Ўзбекистон | 14:38 / 12.06.2020
76838
2 дақиқада ўқилади

15 июндан бошлаб фаолияти тикланаётган буюм бозорларида савдо қай тарзда йўлга қўйилиши маълум қилинди

2020 йил 15 июндан бошлаб «яшил» ва «сариқ» ҳудудларда буюм бозорлари фаолиятига рухсат берилмоқда. Соғлиқни сақлаш вазирлиги санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ботир Қурбонов 12 июнь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда буюм бозорларида савдо-сотиқ қай тарзда йўлга қўйилиши ҳақида маълумот берди.

«Буюм бозорларида эпидемиологик барқарорликни таъминлаш ва касалликни кенг тарқалишини олдини олиш учун барча зарурий профилактик чоралар кўрилади. Жумладан, буюм бозорлари хар куни иш бошлашидан олдин ва иш вақти тугаганидан сўнг дезинфекция қилиниши, уларнинг кириш-чиқиш жойларини пирометрлар, антисептик воситалар ва дезинфекцион “тўшак”лар билан жиҳозланиши асосий талаблардан биридир.

Шунингдек, буюм бозорларининг ҳар бирида алоҳида-алоҳида дўконларнинг бўлиши ва уларда оралиқ масофани, яъни сотувчи ва харидор ўртасида масофани сақлаган ҳолда савдо қилиниши, бу жараёнда ҳамма тиббий ниқоб ва қўлқопларда бўлиши, қўлларини тез-тез зарарсизлантириб туриши талаб этилади.

Шу билан бирга масъуллар дўконга киришдан олдин ҳар бир фуқаронинг тана ҳароратини ўлчаб, тана ҳарорати 37 даража ва ундан юқори бўлган, инфекция аломатлари мавжуд бўлган ҳамда тиббий ниқобсиз юрган шахсларни буюм бозорлари ҳудудига киритмаслик (ушбу фуқароларни алоҳидалаш ва 103 рақами орқали тез тиббий ёрдамга мурожаат этиш) чораларини кўришлари лозим.

Бундан ташқари, кичик дўконларга бир нечта харидорнинг зич бўлиб кириб олишига йўл қўйилмаслиги керак. Бунда ҳар бир дўконнинг майдонидан келиб чиққан ҳолда 2 метрлик ижтимоий масофани сақлаган ҳолда харидорлар киритилиши, меъёрдан ортиқлари ташқарида оралиқ масофани сақлаган ҳолда кутиб туришлари талаб этилади», дея Ботир Қурбоновнингсўзларини келтирмоқда Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид