Жамият | 18:35 / 05.12.2020
34263
6 дақиқада ўқилади

Харобада қолган пойтахтликлар. Амалга ошмаган “Тошкент-4” терминали жабрдийдалари қандай яшамоқда?

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг шундоққина биқинида юзлаб аҳоли кўп йиллардан бери вайроналар орасида яшаб келмоқда. «Тошкент-4» терминали қурилиши сабаб қилиниб, Сергели туманидаги Қўшқўрғон кўчасида уйлар “териб-териб” бузилган. Бузиш ишлари охирига етказилмаган. Вайроналар текислаб қўйилмаган. Аҳоли эса турли ҳашаротлар, ит, мушук ва ҳатто илонлар орасида яшамоқда.

Сергели тумани Қўшқўрғон маҳалласидан келган мурожаатни ўрганиш учун йўлга отландик.

Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортининг шундоққина ёнидаги ушбу кўчада ўнлаб уйлар ва унда яшаётган аҳоли даҳшатли даражада танг аҳволда қолганига гувоҳ бўлдик. Кўчалар лой, бузилган уйларнинг харобалари ҳамда қазилган чуқурликлар шундоқлигича ташлаб кетилган. Атроф худди табиий офат ёки уруш бўлган манзарани эслатади. Пойтахтда шундай жой бор эканми, дея кўзларимизга ишонгимиз келмади. 

«Нотўғри «снос» натижасида ит, мушук ва илонлар орасида яшашга мажбур бўляпмиз»

Қўшқўрғон кўчасидаги уйлари бузилмай қолган фуқаролар билан суҳбатлашдик.

«Тошкент шаҳар ҳокими Раҳмонбек Усмоновнинг «Тошкент-4» авиатерминалини қуриш ҳақидаги қарорига асосан 120та хонадон бузилишга тушган эди. 2015 йилда бузиш ишлари олиб борилди. Номаълум сабаблар билан 25та хонадон бузилмай, вайроналар ичида қолиб кетди.

«Тошкент-4» терминали ҳам қурилмайдиган бўлди. Бу ҳудуд вайроналар ичида қолган 25та хонадон вакилларининг яшаши учун санитар-эпидемиологик нормаларга жавоб бермайди. Ҳашарот-у жонзотлар жуда кўп. Чаён, чивин ва дайди итлар, ҳатто илонлар маконига айланди. Экскаваторлар айрим бузилган уйларни текислаш ўрнига 7-8 метрлик чуқурлар қазиб, шу ҳолатда ташлаб кетган. Беш йилдан буён шундай оғир аҳволда яшаб келяпмиз.

Бу ҳолат ҳаво кемаларида Ўзбекистонга кириб келаётган ва учиб кетаётган меҳмонларга кафтдек кўриниб туради. Ушбу ҳудуд учиш-қўниш чизиқларига 150-200 метр масофада жойлашган.

Ушбу ҳолат юзасидан Сергели туман ва Тошкент шаҳар ҳокимиятига, бош прокурорга бир неча марта мурожаат қилганмиз. “Бузилиш ижобий ҳал қилинади”, деб ваъда берилган эди. Aммо ҳозирги кунга қадар вайроналар орасида қолиб кетган хонадонларнинг тақдири ҳеч кимни қизиқтирмаяпти”, дейди шу ерда яшаб келаётган фуқаролардан бири.

Қолиб кетган уйлар тақдири тез орада ҳал этилади – Тошкент шаҳар ҳокимлиги Муниципал активларни бошқариш маркази

Aйни масала юзасидан Тошкент шаҳар ҳокимлигидан изоҳ сўрадик. Ҳокимлик қошидаги компенсация масалалари билан шуғулланувчи Муниципал активларни бошқариш маркази бўлим бошлиғи Нурилла Маманазаровнинг айтишича, ушбу уйлар тақдири тез орада ҳал этилади.

«Тошкент шаҳар Ер тузиш ва кўчмас мулк Давлат корхонаси Сергели тумани бўлими, Тошкент шаҳар ҳокимининг 2015 йил мартдаги 181-сонли қарорига асосан Сергели тумани «Тошкент халқаро аэропорти» унитар корхонасининг жанубий чегарасидан Қўшқўрғон, Қўшқўрғон-3 тор ва Учқўрғон кўчалари оралиғида жойлашган якка тартибдаги турар жой бинолари бузилиши ҳисобига ободонлаштириш ишларини олиб бориш ҳақида қарор қабул қилинган.

Қарор бўйича 138та уй-жой бузилишга тушган бўлиб, 449та оила уйдан кўчириш рўйхатига киритилган ва шулардан 374та оила яшашини инобатга олган ҳолда уйдан кўчириш ва етказилган зарарни қоплаш мақсадида розилик аризаларини қабул қилиб, уй-жой билан таъминлаш ишлари бошланган.

Ҳозирги кунга келиб тўлиқ бузилган уйларнинг умумий сони 111та бўлиб, уларда яшовчи 336та оила бош хонадонларга кўчирилди. 27та уй-жой бузилмай қолиб кетган.

Ҳозирда қолган уй-жойлардаги фуқаролардан аризалар олинган ва тез орада уларнинг муаммолари ҳам ҳал этилади», дейди Нурилла Маманазаров.

Маманазаровнинг қўшимча қилишича, уйлар бузилмай қолиб кетганлигининг асосий сабаби фуқаролар уй-жойига нисбатан кўп нарса сўрашган.

У «Нима учун ҳудуддаги вайроналар орадан беш йил вақт ўтганига қарамай, тартибга келтириб қўйилмаган?» деган саволимизга Сергели туман ҳокимлиги жавоб бериши кераклигини айтди.  

«Снос»лар ҳамон фуқаролар учун оғриқли ва дардли масала бўлиб қолмоқда

Хоҳ турар, хоҳ нотурар жой бўлсин, мулк давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилса ёки бузиб ташланса, унинг ортидан муаммолар келиб чиқаверади. Сайтимиз орқали ҳам кўплаб фуқаролар ва тадбиркорларнинг компенсация масалалари ҳал этилмасдан туриб, бино-иншоотлари бузиб ташлангани акс этган мақолалар эълон қилинган.

Қўшқўрғондаги ҳолат эса қачонлардир кўр-кўрона амалга оширилган «снос» оқибатидир. Бунинг натижасида юзлаб фуқаролар вайроналар ичида яшашга мажбур бўлмоқдалар.

Наҳотки беш йил ичида бу фуқароларни рози қилишнинг имкони топилмаган бўлса?! Ҳеч бўлмаганда бузилган уйлар ўрнида қолган вайроналар, чуқурлар текислаб қўйилиши ҳам мумкин эди-ку...

Аэропорт ҳар бир давлатнинг рамзий остонаси эканлигини ҳисобга олсак, хорижлик меҳмонларнинг нигоҳи, аввало, мана шундай харобаларга тушиши мамлакат имижи учун салбий таъсир ўтказмай қолмаса керак.

Тошкент шаҳар ҳокимлигидан ушбу харобалар ичида яшаётган аҳоли муаммоларини ечишга қаратилган амалий ҳаракатлар кутиб қоламиз.

Мавзуга яна қайтамиз.

Раҳматилло Исроилов

Мавзуга оид