Ўзбекистон | 19:36 / 13.02.2026
6777
4 дақиқада ўқилади

Тошкент бош режаси баҳорда ўзгартирилиши мумкин – Murad Buildings

Тошкент шаҳри бош режаси тасдиқланганидан 1,5 йил ўтар-ўтмас ўзгариши мумкин. Murad Buildings компанияси операцион директори Вячеслав Кривошеев бу ўзгариш баҳорда бўлишини кутаётганини айтди. Унинг сўзларига кўра, пойтахтдаги ер бозорининг “мутлақо спекулятив” характери ўзгариб, охирги бир йил ичида “бирмунча маданийлашган” ҳолатга келган.

Фото: Евгений Сорочин / Spot

Тошкент шаҳрининг 2045 йилгача мўлжалланган бош режасига шу йил баҳорда ўзгариш киритилиши мумкин. Бу ҳақда Murad Buildings операцион директори Вячеслав Кривошеев маълум қилди, дея хабар бермоқда Spot.

Тошкентда ўтаётган Move Real Estate Summit саммитида сўз олган Кривошеевга кўра, ҳозир бозорда ер участкасини сотиб олиш тартиби “бирмунча маданийлашган”. Бир йил олдин бозор “мутлақо спекулятив” ҳолатда, “ҳаётдан ва иқтисодиётдан узилиб қолган” эди.

Хусусан, катта ер эгалари ерларни шунақанги нархда сотардики, бу нархларни молиявий моделларга сиғдириб бўлмасди, бу эса маблағ етишмаслиги ва лойиҳаларнинг тўхтаб қолишига олиб келарди.

“Кимдир иқтисодий ҳисоб-китобни нотўғри қилиб, таваккалига лойиҳа бошлар, лекин уни амалга оширишга улгурмасди”, дейди Murad Buildings топ-менежери.

Вячеслав Кривошеевнинг сўзларига кўра, ер бозорида иккита асосий йўналиш шаклланган: пойтахтда реновация (brownfield) ва Янги Тошкентда нолдан қурилиш (greenfield). Ерларни асосан давлатдан – Янги Тошкент дирекцияси, Tashkent Invest компанияси ва Давлат активларини бошқариш агентлиги орқали харид қилиш мумкин.

Шу билан бирга, шаҳарда хусусий ер эгалари ҳам йўқ эмас, лекин Тошкент бош режасининг тасдиқланиши вазиятни кескин ўзгартирган: ҳужжатда қурилиш қаватлари асосан 5−8 қават қилиб чеклаб қўйилган, камдан-кам ҳолларда эса 9 қаватга рухсат берилган. Лойиҳалар иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлаши учун бу участкаларда премиум обектларни қуриш керак, буни эса ҳар доим ҳам уддалаб бўлмайди, дейди Кривошеев.

“Баъзи одамлар бор, ўзини воситачи деб атаб, қаватлар сони масаласини ҳал қилиб бериши ёки бош режага ўзгартириш кирита олашини айтади. Уларга ишонмаслик керак. Лойиҳаларни ва бош режага киритилиши мумкин бўлган ўзгартиришларни кўриб чиқадиган маълум комиссиялар бор. Бундай лойиҳалар жуда кам. Улар айнан шу баҳорда эълон қилинади – биз бу қарор чиқишини кутмоқдамиз. Келажакда бош режага ўзгартириш киритиш жуда мушкул бўлади”, – дея таъкидлади қурувчи компания вакили.

Kun.uz бош режанинг ўзгариши масаласида Қурилиш вазирлиги билан боғланди. Вазирлик матбуот хизмати бу жараёнлардан бехабарлиги, тафсилотлар кейинроқ очиқланишини маълум қилди.

Тошкент шаҳрининг 20 йиллик бош режаси 2024 йил декабр ойида тасдиқланган эди. Лекин орадан бир неча ой ўтиб, бош режани ўзгартириш устида иш бошлангани маълум бўлди.

2025 йил декабр ойида қурилиш вазири Шерзод Ҳидоятов бош режани ўзгартириш бўйича қарор лойиҳаси ишлаб чиқилаётганини айтганди. Вазирга кўра, ўзгаришлар бош режа тасдиқлангунга қадар бўлган даврда, яъни 2024 йил декабргача аукционга чиқарилган жойларга тааллуқли бўлади, бу жойларнинг айримлари консервация зонасидан чиқарилиб, қаватлар бўйича чекловлар юмшатилади.

Аввалроқ Kun.uz бош режага зид бўлишига қарамай, илгари сурилаётган йирик қурилиш лойиҳаларидан айримлари ҳақида ёзганди. Улар шаҳарнинг марказий нуқталарига оид бўлиб, бош режада рухсат этилганидан каррасига баланд қилиб лойиҳалаштирилган.

Дилшода Шомирзаева
Муаллиф Дилшода Шомирзаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид