Жаҳон | 20:17 / 29.08.2025
9832
2 дақиқада ўқилади

Қозоғистон халқи жабрланди – Тўқаев ядро қуроли синовлари ҳақида

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунида қозоқ халқининг фожиасини эслатди. 1949 йилдан 1989 йилгача Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида ядро синовлари ўтказилган, бу маҳаллий аҳоли соғлиғига салбий таъсир кўрсатган.

Семипалатинск полигони

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Халқаро ядровий синовларга қарши кураш кунида қозоқ халқининг фожиасини эслатиб, келажак авлодлар учун тинчликни мустаҳкамлашга чақирди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти 29 август куни Х ижтимоий тармоғида маълум қилди.

«Бугун Халқаро ядровий синовларга қарши кураш куни. Ушбу унутилмас сана Қозоғистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан таъсис этилган. Халқимиз атом қуроли синовларининг энг оғир оқибатлари қурбони бўлди. Бу фожиа такрорланмаслиги керак. Келажак авлодлар учун биз тинчликни мустаҳкамлашимиз, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришимиз, ядровий қуролсизланиш ва ядровий синовлардан воз кечиш бўйича саъй-ҳаракатларни амалга оширишимиз керак. Тинчлик ва хавфсизлик - бутун инсониятни бирлаштирадиган энг олий қадриятдир», деб ёзди Қосим-Жўмарт Тўқаев.

1949 йилдан 1989 йилгача Қозоғистондаги Семипалатинск полигонида ядро синовлари ўтказилган - бу даврда 450 дан ортиқ ер усти ва ер ости портлашлари амалга оширилди.

Синовларнинг оқибатлари жиддий радиация ифлосланишига олиб келди ва яқин атрофдаги юз минглаб аҳолининг соғлиғига салбий таъсир кўрсатди.

1991 йил 29 августда Семипалатинск полигони расман ёпилди ва Қозоғистон ядро қуролидан ихтиёрий равишда воз кечган биринчи давлатлардан бўлди.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид