини билдирди.
“Давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан учрашуви доирасидаги мулоқотларда Солиқ қўмитаси, Марказий банк, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Фермерлар кенгаши, Техник тартибга солиш агентлиги қанча танқид қилинди. Биронта вазирлик ёки идора раҳбари ҳали сени қараб тур, кўрсатиб қўяман, муаммони айтганингга минг пушаймон бўласан, демади. Мулоқот шунинг учун ҳам мулоқот. Камерага мақтаб-мақтаб, ҳаммаси зўр, деб кетилиши керак бўлса, мулоқотнинг нима зарурияти бор?
“Битта уй учун 200 минг долларгача харажат бор” дейилган гапга Қурилиш вазирлиги обрўсизланиб қолган бўлса, демак, вазият обрўсизланадиган даражага етганини балки англаш керакдир?” – дейди у.
Бакировнинг ёзишича, қурилаётган уйларнинг ҳисоботдаги таннархи ва бозор нархлари каррасига фарқланаётган вақтда муаммо бор ва у коррупцион муаммо.
“Қурилиш бизнесида тўланаётган солиқлар ва уйларнинг бозор нархи нисбатини бир қаранг. Расмий статистика бўйича қурилишдаги норасмий сектор улушига бир қаранг. Балки Статқўмниям судга берарсизлар, бу рақамлар сизларни обрўсизлантирмаяптими?” – дейди иқтисодчи.
Отабек Бакиров версиясига кўра, Қурилиш вазирлигининг юқоридаги позицияси ҳамда “Шаффоф қурилиш“ миллий ахборот тизими орқали жараёнлар тўлиқ назорат қилинишидан келиб чиқилса, “Тошкентда 2 мингта ҳолатда уй-жойларнинг ҳар бир квадрат метри атиги 1 миллион сўм деб расмийлаштирилганини” айтган Қудбиевни ёки “иш ҳақини «конвертда тўлаш» орқали 6,3 мингта объект 1 нафардан кўп бўлмаган расмий ишчи билан қурилганини” айтган Ваҳобовни ҳам судга бериш керак.
“Ўзбекистонда музлаткичларни сертификатлаш бюрократик равишда тўхтатиб қўйилганини, товарлар ойлаб ушлаб турилишини айтган тадбиркор Алфия Мусина устидан на Божхона қўмитаси, на Техник тартибга солиш агентлиги шикоят қилди, уни ҳеч ким жазолагани йўқ.
Қайтага давлат раҳбари орден билан мукофотлади. Мусина муаммони очиқ айтгани учун юзлаб тадбиркорларнинг оғири енгил бўлди, бюджетга миллиардлаб бож ва солиқлар тўланяпти. Оқ иқтисодиёт ўсяпти. Балки сизлар ҳам муаммони айтган ўша тадбиркорга, ҳеч қурса, раҳмат дейишинглар керакдир?” – деган у.
“Ҳукумат идораларини танқид қилиш жамоатчиликнинг манфаатидадир” – журналист
Журналист Ибрат Сафо ҳам ўз саҳифасида фикрларини ёзиб қолдирган. Унга кўра, демократик ва қонун устувор давлатларда ҳукумат идоралари бирон шахс устидан туҳмат, шаънини булғаш каби айблар билан судга мурожаат қила олмайди.
“Масалан, Британиядаги “Common law”га мувофиқ, марказий ва маҳаллий ҳукуматлар идоралари туҳмат айблари билан судга ариза ёзишга ҳаққи йўқ. Бу қоиданинг асосидаги тамойилга кўра, ҳукумат идораларини танқид қилиш жамоатчиликнинг манфаатидадир, аксинча, сўз эркинлиги бўғилиши мумкин.
Журналистларга ҳам шунга ўхшаш тамойиллар ўргатилади: вазирлик, ҳукумат, маҳаллий ҳокимият, полиция, суд, хуллас, исталган давлат ташкилотини “коррупцияга ботган”, “уқувсиз”, “бир тийинга қиммат” ва бошқа айблар билан танқид қилиш мумкин, лекин муайян бир амалдорни жиддий коррупцион ишларда айблаётганда далил-исбот бўлиши шарт. Яъни давлат идораси тирик шахс эмас, унда хафа қиладиган шаън, ғурур деган нарса йўқ, амалдор эса иссиқ жон”, – дейди Сафо.
Қолаверса, журналист киноя билан ўз постини шундай якунлаган: “Ўзбекистондаги Қурилиш ваъзирлиги балки тирик жондир, кўнгилчаси оғриб “қурилиш жараёнида 200 минг доллар пора берилади” деган қурувчи устидан ИИВга шикоят берибди. Ҳуқуқшунос дўстлар, Ўзбекистон қонунчилигида нима дейилган ўзи, давлат идораси туҳмат айблови билан адлия тизимларига шикоят беришга ҳақлими?”
Вазирликнинг ИИВга шикоят киритиши ҳуқуқий билимсизликни билдиради – ҳуқуқшунос
Ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодиров айни вазиятнинг ҳуқуқий жиҳатларини Kun.uzʼга тушунтиришга уринди. Унинг айтишича, бунда вазирлик жабрланувчи бўла олмайди.
“Баёнотда Усмон Абдусаматовга “туҳмат қилган” деган айблов илгари сурилган. Қонунчиликда туҳмат учун содир этишдаги ҳолатлар ва оғирлик даражасига қараб маъмурий ёки жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Аммо ҳар икки жавобгарлик турида ҳам вазирлик ташкилот, юридик шахс бўлгани учун жабрланувчи бўла олмайди.
Бинобарин, тадбиркор ўз фикрида айнан бир ёки бир неча шахснинг исм-шарифини ҳам тилга олмаган”, – дейди мутахассис.
Абдуқодировнинг қўшимча қилишича, бу ҳолатда вазирлик тўғридан тўғри фуқаролик ишлари бўйича судга даъво ариза киритиши лозим эди. “Олий суд Пленуми қарорига кўра, шаън, қадр-қиммат ва ишчанлик обрўсини пастга урувчи маълумотларни рад этиш ҳақидаги талаблар, маълумотлар қандай шакл ва услубда тарқатилганидан қатъи назар, судга тааллуқлидир”, – деди у.
“Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди” – бизнес омбудсман
Ижтимоий тармоқларда хабарлар тарқалиб, кескин норозиликларни чиқаргач, бизнес омбудсман ҳам ўз муносабатини билдириб, вазият назоратга олинганини маълум қилди.
“Тадбиркор билдирган танқидий фикри учун жазоланишига йўл қўйилмайди. Мазкур ҳолат бизнес омбудсман томонидан тадбиркорга нисбатан таъқиб сифатида баҳоланади.
Ҳар бир тадбиркорнинг эркин фаолият юритиши ва уларнинг ҳуқуқларига риоя этилиши қонун билан кафолатланган. Шу боис, тадбиркорлар дуч келган муаммоларни ҳал этиш бизнес омбудсманнинг устувор вазифаси саналади.
Бизнес-омбудсман барча давлат органларини тадбиркорларнинг фикрларини тинглаш ва бизнес юритишга тўсқинлик қилувчи муаммоларни ҳал этиш бўйича конструктив ечимларни биргаликда излашга чақиради”, – дейилади изоҳда.
Таъкидланишича, тадбиркорларнинг очиқ фикр билдиришлари ва танқидий мулоҳазалари ҳукумат ислоҳотларини янада такомиллаштиришга ва самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчига кўра, агар тадбиркор соҳа ривожи йўлида фикр билдирса, бу ҳолат танқид ва жазога сабаб бўлмаслиги лозим. “Аксинча, бундай фикрлар муаммоларни ҳал этиш учун имконият сифатида қабул қилиниши зарур”, – дейилади хабарда.
“Вазирлик жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун мавжуд механизмлардан фойдаланмаяпти” – депутат
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси раиси, “Юксалиш” ҳаракати раҳбари Бобур Бекмуродов эса вазирликни жамоатчиликдан тўғри фойдаланолмаётгани учун танқид қилди.
“Вазирлик жамоатчилик назоратини амалга ошириш учун мавжуд механизмлардан фойдаланмаяпти. Масалан, Қурилиш вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгашида бор-йўғи 2 та нодавлат-нотижорат ташкилоти бор. Ваҳоланки, президент фармони билан бу талаб камида 50 фоиз этиб белгиланган. Кенгаш орқали мавжуд муаммолардан узилиб қолмасдан, уларни доимий кузатиб, таҳлил қилиб бориш имконияти мавжуд.
Шунинг учун, тадбиркорнинг эътирозларига - соҳага эмас, мавжуд муаммоларга берилган баҳо сифатида қараш лозим. Ва аксинча, билдирилган танқид ортидан рухсат бериш жараёнларининг шаффофлигини янада ошириш, жамоатчилик иштирокини кенгайтириш керак деб ҳисоблайман”, – деди Бекмуродов.
Қайд қилинишича, бу вазиятда вазирлик тадбиркор билан учрашиб, муаммоларнинг ечими юзасидан таклифларини олиши энг тўғри йўл бўларди.
Эслатиб ўтамиз, 11 сентябр куни Kun.uz студиясида Қурилиш вазирлиги вакиллари, тадбиркор Усмон Абдусаматов ҳамда соҳа эксперти билан суҳбат ташкил қилиниб, айни иддао ҳам муҳокама этилганди. Ўшанда расмийлар коррупцион ҳолатлар борлигини рад этмаган.
Мавзуга оид
16:06 / 16.12.2025
Қурилиш вазирлигининг биноси 182,5 млрд сўмга сотилди
11:13 / 17.11.2025
ЯТТларнинг фирма номига эга бўла бўлишига рухсат берилади
10:12 / 17.11.2025
1 январдан “Бизнесни 15 дақиқада бошлаш” тизими ишга тушади
08:47 / 12.11.2025