Жамият | 17:46 / 09.07.2019
19688
3 дақиқада ўқилади

«Биз қураверамиз, ҳоким қарори кейин келади» – сартепаликлар «бурнининг тагида»ги қурилишдан норози

Таҳририятга Самарқанд шаҳар Сартепа масканида яшовчи бир гуруҳ фуқаролар мурожаат қилишди. Кўп қаватли уйларда яшовчи бу фуқаролар уйларининг олдидаги қурилишдан норози бўлишмоқда. Мурожаатчиларга бу қурилиш қайси ҳужжатга асосан бўлаётганини кўрсатишганида, улар ҳайрон қолишган. Чунки тақдим этилган ҳужжатда (Самарқанд шаҳар ҳокими қарори) қурилишни Сартепа масканидаги 180-уй ва МТМ ўртасида бошлашга рухсат берилган. Қурилиш эса 180-уй эмас, 18-«А» уй биқинида бошланган эди.

Хуллас, ҳозирда дорихона қурилиши олиб борилаётган ер кўп қаватли уйда яшовчиларнинг маърака-маросимларини ўтказадиган бўш жой бўлган. Дарахтлар соя қилиб турган бу ердан кўп қаватли уйларда яшайдиган оилалар фарзандлари болалар майдончаси сифатида фойдаланишган. Ажойиб кунларнинг бирида йўқ жойдан қурувчилар келган ва ўша қурилишни бошлаган.

Табиийки, маҳаллий аҳоли вакиллари улардан ҳужжат талаб қилишган. Қурувчилар эса қуйидаги ҳужжатни тақдим этишган. 

Кўриб турганингиздек дорихонаси «снос»га тушган тадбиркорга Сартепадаги 180-уй ва МТМ ўртасидан қурилиш учун ер ажратилган. Улар эса 18-«А» уй ва МТМ ўртасида қурилишни бошлашган. Ваҳоланки бу икки манзил бир-биридан анча узоқ масофада жойлашган. Маҳаллий аҳолининг тахминича, тадбиркорга ҳокимлик ажратган ер ёқмаган ва у 18-«А» уй олдида ҳеч қандай ҳуқуқий асоссиз қурилишни бошлаган.

Мурожаатчилар қурувчидан нега рухсат берилмаган ерга қурилиш қилаётгани ҳақида сўрашганида, улар ҳоким қарорини 12 кун ичида ўзгартириб келишларини иддао қилишган. Лекин қурилиш ўша қарор ўзгарганидан кейин бошланмайдими? Бундан ташқари атрофдаги одамларнинг ҳаммаси норози бўлиб турган вақтда нега қурилишга рухсат берилади? Бу масалада шу ерлик аҳолининг розилиги олинмайдими?

Биз юқорида илова қилган қарор 2017 йил чиқарилган ва ундан кейин Самарқанд шаҳрида икки марта ҳоким ўзгарди. Самарқанд шаҳар ҳокимлигидаги масъулларга юқоридаги қарорнинг ўзгартирилиши борасидаги маълумотни тасдиқлай олишадими ёки йўқлигини сўраб мурожаат қилганимизда, ҳокимиятда бундан бехабарликларини айтиб, айни дамда қурувчининг иши ноқонуний эканини маълум қилишди. Бироқ фуқаролар бу борада ҳокимликка мурожаат қилишганида самара бўлмаган. Қурилиш ҳамон давом этмоқда.

Kun.uz’га ишонч билдириб, уни ўз фикрини айтиш учун минбар сифатида танлаган фуқароларнинг мурожаатини ўрганиб, ўқувчиларга етказдик. Умид қиламиз, маҳаллий ҳокимлик одамларни норози қилаётган бу ҳолатни ижобий ҳал қилади.

Ўткир Жалолхонов тайёрлади

Ўткир Жалолхонов
Тайёрлаган Ўткир Жалолхонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид