Адвокат: Ўзимизни худди юриспруденциянинг “ўгай фарзандидай” ҳис қиламиз
ДХХ вакили адвокатлар амалиётда жиноятчининг дахлсизлик ҳуқуқига эга жиноий шеригига айланиб қолаётгани ҳақида фикр билдирганди. Адвокат Раззоқ Алтиев Kun.uz мухбири билан суҳбатда бу фикрга муносабат билдирди.
Раззоқ Алтиев давлат мансабдорларидан бундай фикрларни эшитиш адвокатларга жуда оғир таъсир қилишини таъкидлади.
“Биз ўзимизни худди юриспруденциянинг ўгай фарзандидай ҳис қиламиз. Ўша нутқни эшитганимизда ҳам ранжидик”, – дейди у.
Адвокатнинг айтишича, айбдор шахсга нисбатан айблов позицияси юритилаётганида ҳам унинг ҳимояланиш ҳуқуқи қонун билан кафолатланган.
“Биринчидан, ҳимоя ҳуқуқи – бу конституциявий ҳуқуқ ҳисобланади. Иккинчидан, шахс ўзининг ҳимояси учун зарур бўлган ва ҳеч кимга айтмаган ҳолатни ойдин қилиб адвокатга айтади ва бу адвокатлик сири ҳисобланади. Адвокатлик сири қонун билан ҳимояланади. Ҳар бир фуқарода ўз сирига эга бўлиш ҳуқуқи бор. Қачонки унга нисбатан айблов эълон қилинганда, унинг шахсий сирларини адвокат сақлайди. Агар биз ҳимоя илинжида бизга мурожаат қилган шахснинг сирларини ва унинг айблилигига дахлдор маълумотларни оммага ёки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ошкор қилсак, бизга ким ишонади?
Биз табиий ҳуқуқларга эгамиз. Инсон мукаммал яратилмаган ва хато қилиш табиатига эга. Ҳаммамиз хато қиламиз. Қайсидир ҳолларда бизнинг хатомиз ижтимоий хавфли бўлиб қолиши мумкин. Айрим ҳолларда ўша қилмиш жиноят эканини билмаслигимиз мумкин.
Ёки (ҳимоям остидаги шахс) қандайдир маслаҳат солади – терговга номаълум, лекин жиноят аломатларига эга қайсидир қилмишини ўзи айтиши мумкин. Лекин бундай ҳолатларни айтишга бизнинг ҳаққимиз йўқ. Адвокатура институтининг моҳияти шунда.
Ҳар бир шахснинг ҳимояланиш ҳуқуқи Конституцияда кафолатланган.
Шундай ҳолатлар бўладики, ҳатто шахснинг яқин қариндошлари унинг уйига келмайди, хабар олмайди. Жараёндан қўрқади: “Ҳозир борсам, мениям жавобгар қилиб қўйишади”, дейди. Ўша жараёнда ким унинг ёнида туради? Адвокат туради”, – дейди Раззоқ Алтиев.
Аввалроқ, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва адвокатура соҳаси вакиллари иштирокидаги йиғилишда ДХХ расмийси амалиётда адвокат жиноятчининг дахлсизлик ҳуқуқига эга жиноий шеригига айланиб қолаётганини айтганди ва бу фикр адвокатларда норозилик уйғотганди.
Мавзуга оид
13:00 / 13.09.2024
Навалнийнинг адвокатлари устидан маҳкама ёпиқ эшиклар ортида ўтади
13:43 / 10.09.2024
Тошкентда 2 нафар адвокат ва юрист қўлга олинди
14:00 / 25.07.2024
“Абитуриентларга ҳуқуқ фанидан тушган саволлар ишчи гуруҳ тузиб ўрганиб чиқилади” — ТДЮУ ректори
11:23 / 18.07.2024