Жаҳон | 17:16 / 01.06.2026
1904
1 дақиқада ўқилади

Малтадаги пиротехника заводида кучли портлаш рўй берди

1 июн тонгида Малтанинг Салина бухтаси ҳудудидаги Lourdes Fireworks Factory заводида кучли портлаш рўй берди. Воқеа жойида кўтарилган тутун устуни шаҳар ташқарисидаги қишлоқлардан ҳам кўринган.

Times of Malta нашри маълумотига кўра, ҳодиса оқибатида уч киши яраланиб, шифохонага ётқизилган – шундан икки нафари бу вақтда завод атрофидаги далада ишлаётган 47 ва 67 ёшдаги фермерлар, яна бири завод яқинидан ўтиб кетаётган курьер бўлган.

Завод ходимлари орасида жабрланувчилар борлиги ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.

Портлаш яқин атрофдаги уйлар ва автомобилларга зарар етказган. Асосий портлашдан кейин кичик детонациялар рўй бериб, маҳаллий аҳоли хавфли ҳудуддан эвакуация қилинган. Фермер хўжаликлари сезиларли даражада зарар кўрган, хусусан, чорва моллари нобуд бўлган.

2018 йилда ҳам ушбу заводда портлаш рўй берган, ўшанда икки киши жиддий тан жароҳати олганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид