Жамият | 15:54 / 01.12.2020
12146
11 дақиқада ўқилади

Ургутдаги йўл носозлиги одамлар ўлимига сабаб бўлмоқда. Йўл қачон таъмирланади?

Йўллар ҳар бир давлатнинг қон томирлари ҳисобланади. Уларнинг мамлакат тараққиёти ва ривожланиши учун аҳамияти беқиёс. Назаримизда шуни мамлакатимиздаги йўлсозлар, йўл қурилиши ва таъмирланишини молиялаштирадиган ташкилотлар мутасаддилари тушуниб етмаяпти. Акс ҳолда, бугун республикадаги барча йўллар равон бўлар, одамлар носоз йўлларда сарсон юрмасди.

Мамлакатдаги барча йўлларни сифатли кўринишга келтириш, уларни жаҳон андозаси даражасида таъмирлаш ва янги йўлларни қуриш осон иш эмас. Бунинг учун жуда катта маблағ керак бўлади. Шу туфайли аксарият ҳолларда таъмирталаб йўлларнинг муаммоси ҳақида гап кетганда йўлсозлар маблағ тақчиллигини сабаб қилиб кўрсатишади. Гап маблағ тақчиллигига бориб тақалар экан, унда йўлларни хусусийлаштиришдан ёки хорижий инвесторлар билан ҳамкорликда ҳозир мавжуд бўлган йўлларга муқобил тарзда пуллик йўллар қуришдан бизни нима қайтариб турибди?

Албатта, «пуллик йўллар» деганда кимлардир «энди йўлга ҳам пул тўлаб юрамизми?» деб ажабланиши, кимларгадир йўлларда пул тўлаб ҳаракатланиш эриш туюлиши ёки ёқмаслиги мумкин. Аммо бир нарсани тушуниб етишимиз керак, бугун оддий одамларга автомобил сотиб олиш ҳам, сифатсиз ва носоз йўлларда юриш оқибатида ишдан чиққан эҳтиёт қисмларни «фалон пулга» алмаштириш ҳам осон бўлмаяпти.

Қолаверса, носоз йўллар туфайли фожиалар юз бериб, одамлар ҳалок бўлмоқда. Кимдир соғлигини йўқотиб, бир умрга ногирон бўлиб қолмоқда. Бундан ташқари, носоз йўлларда ҳаракатланиш ҳайдовчиларнинг асабини емириб юборади. Бир сўз билан айтганда, сифатсиз ва носоз йўллар ҳайдовчилар учун ҳам, йўловчилар учун ҳам шунчаки умр заволи.

1-ҳодиса. 2020 йилнинг 23 октябр куни «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут тумани «Аълохотин» маҳалласидан ўтувчи қисмида йўл транспорт ҳодисаси рўй беради. 24 ёшли йигит «Damas» автомашинасини бошқариб бораётиб мотоциклда ҳаракатланиб кетаётган, шу туманнинг «Алгар» маҳалласида яшовчи 61 ёшли эркак кишини уриб юборади. Оқибатда мотоциклчи оғир жароҳат олиб, туман тиббиёт бирлашмасида вафот этади. Қайд этилишича, мазкур ЙТҲга йўл носозлиги сабаб бўлган.

2-ҳодиса. 2020 йилнинг 18 сентябр куни, кеч соат 20:30ларда «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут туман «Аълохотин» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи қисмида ЙТҲ содир бўлади. Туманнинг «Юқори тегана» маҳалласида яшовчи 21 ёшли йигит ўзи бошқарувидаги «ВАЗ 2106» автомашинаси билан велосипедда ҳаракатланиб кетаётган синфдошини уриб юборади. Оқибатда велосипеддаги йигит оғир тан жароҳати олиб вафот этади.

3-ҳодиса. 2020 йил 18 май куни «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг «Аълохотин» маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида яна бир йўл транспорт ҳодисаси содир бўлади. Шу куни соат 22:30 атрофида «Cobalt» русумли автомашина ҳайдовчиси пиёдани уриб юбориб, жабрланувчига ёрдам бермай, воқеа жойидан қочиб кетади. Тан жароҳати олган пиёда туман тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимига ётқизилади.

Юқорида тафсилотлари келтирилган учта ЙТҲнинг иккитасида ўлим ҳолати юз берган. Биттасида жабрланувчи оғир тан жароҳати олган. Шу ўринда савол туғилади: Нега «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг «Аълохотин» маҳалласи ҳудудидан ўтган қисмида тез-тез одам ўлимига сабаб бўлаётган ЙТҲ содир бўляпти?

Юқорида гапни бежиз йўлларнинг сифати ҳақидаги гап билан бошламадик. Бугунги кунда мамлакатимизда содир бўлаётган йўл транспорт ҳодисаларининг маълум бир қисми айнан сифатсиз ва носоз йўллар туфайлидир. Юқоридаги уч ҳолатнинг биттасида ЙТҲ айнан йўлнинг носозлиги туфайли келиб чиққани расман қайд этилган. Катта эҳтимол билан қолган иккита ЙТҲ ҳам айнан носоз йўл сабабли содир бўлган бўлса ажабмас. Бундай тахминга келишимизга ҳам етарлича сабаблар бор.

Гап шундаки, юқорида тафсилотлари келтирилган йўл транспорт ҳодисалари рўй берган «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг нафақат «Аълохотин» маҳалласидан ўтган қисми, балки Ургут туман йўлсозлари тасарруфидаги Ургут-Жумабозор қисмида ҳам йўлнинг ҳолати жуда аянчли аҳволда қоляпти.

Мазкур ҳудудда яшовчи аҳоли вакилларининг айтишича, йўлнинг бу ҳолатга келишида Ургут туман йўл бўлимининг ҳам «ҳиссаси» бор. Жорий йил март ойигача мазкур йўл бироз таъмирталаб бўлса ҳам, ҳолати унча ёмон бўлмаган. Ўшанда Ургут туман йўлсозлари бу йўлнинг ўзларига тегишли бўлган Ургут-Жумабозор қисмини таъмирлаш учун иш бошлаган ва носоз қисмларда йўлнинг устки қисмидаги эски асфальт кўчириб олинган.

Шундан сўнг, Ургут шаҳрининг чиқиш жойидан бошлаб йўлнинг бироз қисмини асфальт қилишган. Қолган қисми эса «туя гўштини еб» қолиб кетган. Ўшандан буён мазкур йўл ҳаракатланувчилар учун анча хавфли кўриниш олган. Юқоридаги учта ҳолат бунга далил.

Аҳоли вакиллари таъмирлаш ишлари ташлаб қўйилгани туфайли ҳайдовчилар мазкур йўлдаги чуқурлар ва носоз жойларни айланиб ўтишга уринаётганини билдиришди. Оқибатда улар йўл четига чиқиб кетяпти ва пиёдалар ҳамда велосипедда ҳаракатланувчиларнинг ҳаётига хавф солиняпти. Бу йўлда айниқса куннинг қоронғи пайтида ҳаракатланиш барча учун бирдай хавфли бўлмоқда.

«Агар асфальт қилмас экан, унда нега йўлнинг устки қаватини ўйиб олади?» деб эътироз билдиришди шу ерда яшовчилар.

Аҳоли вакилларининг маълум қилишича, баҳордан буён бу йўлда кўплаб хавфли ҳолатлар, шунингдек, енгилроқ даражадаги ЙТҲ тез-тез рўй бериб туради. Уларнинг аксариятида зарар унча катта бўлмагани ва ҳеч ким тан жароҳати олмагани учун томонлар ЙҲХБга мурожаат қилмай, ўзаро келишиб кетишади. Шу учун ҳам бу йўлда содир бўлган енгилроқ ЙТҲнинг аксарияти ЙҲХБ қайдларида йўқ.

Биз билан суҳбатлашган ҳайдовчиларнинг аксарияти бугун «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут-Жумабозор қисмида ҳаракатланиш жуда қийин бўлаётганини, йўллардаги носоз жойлар автомобилларга жиддий шикаст етказаётганини маълум қилишди.

Мазкур йўл таъмири нега ташлаб қўйилгани юзасидан изоҳ олиш учун Ургут туман йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси раҳбари Эшмаҳмад Облоёров билан боғландик. Ундан «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлининг Ургут тумани ҳудудидаги Ургут-Жумабозор қисмида таъмирлаш ишлари баҳордан бери нега тўхтаб қолаётгани ҳақида сўрадик. У «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўли республика аҳамиятига эга йўл ҳисобланиши, мазкур йўлнинг Ургут-Жумабозор қисмида таъмирлаш ишлари тўхтатиб қўйилганига маблағ етишмовчилиги сабаб бўлгани, йўл таъмири учун пул ажратилиши кечикаётганини айтиб ўтди. Агар тегишли ташкилотлар маблағ ўтказиб берса, йўлда таъмирлаш ишлари давом эттирилади.

У йўл учун етарли маблағ ажратилмаган бўлса-да, йўлнинг устки қисмидаги эски асфальт кўчириб олинганига ҳам изоҳ берди. Унинг айтишича, йил бошида вилоят ҳокимлиги томонидан йўлсозларга «Тойлоқ – Ургут 4Р50» автомобил йўлида таъмирлаш ишларини бошлаш буйруғи берилган ҳамда тез орада маблағ ўтказилиши билдирилган. Шундан сўнг Ургут туман йўллардан фойдаланиш корхонаси мазкур йўлда жами 47 минг квадрат ўлчамдаги асфальтнинг устки қатламини кўчириб олган. Лекин ишни давом эттириш учун маблағ берилмаган.

Эшмаҳмад Облоёровнинг билдиришича, корхона ўзига берилган 500 миллион сўм маблағ ҳисобидан йўлнинг Ургут шаҳридан бошланган қисмида носоз жойларга асфальт ётқизган. Маблағ тугагандан сўнг йўлнинг қолган қисми ўз ҳолида қолиб кетган.

Облоёровнинг қўшимча қилишича, бугунги кунда Ургут туман йўллардан фойдаланиш корхонаси ва Самарқанд вилоят йўллардан фойдаланиш бошқармаси раҳбарияти биринчи навбатда «Тойлоқ – Ургут 4Р50» йўлининг Ургут-Жумабозор участкасини таъмирлаш чораларини изламоқда. Бошқарма ҳисобига маблағ келиб тушгач, биринчи навбатда шу йўл таъмирланиши режалаштирилган.

Ургут тумани аҳолиси мамлакатимизнинг бошқа ҳудудларига чиқишда асосан «Тойлоқ – Ургут 4Р50» йўлидан фойдаланади. Ҳозирда ушбу йўлнинг ҳолати жуда ачинарли аҳволга тушган. Айниқса, кузда 1-2 марта ёққан ёмғир ва яқинда ёққан қордан сўнг йўлнинг ҳолати янада ёмонлашган. Агар йўл ҳозирги ҳолатда кейинги йил баҳоргача қолиб кетса, у ерда яна ЙТҲ рўй бериши ва ҳатто одамлар ҳалок бўлиши мумкин.

Яна бир масала. Мабодо, агар шу йўл таъмирланадиган бўлса, унда куз ва қишнинг ёғин-сочинли кунларида, ҳаво совиб кетганда ётқизилган асфальт кўпга чидармикин? Зеро, мана шундай қиш-қировли кунларда ётқизилган асфальт бир йилга ҳам етмай яна таъмирталаб аҳволга тушганини ҳам гувоҳи бўлганмиз.

Юқоридаги муаммо юзасидан ўрганиш ишлари олиб бораётганимизда, Ургут шаҳри Навоий шоҳ кўчасининг бир қисми ҳам ўта абгор аҳволда эканига гувоҳ бўлдик. Бу ерда ҳам йўлнинг ярми асфальт қилинган, ярми эса устки қатлами кўчириб олинган ҳолатда турибди. Ҳайдовчиларнинг айтишича, йўлсозлар бу йўлнинг устки қатламини ўтган йил кўчириб олган ва унинг бир қисмига асфальт ётқизган, қолган қисми эса қолиб кетган. Шундан сўнг, мазкур йўлнинг ҳолати ҳам жуда ёмонлашган.

Юқорида ҳам ёздик, бугунги кунда Ургут туманининг аксар аҳолиси бошқа ҳудудларга чиқишда мазкур йўлдан фойдаланади. Қолаверса, Ургутда фаолият олиб бораётган кўплаб тадбиркорлар ўз корхонасига келтираётган хомашёни ва ўзи тайёрлаган тайёр маҳсулотни шу йўл орқали ташийди. Бундан ташқари, Ургутдаги катта буюм бозорига бошқа туманлардан ва вилоятлардан келаётган харидорлар ҳам асосан шу йўлдан юради. Шундай экан, бугун мутлақо талабларга жавоб бермай қолган йўлнинг Ургут-Жумабозор қисми ҳам, Тойлоқ туманида ҳудудида жойлашган қолган қисми ҳам жиддий таъмирлашга ва кенгайтиришга муҳтож. Ушбу йўлни шунчаки таъмирлаб қўя олмаётганлар келажакда уни қандай қилиб кенгайтиришади, буниси ҳозирча номаълум.

Ғайрат Йўлдош, Kun.uz мухбири

Мавзуга оид