Жамият | 15:00 / 24.05.2019
7653
1 дақиқада ўқилади

Янги турар жойларга навбатларнинг шаффофлигини ошириш таклиф этилди

Фото: KUN.UZ

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида янги турар жойларга навбатларнинг шаффофлигини таъминлаш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар фуқароларнинг давлатга бўлган ишончини янада ошишига хизмат қилмоқда.

“Ислоҳот ва ўзгаришлар қилиниши лозим бўлган яна бир масала, бу ҳам бўлса уй-жойга навбатларнинг шаффофлиги билан боғлиқ масаладир. Ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида ёш оилалар, аҳолининг турли қатламлари учун янги турар жой комплекслари барпо этилмоқда. Ана ўша уй-жойларга навбатларнинг шаффофлиги таъминланмаган. Натижада навбатларнинг сунъий ўзгариши, ортиқча оворагарчиликлар, ҳокимият биноларига қатнаб асабийлашиш каби ҳолатлар барчанинг дилини хира қилмоқда”, - деб ёзади мурожаат муаллифи.

Шу сабабли, маҳаллий ҳокимият - туман ва шаҳар ҳокимликлари расмий веб-сайтларида янги турар жойларга навбатларни электрон тарзда кузатиш имконини берадиган онлайн платформани ташкил этиш таклиф қилинган.

Мавзуга оид