Иқтисодиёт | 20:20 / 22.04.2021
14311
2 дақиқада ўқилади

«Имтиёзли кредитлар банк тизимида коррупцияга мойилликни оширади» — Марказий банк раиси

Банк тизими бозор тамойилларидан қанча кўп чекланса, коррупцияга мойиллик ортиб бораверади, деди Мамаризо Нурмуродов.

Ўзбекистон Марказий банки асосий ставкани 14 фоиз даражада ўзгаришсиз қолдирди. Бошқарув йиғилишидан сўнг раис Мамаризо Нурмуродов иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Анжуманда Мамаризо Нурмуродов Kun.uz мухбирининг банк тизимидаги коррупцион ҳолатлар юзасидан берган саволларига жавоб бериб ўтди.

«Бозор тамойилларидан қанча кўп чеклансак, коррупцияга мойиллик ортиб бораверади. Масалан, имтиёзли кредитлар ёки банк хизматларидаги ён босиш ҳолатларини кўрсатишимиз мумкин. Бу соҳада коррупциянинг бирдан бир йўли – инсон омили натижасида амалга оширилаётган хизматларни камайтиришимиз керак.

Биз агар қайсидир ташкилотга ёки шахсга кредит олишнинг иложи йўқ деб айтсак, у шунинг бошқа йўлини излай бошлайди. Агар кимдир банкдан кредит олмоқчи бўлса, биз қанақа тегишли ҳужжатлар керак бўлишини олдиндан эълон қиламиз. Scoring модели тегишли тарзда ҳужжатларни ва шахснинг молиявий ҳолатини ўрганиб, маблағ ажратиш кераклиги ёки йўқлигини автоматик тарзда ҳал қилади. Бунда оддийгина коммунал тўловлардан қарзингиз бўлса ҳам, модел пул ажратмайди. Натижада кимнингдир олдига бориб илтимос қилиш ёки қонунда кўрсатилмаган йўллар билан бунга интилиш бўлмайди», – деди Марказий банк раиси.

  • Аксилкоррупция агентлиги маълумотига кўра, 2020 йилда 104 нафар банк тизими ходими коррупцион жиноятлар доирасида судланган.

Мавзуга оид