Ўзбекистон | 13:00 / 30.05.2020
23530
6 дақиқада ўқилади

«Ўзбекистонда қийноқлар олдиндан бор, фақат ҳукумат буни тан олмасди» – Омбудсман

Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Улуғбек Муҳаммадиевнинг таъкидлашича, мамлакатимизда жазони ижро этиш муассасаларида, тергов изоляторларида, махсус ҳибсхоналарда қийноққа солиш ҳолатлари мавжуд. Бундай ҳолатлар олдин ҳам жуда кўп бўлган, фақат Ўзбекистон ҳукумати буни тан олмаган. Лекин охирги йилларда Ўзбекистонда қийноқлар масаласи мавжуд эканини ошкор этмоқда. У бу ҳақда 29 май куни Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда маълум қилди.

“Истаймизми-йўқми, [мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида, тергов изоляторларида, махсус ҳибсхоналарда] қийноқлар масаласи бор. Олдин ҳам жуда кўп бўлган, фақат Ўзбекистон ҳукумати буни тан олмаган. Лекин охирги йилларда Ўзбекистонда қийноқлар масаласи мавжуд эканини ошкор этмоқда. Олдинроқ президент томонидан камбағаллик масаласи айтиб ўтилди. Қийноқлар масаласи ҳам шундай: ҳозир ҳам Ўзбекистонда мавжуд.

Қийноқлар бўйича Омбудсманга келаётган мурожаатларни таҳлил қиладиган бўлсак, 2019 йилда бу масалада 138 та шикоят юборилган. Булар маҳкумларнинг ўзлари, қариндошлари томонидан ёзилган. Шикоятларнинг мониторинги расмий сайтимизда ҳам доимий олиб борилади ва Олий Мажлисга ҳисобот сифатида тақдим этиб борилади”, дея Улуғбек Муҳаммадиевнинг сўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботида қайд этилишича, 2019 йил давомида қийноқлар бўйича 138 та шикоят келиб тушган ва уларнинг барчаси кўриб чиқилган. Натижалари бўйича Бош прокуратура томонидан жиноий иш қўзғатишни рад этиш тўғрисидаги 4 та қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга юборилган, 31 та ҳолат бўйича протест киритиш учун асослар топилмаган, 45 та ҳолат бўйича баён этилган фактлар ўз тасдиғини топмаган, 18 та мурожаат ишларни судларда кўриб чиқиш муносабати билан процессуал тартибда судга юборилган.

Ҳисоботда келтирилишича, аксарият ҳолларда, ўзаро нотаниш бўлган турли шахслар томонидан ёзилган шикоятларда уларга нисбатан ноқонуний усуллар қуйидаги вилоятлар (туман) ички ишлар органлари ходимлари томонидан амалга оширилганлигини кўрсатиб ўтишган:

  •  Тошкент вилояти (Ангрен шаҳри Пскент тумани Товоқсойдаги 7-сонли КИН, ЖИЭББнинг 1-сонли тергов ҳибсхонаси);
  •  Қашқадарё вилояти (Қарши шаҳар, Шаҳрисабз тумани ИИБ, Қарши шаҳридаги 3-сонли КИН);
  •  Бухоро вилояти (Бухоро шаҳри Жондор тумани ИИБ, Қоровулбозордаги 17-сонли КИН);
  •  Навоий вилояти (Қизилтепа туманидаги 5-сонли КИН, Навоий шаҳридаги 11-сонли КИН);
  •  Сирдарё вилояти (Гулистон шаҳри ИИБ);
  •  Тошкент шаҳри (Чилонзор, Мирзо Улуғбек, Олмазор туманлари ИИБ).

Бош прокуратурада бўлиб ўтган брифингда Улуғбек Муҳаммадиев 2019 йилда Сурхондарё, Қашқадарё, Бухоро, Навоий, Андижон, Наманган ва Тошкент вилоятларидаги 20 та жазони ижро этиш муассаси, 6 та тергов ва ҳибсхоналарда жами 26 та мониторинг амалга оширилгани, бундан ташқари, 13 та реабилитация марказларининг ҳам мониторинги қилингани, натижада 3 мингдан ортиқ шахс билан жамоавий учрашув, 248 та маҳкум билан индивидуал тарзда суҳбат ўтказилганини айтиб ўтди. 2020 йилда 24 та мониторинг олиб борилган бўлиб, уларда Инсон ҳуқуқлари масаласи билан шуғулланувчи «Эзгулик» ННТ, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ каби ташкилотлар ҳам фаол иштирок этган.

“Ўзбекистон БМТга ҳам қийноқлар масаласида маълум муддат оралиғида ҳисобот топшириб туради. Ўтган йили октябрь-ноябрь ойида ҳам шундай ҳисобот топширилди, бир вақтнинг ўзида Омбудсманнинг ҳам муқобил маърузаси топширилди. Ва бу нарса, яъни қийноқлар масаласида ҳукумат ҳисоботи ва параллел равишда Омбудсманнинг муқобил маърузасини юбориш БМТнинг Ўзбекистонга берган тавсиясида ҳам акс этди.

Охирги пайтларда маҳкумлар юбораётган мурожаатлар сони ҳам ўсиб бормоқда. Нега шикоятлар сони ўсяпти деган табиий савол ҳам туғилиши мумкин. Сабаби фуқароларда шу пайтга қадар мурожаат қилиш имконияти чегараланган бўлган. Ҳозир эса уларда бизга тўғридан тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи бор.

Айтайлик, колониядаги маҳкумлар ишонч телефонимизга ҳам қўнғироқ қилишяпти. 2 йил олдин бу амалиёт мавжуд эмас эди. Шу йилнинг ҳозирги санасига қадар 40 га яқин шундай шикоятлар қабул қилинди ва улар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда охиригача ўрганилади.

Яқинда Вазирлар Маҳкамасининг «Ички ишлар органларининг озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлган жазони ижро этиш фаолиятининг очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» қарори эълон қилинди. Унга кўра, Ички ишлар вазирлигининг жазони ижро этиш муассасалари ва тергов ҳибсхоналарида сақланаётган шахслар сони тўғрисидаги маълумотлар ошкор қилинади, олдин эса бу ёпиқ маълумот ҳисобланган. Халқаро тажрибада бу маълумот ошкор қилиб борилади ва мамлакатдаги маҳкумлар сони давлатнинг демократик рейтингларда ўрин эгаллашига таъсир кўрсатади”, дейди Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили.

Брифингда Ўзбекистон БМТнинг 1984 йилда қабул қилинган «Қийноққа солиш, муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз ёки ғайриинсоний бошқа турларига қарши курашиш» конвенциясии 1995 йилда ҳимоя қилгани, давлат конвенцияда белгиланган қоидаларга амал қилишни ўз бўйнига олгани, миллий превентив механизм эса конвенция давоми сифатида 2002 йилда факультатив протокол билан жорий қилингани маълум қилинди. Ўзбекистон ҳали бу протоколга қўшилмаган ва айни пайтда жорий қилинган миллий превентив тизими протокол ҳали қабул қилинмаган бўлса-да, ушбу тизим мамлакатда апробациядан ўтказилаётгани, натижаларга қараб, факультатив протокол алоҳида қонун сифатида имзоланиши мумкинлиги таъкидланди.

Мавзуга оид